21 ноябрь куни Индонезиянинг Ява оролида бўлган кучли зилзила сабаб 162 киши ҳалок бўлди ва юзлаб одамлар жароҳатланди — қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни қидирмоқда. 5,6 магнитудали зилзила эпицентри пойтахт Жакартадан 75 км (45 миль) жануби-шарқда жойлашган Ғарбий Ява тоғидаги Cианжур шаҳри яқинида бўлган. Минтақада 2,5 млндан ортиқ аҳоли яшайди.

Aljazeera нашрининг ёзишича, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги давлат мактаблари ўқувчилари бўлган. Зилзила бўлганда улар кунлик дарсларини тугатиб, бир қатор ислом мактабларида қўшимча дарс олаётганди.

Зилзила оқибатида Cианжур шаҳридаги қулаб тушган мактаб биноси. Фото: Reuters

Ғарбий Ява губернатори Ридван Комил уйлари катта зарар кўрган 13 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинганини, шунингдек, ўзинининг Instagram`даги саҳифасида яна 326 киши жароҳатланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, зилзила 2 200 дан ортиқ уйга зарар етказган.

BBC хабарига кўра, Cианжур шаҳри маъмурияти бошлиғи Ҳерман Суҳерман тез ёрдам машиналари қишлоқлардан касалхонага келишда давом этаётгани, у ерда эвакуация қилинмаган оилалар кўплигини аётган.

Душанбага ўтар кечаси Ридван Комил Twitter`да ҳудудга тўлиқ қувват берилиши учун уч кунгача вақт кетиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Унинг қўшимча қилишича, мобил телефонларни қабул қилиш даражаси пастлигича қолмоқда ва амалдорлар учун «кўп муаммоларни» келтириб чиқармоқда.

Воқеадан вафот этганлар сони яна ортиши мумкин, бироқ янги ҳисоб-китоблар ҳозирча мавжуд эмас. Cианжур шаҳри аҳолиси асосан бир-икки қаватли биноларда ва атрофдаги қишлоқ аҳолиси эса кичикроқ уйларда истиқомад қилади.

Маълумотларга кўра, Cианжур ҳукумати вакили Ҳерман Суҳерман зилзиладан кейин шаҳардаги Саянг касалхонасида электр энергияси йўқлиги, шифокорлар жабрланганларни операция қила олмаганини таъкидлаган.

Тахминан 51 та таълим муассасаси, жумладан 30 та бошланғич мактаб ва ислом мактаб-интернати зарар кўрди. Ўнлаб бинолар вайрон бўлди.

Шунингдек, зилзила Катта Жакарта ҳудудида ҳам сезилди. Пойтахтдаги кўп қаватли уйлар чайқалди, баъзиларида эвакуация ишлари олиб борилди.

BMKG об-ҳаво ва геофизика агентлиги раҳбари Двикорита Карнавати одамларга ерости силкинишлари юз берганда очиқ ҳавода қолишни маслаҳат берди.

«Биз одамларни ҳозирча бинолардан ташқарида қолишга чақирамиз, чунки потенциал зилзилалар бўлиши мумкин», — деди у.

Зилзиладан кейинги икки соат ичида 25 та ер силкиниши қайд этилган, BMKG`нинг хабар беришича, агар кучли ёмғир кузатилса, кўчки хавфи ҳам борлигини қўшимча қилди.