Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон фуқароларини АҚШга ноқонуний равишда жўнатишга уриниш бўйича яна бир ҳолатга чек қўйилди, дея хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Самарқанд вилоятида яшовчи Х. Д. (1982 й. т.) АҚШда яшовчи Х. Ж. (1978 й.т.) билан ўзаро келишиб, маҳаллий фуқарони АҚШга айланма йўллар орқали жўнатишни ваъда қилган. Бунинг учун фуқародан 40 минг доллар сўраган. Олиб борилган тезкор тадбир давомида Х. Д. аванс сифатида 5000 долларии олаётган вақтида ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида Самарқандда уч нафар фуқарога уларни 60 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга етказиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олинганди.

2021 йил декабрь ойида ҳам шу вилоятнинг икки фуқароси 2 кишини АҚШга юбориш учун уларнинг ҳар биридан 30 мингдан, жами 60 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 20 минг долларини олган вақтларида ушланганди.