Самарқандда фуқарони катта пул эвазига АҚШга юбормоқчи бўлганлар ушланди, дея хабар қилмоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Пайариқ туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган И.Н. маҳаллий фуқарони сохта ҳужжатлар асосида Туркия ва Япония орқали АҚШга юбориш эвазига 40 000 доллари талаб қилиб, дастлабки ҳужжатларни тайёрлаш учун келишилган пулдан 10 000 АҚШ доллари ва унинг хорижий паспортини талаб қилиб олаётган вақтда қўлга олинди.

Фуқаро И.Н. ушбу жиноятни 1994 йилда туғилган таниши, Тойлоқ туманида яшовчи У.А. билан тил бириктирган ҳолда амалга ошираётганлигини маълум қилди.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида фуқароларни АҚШга ноқонуний йўллар билан жўнатишга уриниш бўйича бир қанча ҳолатлар қайд этилган эди.

Хусусан, апрелда АҚШда яшовчи шериги билан Самарқандда яшовчи фуқарони 40 минг доллар эвазига Туркия ва Лотин Америкаси давлатлари орқали АҚШга юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинган.

Январда уч нафар фуқарони 60 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатишга ваъда қилган эркак ушланган.

2021 йил декабр ойида эса Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари икки самарқандликка АҚШга юборишга ваъда бериб, ҳар биридан 30 минг доллардан талаб қилган шахсларни қўлга олган.