Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев чоршанба куни муддатидан олдин президентлик сайловини 20 ноябрь куни ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар берди Akorda.kz.

«Ушбу сайловлар бутун сиёсий тизимни тубдан «қайта юклаш»га олиб келадиган сайлов циклини бошлайди. Бу барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, фуқаролар фаровонлиги ва турмуш сифатини ошириш бўйича узоқ муддатли вазифаларни ҳал этишга эътиборимизни янада кучайтириш имконини беради», — деди у халққа мурожаатида.

Давлат раҳбари сайловолди ташвиқотининг қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилишини кафолатлашини таъкидлади. «У адолатли, очиқ, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг кенг иштирокида ўтказилади».

Токаевнинг фикрича, конституциявий ислоҳот натижасида «ҳокимият тармоқлари ўртасида оптимал мувозанат» шаклланган. Унга кўра, давлат «кучли президент — нуфузли парламент — ҳисобдор ҳукумат» тамойилига қатъий амал қилади.

Мажлис ва маслихатларнинг навбатдаги депутатлари янги аралаш тизим — партия рўйхати ва бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланади.

Бундан ташқари, Конституциявий суд ташкил этилмоқда, у 2023 йил январь ойида иш бошлайди.

Эндиликда вилоятлар ҳокимлари муқобиллик асосида сайланади. Конституцияда ер ва унинг ости бойликлари халқники, деган қоида киритилди. Ушбу қоидани амалга ошириш учун Болалар миллий жамғармаси дастури эълон қилинди.

Қасим-Жомарт Токаев конституциявий ислоҳот у давлат раҳбари этиб сайланганидан буён амалга оширилаётган «кенг кўламли сиёсий модернизация дастурининг узвий қисми» эканини таъкидлади.

Мазкур дастур доирасида тинч йиғилишлар ўтказиш учун хабар бериш тамойили жорий этилди. Сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, рўйхатга олиш тўсиқлари камайтирилди. Сайловолди партия рўйхатида ва депутатлик мандатларини тақсимлашда аёллар ва ёшлар учун 30 фоизлик квота жорий этилди.

Бундан ташқари, сиёсий партияларнинг парламентга кириши учун белгиланган чегара 7 фоиздан 5 фоизга туширилди. Сайлов бюллетенларида «ҳаммасига қарши» устуни ҳам пайдо бўлди.

Қишлоқ ҳокимларини бевосита сайлаш механизми ва бошқалар ҳам жорий этилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Қасим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаатида президентлик мандатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз бир муддат 7 йил билан чеклашни ва кузда навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қилди. 2023 йилнинг биринчи ярмида парламент ва маслихатларга муддатидан олдин сайловлар ўтказилади.