Ижтимоий тармоқларда Афросиёб поезди ниманидир ёки кимнидир уриб кетгани тахмин қилинган хабарлар тарқалди. Транспорт прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, 2022 йил 11 ноябрь куни соат 05:31 да Бухоро — Самарқанд — Тошкент йўналишидаги 765-сонли юқори тезликда ҳаракатланувчи Афросиёб тезюрар йўловчи поезди Зирабулоқ — Каттақўрғон темир йўл бекатлари оралиғининг 3816 кмда темир йўл изида қаровсиз юрган 18 бош қўйни уриб юборган.

Ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қўйларни эгаси ҳамда етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Шунингдек, Самарқанд вилояти Транспортда ХТБ томонидан терговга қадар текширув ишлари бошланган.