Бугун, 23 ноябрдан бошлаб, «ТТЗ» — «Машинасозлар» метроси янги экспресс автобус йўналиши ҳаракатланишни бошлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармасининг ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу йўналишда автобус фақат 4 та — «ТТЗ» бозори, «Буюк Ипак йўли» метроси, Шифокорлар малакасини ошириш институти, «Ашхобод» боғи бекатларида тўхтайди ва «Машинасозлар» метросигача ҳаракатланади.

Йўл ҳақи 2500 сўмни ташкил этиб, йўловчиларга 5 та «Mercedes-Benz 5» автобуси хизмат кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига мувофиқ, йил якунигача яна 25 та ўтириш ва 31 та туриш ўрнига эга бўлган 85 дона SAZ LE-60 ўрта сиғимли автобуслар ҳам олиб келиниши режа қилинган. Улар жорий йилда харид қилинган шу русумдаги 115 дона автобусларга қўшилади.

Ютонг русумидаги 20 дона электробусдан иборат паркка жорий йилда янги электробуслар қўшилмайди, улар келгуси йилда олиб келинади.