Самарқанд вилоятида яшовчи 48 ёшли С.Д. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига фуқаро Д.А.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, унга ва яна икки фуқаро У.Н. ва Д. Ф.га ҳақ эвазига Мексика орқали АҚШга ўтишни ташкил этишга ваъда берганини маълум қилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, Д. А. ўз хизмати учун 60 минг доллар — ҳар биридан 20 минг доллардан сўраган.

Самарқанд вилояти ИИБ ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 24 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Д.А. Самарқанд шаҳридаги «Зилол Бахт» меҳмонхонаси ёнида аризачидан 60 минг доллар олаётган вақтида ушланган.

Қўлга олинган шахсга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, декабрь охирида икки самарқандликка АҚШга юборишга ваъда бериб, ҳар биридан 30 минг доллардан талаб қилган шахслар ушлангани хабар қилинган эди.