Илк маротаба «Заковат» интеллектуал ўйини 2001 йил март ойида экран юзини кўрди. 20 йил давомида ақл ва заковат жангларини миллионлаб телетомошабинлар экран ортидан томоша қилишди.

«Заковат» клуби аъзоси Саодат Умарова кўпчиликнинг севимли билимдонларига айланган «Заковат» юлдузлари Бобур Ёқубов, Фурқат Қурбонов, Азиза Ибрагимова, Жобир Аҳмедов, Умид Валиев ва Хушнудбек Худойбердиевлар билан суҳбатлар уюштирди. Билимдонлар телеўйинга қандай кириб келганлиги, «Заковат»ни нега тарк этмасликлари ва клубга янги авлодни жалб қилиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўз фикрлари билан бўлишишди.

«Заковат» билимдонлари ҳақидаги материалнинг навбатдаги сонида «Газета.uz» клуб билимдони, туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчиси, таржимон Темур Мирзаев билан суҳбатни тақдим этади.

— Суҳбатни асосий соҳангиз — туризм ва «Заковат» телеўйинидаги иштирокингиздан бошласак. Иккиси бир-бирини тўлдирадими ёки аксинча? Яна бир савол: юртимизда туризмни ривожлантиришда илм, заковатнинг ўрни қанчалик муҳим?

Темур Мирзаев. Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги.

— Энг аввал қўшимча саволингизга жавоб берсам. Адабиёт ва илмий асарларнинг деярли бари муаллифларнинг саёҳати ўлароқ тўпланган билимлар ҳосиласи. Геродотнинг «Тарих», Ҳомернинг «Илиада ва Одиссея»си, Имом ал-Бухорийнинг ҳадислар тўплами, Берунийнинг «Ҳиндистон» асари, Амир Темурнинг «Тузуклар»и, Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун»и, Ибн Батута ва Марко Поло саргузаштлари, Дарвин ва Нютон кашфиётлари — ҳаммасида жаҳонгашталик устун. Инсоният маданияти, илм-фани қиёслаш ва кузатув сабаб ривожланади. Туризм йўналишида ҳам илмсиз арзирли натижа кўрсатолмайсиз. Айниқса, бугун.

«Заковат» клубида ўрганганларим, сербаҳс ўйинлар албатта иш самарадорлигимга ҳам таъсир қилади. Хориж маданияти, адабиёти, киноси ва тили билан боғлиқ янгиликларни мунтазам кузатаман, уларни ҳар икки томонда ҳам қўллашга ҳаракат қиламан. 2005 йили чет элга биринчи сафарим пайти Малайзия тамаддихоналаридаги жўмракдан нега сариқ сув келиши ҳақида телеўйинга савол йўллагандим. Ўшандан бери «Заковат» ва саёҳат мен учун эгиз тушунчага айланган.

— Тўрт тилда эркин суҳбатлаша оласиз. Полиглотлик ҳаётда қандай янги имкониятларни берди, қайси эшикларни очди?

— Хорижий тилни билиш деганда унда гапириш назарда тутилади. Аммо тил билиш — ўқиш, сўзлаш ва тинглаш орқали қўшимча манбадан билим орттиришда керак.
Инглиз, рус ва индонез тилларини билишим 10 фоиз ҳолларда мулоқот учун зарур бўлса, 90 фоизи дунё янгиликлари, китоб ўқиш, дўстлар орттиришда асқатган. Қиёслаш мумкин бўлса, одам онги ҳовузга ўхшаркан. Унга бир ёки бир неча ариқдан сув кириб туради. Навбати келса, ўша ҳовуз бошқаларига ҳам сув қуяди. Қандай ҳовузнинг суви ҳидланмай, айнимай, балчиққа тўлмай туради? Албатта, турли ва тоза ариқдан сувга тўйинса. Хорижий тилни билиш эса бир неча ариқдан, турли таъмдаги сув кирадиган ҳовузга ўхшайди.

Чет тилини ўрганиш-ўзлаштиришда она тилининг аҳамияти беқиёс. Фикрлаш ва сўзлашиш пойдевори шу тилда мужассам. Менга қолса, ўзбек тилини «буви тилим» деб атаган бўлардим. Бахтимга бувимнинг умрлари узоқ бўлсин. Ҳозир ҳам улардан мақол айтиш, болалик давридаги воқеаларни эслаб қолиб, тасвирлаб беришда машҳур эртакнавислар дарс олса арзийди. Қишлоққа борсам, бувимдан янги сўз, ибора, мақол ўрганиб қайтаман. Диктофонга ёзиб оламан.


Темур Мирзаевнинг бувиси Самарқандда. Фото: Темур Мирзаевнинг шахсий архивидан.

Рус тилини эса онамдан ўрганганман. Фарғона туманидаги 7-ўрта мактабда рус тили дарслари соати оз эди. Аям почтада, руслар орасида ишлагани учун менга бу тилни уйда ўргатардилар. Мактабдаги устозлар ҳам қўшимча мутолаа учун вазифа беришарди. Бир неча марта биздан юқори синфлар дарсига олиб кириб, дарсликдаги ҳикояларни таржима қилишимни сўраб, катталарни изза қилишгани эсимда. Бу ишимдан ўзим уялганман, лекин устозларнинг ишончи сабаб ўйинқароқ пайтимда тилга эътиборлироқ бўлганимни тушуниб етяпман.

Лицей даврида инглиз тилини ўргандим. Кейин Шарқшунослик университетига кирдим, индонез тили билан танишдим, чет элда ўқидим. «Тил Жакартагача элтади» дегани шу бўлса керак.

Полиглотлик туризм гидлигига, гидлик эса 7 йил аввал «Ўзбектуризм» миллий агентлигига етаклади.

Индонез тилини билиш — 300 миллионлик туризм бозорига, рус тилини билиш — 400 миллион, инглиз тилини билиш эса — 2 миллиард аҳоли сўзлашадиган туризм бозорига йўл очди.

Қолган тиллар билан боғлиқ саргузаштларимни Instagram ва Facebook’ка доим жойлаб бораман.

— Бир яшар пайтингиз ота-онангиз билан Москва саёҳатида олинган суратни Facebook’даги саҳифангизга жойлаштиргандингиз. Шу кунгача сиз саёҳат қилган ва кутилмаган янгиликларга бой бўлган мамлакат ҳақида гаплашсак…

— Ўша суратда аям ва талаба дадам мени қўлларида кўтариб Совет давридаги энг асосий туризм селфи майдонида бир ёшимни тарихга муҳрлашган. Аямнинг айтишича, туғилган кунимни Москвада нишонлаган, илк қадамларимни ҳам шу ерда ташлаган эканман. Шунгами, сафарга отлансам, «Сен бола Москва сабаб саёқ (сайёҳ ўқилсин) бўлдинг!», деб ҳазиллашадилар.


Темур Мирзаев ота-онаси билан Москвада. 1987 йил. Фото: Темур Мирзаевнинг шахсий архивидан.

Ҳар бир шаҳар ўзича гўзал. Бари сайёҳ нима излаши ва қизиқишига боғлиқ. Масалан, Бобурийлар даври, таомлари ва ўша замон кийим-кечагини кўрмоқчи бўлганлар Покистоннинг Лаҳор шаҳрини, Ренессанс меъморчилигига қизиққанлар Венеция, антик даврни суйганлар Римни, тартиб ва тозаликни хуш кўрадиганлар Брюссел, мазали овқат, денгиз ҳавосига тўймоқчи бўлганлар Истанбулни танлайди, янги ғоялар қидирадиган одам эса Токиони ҳеч жойга алишмайди.

— Ўзбек адабиётидан намуналарни индонез тилига таржима қилгансиз. Таржима энг мушкул ва заҳматли иш. Асар моҳиятини англаш осон эмас. Дунёқараш, тафаккур каррасига кўп бўлиши шарт. Ўзбек халқи руҳиятини индонез халқига бадиий асар таржимаси орқали етказиб бериш қандай кечди?

— Ҳозир қилган ишларимни эслаб, гоҳ ҳайрон қоламан, гоҳ куламан. Вақт ўтгани сари сўз бойлиги ортади, тилни маъновий эмас, мазмунан тушуна борасиз. Бир пайтлар моҳирликдек кўринган ишлар ўта жўн бўлиб чиқади.

Айниқса, бадиий асарни икки таржимонсиз ўгирмаслик керак. Асар таржимасида олтин қоидани кейинроқ тушуниб етдим: «Китобни асл тилдан хорижийга фақат хорижий тилдаги адиб ёки шоир таржима қилиши ёки якуний таҳрирни кўриши керак».

Кўпгина ёш олимлар, таржимонлар Ҳазрат Навоий ва бошқа адибларимизнинг асарларини ўгириб, чоп этганларини эшитаман, аммо хорижда бирор самимий эътироф қулоққа чалинмайди, адабий тарғиботга заррача таъсир қилганини кўрмаймиз. Ундай лойиҳаларга сарфланаётган грант маблағлари ҳавога совуриляпти, холос.

Аксинча, Марк Риззнинг «Ўткан кунлар», Кристофер Фортнинг «Кеча ва Кундуз», Эндрю Станиланднинг Навоий ғазалларини ўгириб, нашр этганлари ҳақиқий профессионал лойиҳа ва хорижий ўқувчининг юрак торларини черта олади дея оламан.

Шу боис, ўзим бугун фақат илмий, сиёсий ва тарғибот материалларини таржима қилишим мумкин. Мабодо асар таржимасига киришсам, аввал кучли ижодкорларни топиб, сўнг иш бошлайман.

— «Заковат» ўйинларида ўзингизни ажойиб билимдон сифатида намоён этгансиз, аммо сардорликка негадир даъво қилмайсиз. Шу амплуада ўзингизни синаб кўришни истамайсизми ёки жамоадаги ҳозирги мақомингиз маъқулроқми?

— Шу вақтгача ўртача ўйинчи ҳисобланганман ва айни пайтда клубдаги энг кучли жамоанинг энг кучсиз аъзосиман. Билимини тинимсиз оширадиган кучли билимдонларга тенглашиш қийин.

2015 йилдан бери «Заковат» тренинг ва телеўйинларидан кўп марта қолиб кетишимга тўғри келган. Бор куч ва вақтни туризм соҳасидаги лойиҳаларимиз олиб қўяди. Чекка ҳудудларимизга борган, хориждаги дипломатларимиз билан учрашганда мени туризм вазирлиги ходими эмас, заковатчи деб танишади кўпроқ. 2021 йили «Заковат»нинг қайта «туғилган»и ва клубда рақобатнинг ошиб кетгани машғулотларга кўпроқ вақт ажратишга ундаяпти энди. Бир сирни айтсам, апрел-май ойларида маошим билан «Заковат» турнирларида ютган ютуқ пули деярли тенг бўлибди.


«Заковат» турнирида. 2021 йил. Фото: Темур Мирзаевнинг шахсий архивидан.

— Темур ака, ижодкор, шоиртабиат инсонсиз. Давлат хизматидаги ходимга бу хусусиятлар халал бермайдими? Тан олайлик, атрофингизда буйруқ берувчи ва вазифаларни бажарувчилар кўп. Ўзингиздек касбдошлар кам бўлиши мумкин. Мувозанатни қандай ушлайсиз?

— Шанба ва якшанба кунлари бирор жиддий топшириқ бўлса, машқларга ёки тасвирга олиш жараёнига боролмаслигим мумкин. 2016 йили раҳматли шоиримиз Эркин Воҳидов билан ижодий ҳамкорликка қаршилик қилишгани эсимда. Афсус, сал тажрибам кўпроқ, ижод нақадар муҳимлигини ўшанда англаб етганимда, вақтимни ишдаги қоғозбозликка эмас, ижодга бағишлаган бўлармидим…

Бугун вазият умуман бошқача. Ишхонада ижодкорнинг ҳам, хат-ҳужжат юритувчининг ҳам ўз ўрни, муҳити шаклланган. Мувозанат баравар ушланади. Вазирликдаги вазифам — турли йўналишлар (таълим, маркетинг, реклама, ҳудудлар ривожланиши, стартап лойиҳалар ва чет эллик ҳамкорлар билан ижтимоий лойиҳалар) бўйича маслаҳатчи сифатида таклифлар ишлаб чиқиш, экспертлар билан мавжуд масалаларни чуқур ўрганишдан иборат ва раҳбарият ҳам керакли шароитни яратиб берган.

— Кузатишимча, «Заковат» телеўйинларидаги фаоллик кўпинча кайфият ва руҳий тайёргарликка боғлиқ. Таниқли журналист Борис Бурда ўйиндан аввал совуқ сувда яхшилаб чўмилишни тавсия қилади. Сиз ўйинга қандай ҳозирланасиз?

— Клубимизга Россиянинг жуда кўп билимдонлари келган, бироқ Борис Бурдачалик ёшлар билан бафуржа ўтириб, дилдан суҳбатлашгани эсимда йўқ. Унинг экран ўйинига тайёрланиш бўйича яна бир маслаҳати эсимга тушди: «Ўйиндан олдин қорин ўта оч қолиши ҳам, тўйиб овқатланиш ҳам зарар. Икки ҳолатда ҳам миянгиз қорин билан банд бўлиб қолади. Ўзим экран ўйинлари, катта турнирлардан олдин фақат нонушта қиламан, кун бўйи сал очроқ юришга, фақат сув ичишга ҳаракат қиламан. Ўйиндан бир кун аввал совуқда юрмаслик, совуқ нарса ичмаслик керак, шамоллаш ҳам диққатни жамлашга халал беради. Ўйин ўтказиладиган куни бироз пиёда юриш ва бўлажак синов ҳақида умуман ўйламаслик керак».

Ўзимга келсак, доим хотиржам бўлишга, натижага у қадар урғу бермасликка ҳаракат қиламан. Кўп жамоа билимдонлари аввал мағлуб бўлиб, кейин ўйин столига ўтиради.

— Темур ака, сизни ноёб китоблар йиғувчи (коллекционер) деб атасак ҳам бўлади. Тўпламингизда сиз учун энг қадрли китоб ва у билан боғлиқ хотираларингиз кўпдир?

— Саволларингиз одамни ўзини ўзи мақташига ундайди-я! Назаримда, киши ишлари билан мақтангани маъқул, билими билан эмас.

Хўш, китоб йиғишга келсак, бундайларни букинист ва библиофил деб аташади. Бири китобни, бошқаси ўқишни яхши кўради. Фарқи бор-а?

Букинист пайтим китоб йиғиш асосий машғулотим эди, аммо пули йўқ букинист нима ҳам қила оларди… Эски буюмлар бозоридан, китоб дўконларидан узоқ йиллар аввал чиққан, ҳозир босилмайдиган асарларни қидирардим. Китоб бозори бугунгидек ривожланмаган, яхши китоблар фақат Совет даврида чоп этилган ҳолича қолганди. Фарғонада лицейда ўқиётганимда Пеликан деган эски буюмлар бозорида, «бабушка»лар сотадиган эски-тускилар орасида изғирдим. Тошкентга келгач, эски Тезиковка бозори борлигини билиб, дам олиш кунлари шу ерда кезадиган бўлдим.

«Заковат» клубига келганимдан кейин бошловчи Расул ака Абдуллаев талабаларга машқ ва турли интеллектуал ўйинлардан кейин тоши оғир асарларни ўқишни тавсия қиларди.

Фёдор Достоевский, Антон Чехов, Абдулла Қодирий ва Абдулла Қаҳҳор Расул аканинг дастлабки топшириғи бўлган. 1 курсимда олган 15 минг сўм стипендиямга Фёдор Достоевскийнинг 10 томлигини сотиб олгандим. Шу орқали «Телба», «Жиноят ва жазо», «Хўрланганлар» асарлари билан танишдим.


Бир куни қўқонлик кучли билимдон Нозим Раимқулов билан «Заковат» машқларидан кейин «Беруний» метроси атрофидаги ҳалигача ишлайдиган эски китоб дўконидан олган топилмаларни варақлаб метрода қайтаётгандик. Нозимбек мендан: «Сиз букинистмисиз ёки библиофил?» деб сўради. Икковининг принципиал фарқлари ҳақида баҳслашиб кетдик. Шундан кейин ўқимайдиган китобларимни олишни йиғиштирдим.

Энди фақат ва фақат ўқийдиган, ўқигач ақлан, маънан, балки молиявий бойитадиган, кучлироқ шахсга айлантирадиган китобларнигина оладиган бўлдим. Библиофилга айланиш босқичига навбат етаётганди. Туризм вазирлигида ишлаш эса чет элдаги китоб дўконларидан энг сўнгги бестселлерларни олиб келишга имкон яратди.

— «Заковат» телеўйини тарихидаги сиз учун энг қизиқ ва ноодатий туюлган саволни эслай оласизми?

— Энг яхши савол тилшунос учун албатта сўзларнинг келиб чиқиши, фолклор ҳақидагилари бўлади.

Ҳалигача эслайдиган саволим — бу «айланай» сўзи ҳақида. Ўзбек аёллари ўзлари суйган, яқин одамига нисбатан «Айланай, айланиб кетай, ўзим ўргилай» дейишади. Шу иборада объект сифатида нимага ишора қилинади, деган савол Бобур Ёқубов жамоасига берилганди. Жамоа муҳокама сўнггигача тўйдаги олов атрофида айланишга, Зардуштийликка боғлиқ вариантда қолганди. Охирги сонияларда жамоага янги қўшилган шарқшунос Жасур Султонов айтган вариантга эътибор қилишмаганди. Жавобдан лол қолганман. Қисқача маъноси шундай эди: мусулмонлар учун Каъба атрофида айланиш муқаддас одат саналгани учун энг суйган одамларини ҳам Каъбага қиёслаб «айланай», «ўргилай» деб эркалашар экан.

— Сўнгги савол ўрнида Саидкамол Абдураззаков интерьвюмизда омонат қолдирган саволни сизга етказмоқчимиз: «Темур, қачон қизиқ воқеалар жамланган китобни ёзасиз?»

— Китоб ёзиш — бу катта ваколат ва фавқулодда истеъдодлининг иши. Александр Дюма айтганидек, «ёзмоқчи бўлган китобингизни камида бир миллион китобхон ўқишига арзийди, деб билсангиз, ёзинг, агар бўлажак китобингиз бу мезонга жавоб бермаса, уни бошламай қўя қолинг». Бу китоб сифати ва унда айтадиган гапингиз салмоғига қўйиладиган улкан талаб.

Саидкамол ака саволига жавобим — катта фикрларни ёза оладиган кишига айланганда, албатта, китоб ёзамиз.
Ҳозирча юртимизнинг икки буюк, аммо эътибордан четда қолаётган ўғлонлари Паҳлавон Маҳмуд ва Али Қушчи ҳаёти, ижоди ҳақидаги ҳужжатли филмларга материал йиғишга киришганман.

Блиц

— Сиз туғилган йилда қандай муҳим тарихий ҳодиса рўй берган?

— Чернобил атом станцияси портлаган, шунга сал феълим «портловчан» бўлса керак.

— Туғилган жойингизга қисқача таъриф беринг.

— Қишлоғим Гулшан, интернетни энди ўрганиб, илк очган электрон манзилим — gulshaniy_7@rambler.ru эди. Бу қишлоқ Шоҳимардон сойидан сув ичади, баланд тоғ этагида жойлашган, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара симлари билан иккига бўлиниб қолган сўлим бир жой. Сўфий шоир Хўжаназар Ҳувайдо мақбарасига, Чимён қишлоғига қўшни. Термизийларга бориб тақаладиган Қовунчи ота номли асосий зиёратгоҳи билан танилган.


«Қовунчи ота» зиёратгоҳи. Фото: Темур Мирзаев шахсий архивидан.

— Ўзингизни қайси адабий қаҳрамонга ўхшатасиз?

— Аввал Росколниковга ўхшатардим, ҳозир эса Милн эртагидаги Винни Пуҳ менимча, энг яқиним, ичим.

— Қайси замондошингиз билан суҳбатлашишни хоҳлардингиз?

-Жеки Чан. Бундай камтар ва серҳаракат ижодкорга саволларим кўп.

— Қайси билимдон билан бир жамоада ўйнашни ният қилгансиз, аммо ҳеч қачон бирга ўйнаш имкони бўлмаган?

— 2004 йилдан бери Бобур Ёқубов билан бир жамоада ўйнамаган эканман. Келажакда ҳам ўйнаш ниятим йўқ (ҳазил).

— Заковат клуби тарихида ўйин услуби сизга ёққан энг яхши билимдон ким?

— Шубҳасиз, Мурод Ҳамроев.

— Кейинги интервьюмизда Рустам Жабборов билан суҳбатлашамиз. Номзодимизга савол бериш имконини бермоқчисиз сизга.

— Рустам ака адабиёт, кино, таржима, журналистика соҳаларида бирдек кучли ижод қилади, юзлаб асар, кинолар таржимасига улгуради. Рустам ака, вақтни баракали ўтказишнинг сири нимада?

— Агар сиз ҳақингизда китоб ёзилса, унга қайси сатрлар эпиграф бўлишини хоҳлайсиз?

Ўлтирмоқ эл ичра юқорироқдин,

Ўлтирмоқ эл ичра юқорироқ, бил!

Алишер Навоий.