Якшанба куни Қозоғистондаги навбатдан ташқари президент сайловларида иштирок этганлар Остона шаҳри вақти билан соат 22:00 да 69,43 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси хабар берди. Овоз бериш жараёнларида 11,953 млн сайловчидан 8,299 млн нафари қатнашди.

Участкаларида сайлов пойтахт вақти билан соат 7:00 да (айримларида эса — 6:00 да) бошланиб, вақт оралиғида 1 соатгача фарқ қилган бешта ҳудуддан ташқари қолган жойларда жараён 20:00 да тугади.

Фото: Қозоғистон МСК.

Сайловчиларнинг иштироки бўйича энг юқори кўрсаткич Жетису вилоятида — 81,42%, энг паст кўрсаткич эса — мамлакатнинг эски пойтахти ва энг кўп аҳоли яшайдиган Олмаота шаҳрида бўлди — 28,72% сайловчи овоз беришга келишган. Остонада эса қатнашиш кўрсаткичи — 48,6% ни қайд этди, Чимкентда эса — 59,79%. Бошқа ҳудудларда эса ушуб кўрсаткич 67−81% атрофида бўлди.

Фото: Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси.

«Газета.uz»га Қозоғистон элчихонаси маълум қилишича, дипломатик корпус биносидаги сайлов участкасида овоз беришда қатнашиш — 96,1% ни ташкил этди, рўйхатга олинган 621 сайловчидан 591 нафари келди.

Ҳозир Қозоғистон ҳудудидан ташқари айрим сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда. Жумладан, энг сўнгги бўлиб, 21 октябрь куни Остона вақти билан соат 9:00 да Сан-Францискодаги элчихонада ташкил этилган участка ёпилади.

Айни вақтда Остонада бўлиб турган «Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоровнинг маълум қилишича, сайловнинг дастлабки натижалари душанба куни тушга қадар эълон қилинади.

Аввалроқ Қозоғистондаги президент сайловлари қандай ўзгаришлар билан ўтаётгани ҳақида ёзгандик, қолаверса, якшанба куни бир қанча сайлов участкаларидан тайёрланган фоторепортажни эълон қилгандик.