20 ноябрь тонгида Қозоғистон Республикасида навбатдан ташқари президент сайловлари бошланди. Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенконинг сўзларига кўра, сайлов биринчи бўлиб маҳаллий вақт билан соат 4:00 да Токиода бошланди.

Якшанба куни 10 101 та сайлов участкаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 86 таси маҳаллий вақт билан 6:00 да, қолганлари эса 7:00 дан очилди.

Сайлов жараёнларини ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ, ИҲТ ва бошқа ташкилотлардан келган 641 нафар халқаро кузатувчилар, қарийб 50 давлатдан ташриф буюрган ОАВ вакиллари кузатиб боради.

11 млн 950 минг 485 нафар қозоғистонлик сайловчилар рўйхатига киритилган. Сайловчилар умумий сонининг бир фоизи ҳисобга олинган ҳолда, сайлов бюллетенларининг сони 12 млн 69 минг 990 тани ташкил этади.


Сайловчилар 6 нафардан номзод: Каракат Абден, Қасим-Жомарт Тоқаев, Салтанат Турсинбекова, Нурлан Ауесбаев, Жигули Дайрабаев ва Мейрам Кажикендан бирига шунингдек, барчага қарши овоз бериш йўли билан ўзининг фуқаролик позициясини билдириши мумкин.

Бироқ мазкур графани қанча одам танлашидан қатъи назар, президентлик сайловларига таъсир қилмайди. Қозоғистон Конституциясига киритилган сўнгги ўзгартиришларга кўра, ушбу сайловда ғалаба қозонган номзод 7 йил давомида давлатни бошқаради ва иккинчи муддатга қайта сайлана олмайди.

Сайлов участкаларида овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан 21 ноябрь куни соат 9:00 да Сан-Францискода якунланади.

Айни вақтда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб турган «Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоров сайлов участкаларидан фоторепортаж тайёрлади.

«Остона опера» мамлакат опера ва балет театридаги 393-сайлов участкаси


Ўзбекистон ва Қозоғистон сайлов тизимларидаги асосий талаблар бир хил. Мисол учун, ёпиқ тарзда овоз берилади ва бюллетен билан суратга тушиш ва уни тарқатиш мумкин эмас, акс ҳолда у ташвиқот сифатида қаралади, бу эса қонунбузиш демакдир. Бюллетен махсус кабинкада, сайловчи томонидан, агар истисно ҳолатлар бўлмаса, яширин тарзда тўлдирилади. Қаламда ёзиш ёки ўзгартиришлар киритиш тақиқланади, фуқаронинг хоҳишини аниқ ифодаловчи ҳар қандай белгини қўйиш мумкин.

Сайлов участкаларида фуқароларни кутиб олиш учун кўнгиллилар жалб қилинган, айримларида хавфсизлик чоралари ҳам кўрилган.

Ҳарорат -10 даражани кўрсатишига қарамай, эрталабдан асосан ёши катталар келмоқда, кун нисбатан илиқлаши билан оилавий келиб овоз бераётганлар ҳам кўпая бошлади.

Шу қаторда Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари — савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин ҳам ўзининг номзодига овоз берди.

Овоз бериб бўлгач, у журналистларга берган интервюсида мамлакат учун муҳим масала юзасидан ўз фикрини билдирадиган жуда кўп ғамхўр одамларни кўришдан хурсанд эканлигини таъкидлади.

«Бизнинг барчамизни, ҳар бир азаматни (фуқарони — таҳр.) Қозоғистон келажаги учун овоз бераётганимиз бирлаштириб турибди. Ҳозир амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ҳам шунда», деди бош вазир ўринбосари.

Таъкидлаш жоизки, Украинада сайлов участкаси очилмайди. Қозоғистонликлар қўшни давлатлар Молдова ёки Польшага бориб, ўша ердаги сайлов участкаларида овоз беришлари мумкин.

Мазкур сайлов участкасида кузатувчилар ва ОАВ вакиллари учун алоҳида жой ҳозирланган.

Акмола вилояти Целиноград тумани Талапкер қишлоғидаги мактабда жойлашган 685-сайлов участкаси


Қишнинг изғирин совуғига қарамасдан қозоғистон аҳли сайловда анчайин фаолликни кўрсатмоқда.

Бу ердаги участкада эса сайловчиларни мусиқа садолари остида кутиб олишмоқда.

Сайловда ўз номзодига овоз берган одамларнинг ўзаро суҳбатида, мазкур сайлов ростдан ҳам объектив ўтаётганига ишонч туйғулари уфурган фикрларини эшитиш мумкин. Бунга сабаб қилиб, улар номзодлар маъқул келмаган тақдирда барчасига қарши овоз бериш мумкинлигини таъкидлашмоқда.