Хоразм ва Жиззах вилоятларида жами 5 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, 13 ноябрь куни соат 19:30 ларда Урганч шаҳридаги хонадонлардан бирида ижара асосида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро Д.С. ва 2007 йилда туғилган Р.Б. хонадонида ўрнатилган қўлбола усулда тайёрланган иситиш қозонидан ажралиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, 15 ноябрь куни соат 08:30 ларда Жиззах вилояти Зарбдор тумани «Янгикент» маҳалласида яшовчи 1959 йилда туғилган А.А., вояга етмаган набиралари — 2008 йилда туғилган О.А. ва 2010 йилда туғилган Ч.Т. яшаш хонадонида қўл бола усулда тайёрланган иситиш мосламадан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Ушбу ҳолат юзасидан Зарбдор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қоракўл туманидаги хонадонларнинг бирида газ чақнаши содир бўлиши оқибатда 2-синф ўқувчиси олган тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этганди.