20 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ижарада яшаб келган қиз ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, 2005 йилда туғилган Г. Т. Қарши шаҳар «Маҳаллот» МФЙ Аҳмад Яссавий кўчасидаги уйда вақтинчалик оғзаки келишувга асосан яшаб келган. Қиз хонадоннинг ҳаммомига ўрнатилган газ печини ёқиб, ювиниш жараёнида газ печидан сизиб чиққан ис газининг кўпайиб кетиши оқибатида заҳарланиб, вафот этган.

Ҳозирда марҳуманинг ўлими сабабларини ўрганиш юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланди. Шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расмий манбаларда эълон қилинган ҳолатларга кўра, 17 ёшли қиз ноябрь ойида ис газидан заҳарланиб вафот этганларнинг олтинчиси бўлди. Аввалроқ Хоразмда ижарада турган икки йигит, орадан икки кун ўтиб Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Бухорода хонадонда газ портлаши оқибатида 2-синф ўқувчиси ҳалок бўлганди.