Таэквондо WТ бўйича Мексикадаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси жами 4 та медалга эга чиқди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

+73 кг вазн тоифасида жанг олиб борган Светлана Осипова олтин медални қўлга киритди.

Светлана Осипова. Фото: МОҚ

-63 кг вазнлилар орасида Нияз Пулатов кумуш медаль олди. У Озарбайжон, Миср, Эрон, Хорватия ва Испания вакилларини мағлуб этиб, финалгача етиб келди. Бироқ ҳал қилувчи жангда хитойлик Лианг Юшуаига имкониятни бой берди.

Чапда Нияз Пулатов. Фото: МОҚ

Бронза медалига (-87 кг) Никита Рафалович ва (-62 кг) Феруза Содиқова сазовор бўлди. Бу Никита Рафаловичга жаҳон чемпионатларидаги учинчи, Феруза Содиқова учун биринчи медаль бўлди. Бунгача Никитанинг ҳисобида иккита кумуш медали ҳам бор эди. Мазкур медаль Рафалович учун янги вазн тоифасида дастлабкиси ҳисобланади. Бунгача икки кумушни -74 кг вазн тоифасида қўлга киритган. Ушбу муваффақият билан ҳар икки спортчимиз Париж-2024 Олимпиадаси йўлида ўз ҳисобларига 50.40 рейтинг очкосини қўшиб қўйишмоқда.

Никита Рафалович 3-ўрин соҳиби. Фото: МОҚ

Амир Тўраев (-58 кг) ҳамда Зуҳра Тожиматова (-46 кг) 1/32 финалда мағлубиятга учради. Жаҳонгир Худойбердиев (-54 кг) 1/16 ҳамда Саодат Алиева (-73 кг) эса 1/32 финал босқичигача етиб борди. Олимпиада чемпиони бўлган Улуғбек Рашитов (-68 кг) ҳамда Зарнигор Ҳусниддинова (-49 кг) ҳам совриндорлар қаторидан жой ололмади.