Илк маротаба «Заковат» интеллектуал ўйини 2001 йил март ойида экран юзини кўрди. 20 йил давомида ақл ва заковат жангларини миллионлаб телетомошабинлар экран ортидан томоша қилишди.

«Заковат» клуби аъзоси Саодат Умарова кўпчиликнинг севимли билимдонларига айланган «Заковат» юлдузлари Бобур Ёқубов, Фурқат Қурбонов, Азиза Ибрагимова, Жобир Аҳмедов, Умид Валиев ва Хушнудбек Худойбердиевлар билан суҳбатлар уюштирди. Билимдонлар телеўйинга қандай кириб келганлиги, «Заковат»ни нега тарк этмасликлари ва клубга янги авлодни жалб қилиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўз фикрлари билан бўлишишди.

«Заковат» билимдонлари ҳақидаги материалнинг биринчи қисмида «Газета.uz» Бобур Ёқубов ва Фурқат Қурбонов билан суҳбатларни тақдим этади.

«Баъзида пулли ишларимни ташлаб, „Заковат“ ўйинларига кетиб қолардим, ҳозир ҳам шундай» — Фурқат Қурбонов

— Илк бор қатнашган экран ўйинингизни эслай оласизми? Ўша ўйинда эсда қолган бирор воқеани айтиб беринг.

— Албатта, кўнгилга яқин қилинадиган ҳар қандай иш биринчи маротаба қилинганда албатта эсда қолади. Эсда қоларлиси, дебют ўйинимни биринчи маротаба нотўғри жавоб бериш билан бошлаганман.

— «Заковат»дан нима кутган эдингиз ва у сизга нималар бера олди?

— «Заковат»дан шу ўйин ичида аввало ўз ўйинимни, аниқроғи ўз ўйин услубимни топишни мақсад қилган эдим ва қисман бунга эришдим. Балким, айнан шу ўйин услубимнинг кичик элементлари туфайли ўзим иштирок этган жамоаларда жамоадошларимга имкон қадар ёрдам бериб, 3 марта чемпион бўлгандирман.

— Сўнгги йилларда «Заковат» таназзулга учради деган фикрлар кўп айтилди. Шу даврда ҳам ўйинни тарк этмаслигингизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?

— Ҳар бир инсоннинг севимли машғулоти бўлади ва бу машғулот унга руҳан роҳат бергунича, ушбу машғулотини ташламайди. Касбим ва бошқа аниқ сабаблар туфайли бир муддат «Заковат» ўйинларида иштирок эта олмадим, бироқ, олис юртларда бўлсам ҳам онлайн турнирларда иштирок этиб турдим. Сабаби, мен табиатан «игрокман».

— «Заковат»да сизнинг рақибингиз ким ёки нима?

— Энг катта рақибларим: хотирам, интуициям ва ҳаяжоним. Шуларни ўзимга бўйсундира олсам, улар менинг дўстимга айланишади.

— Интеллектуал ўйинларни қайси жанрдаги фильмга ўхшатган бўлардингиз?

— Интеллектуал детектив жанрига! Фильм бошидан бошлаб қотил ким эканлигини тахмин қиласиз, якунда эса қотил энг кам шубҳаланган шахс бўлиб чиқади. «Заковат»да ҳам ўйин бошидан ўйин қандай кечиши ва ҳисоб қандай бўлишини тахмин қиласиз, бироқ, кўп ҳолларда натижа сиз учун сюрприз бўлиб чиқади.

— Сиз учун билимдондаги энг муҳим фазилатлар қайси?

— Оператив тезкор хотира, мия хотиржамлиги ва юракнинг вулқон бўлиб уриб туриши! Шу 3 фазилатларнинг бир вақтда ишлаши!

— Қайси билимдонга ҳавас қиласиз, ундан нималарни ўргангансиз?

— Клубдан Мурод Ҳамроевнинг саволларга аналитик тарзда ёндашишига ҳавас қилардим, қийин саволларни ҳам осонлаштириб топишни қисман ундан ўрганганман. Хорижликлардан эса Илья Новиковнинг муздай хотиржам руҳда қийин саволларга мантиқан ёндашишлари ёқарди, Борис Бурданинг эса ҳар соҳадан керакли ниманидир билишига қойил қолганман.

— «Заковат» тарихида энг юлдузли, энг ёрқин билимдон сифатида кўрсатув мухлислари қайси билимдонни эслаб қолишади деб ўйлайсиз?

— Кўп ҳолатларда фамилиясини нотўғри «Бобур Йўлдошев» деб айтишса ҳам, Бобур Ёқубовни яхши эслаб қолишган бўлса керак. Аслида, клубдаги кўплаб билимдонларнинг ўз мухлислари бор, сабаби, ҳар бир томошабин ўзига ёққан билимдонда ўзида мавжуд ўхшашликни кўриб, унинг мухлисига айланади.

Фурқат Қурбонов ва Бобур Ёқубов.

— Сизнингча томошабинлар меҳрини қозониш учун билимдонга қайси хусусиятлар қўл келади?

— Мухлислар кўп, уларнинг табиатлари, дунёқарашлари ҳар хил бўлади ва уларнинг меҳрини қозониш учун нима қилиш кераклигини аниқ билмадим… Менимча, ўйинларга аслинг каби самимий ёндашиб, стол атрофида ҳар бир саволни топиш учун астойдил ёнишинг керак.

— Обрў топиш ва танилишга бўлган интилиш билимдонни ўз устида кўпроқ ишлашга ундаши мумкинми?

— Ушбу критериялар деярли барча соҳа ва касбларда кўпчилик учун ўз ўрнини топиш учун омил бўлади. Шахсан менга, мағлубиятлар янада ўз устимда сифатлироқ ишлашимга сабаб бўлади. Юқорида айтганимдек, табиатдан «игрок» бўлганим учун ютқазишни ёмон кўраман, бироқ, кези келганда ютқазишни биламан!

— «Заковат» сизнинг шахсий ҳаётингизга ва иш фаолиятингизга қандай таъсир қилган?

- Бу ўзингизга боғлиқ масала. Сизни билимдон сифатида кўпчилик танишади ва сиздан билимдонларга хос фикр, ҳаракатларни кутишадилар. Агар билимдон эканлингизни ишда исботлай олсангиз, сизга ҳурмат янада ошади. Шахсан менга, фақат ижобий таъсир қилган, сабаби, атрофдагилар мендан нимани кутишларини тушуниб, интеллигент деган номга яқинлашишга интилганман.

— Ўйинга тайёргарликлар жуда кўп вақт талаб қилади, «шу вақтни бошқа нарсага сарфласам фойдалироқ бўларди» деган хаёллар бўлганми?

— Бу каби ўйлар жуда кўп хаёлдан ўтган. Жойи келганда пуллик ишларимни ташлаб ўйинларга кетиб қолардим, деярли ҳозир ҳам шундай. Менимча бу касаллик…

— Кўпчиликнинг фикрига кўра, ҳозирда ёшлар олдингига нисбатан камроқ китоб ўқишади, сизнингча ҳам шундайми?

— Ҳа, камроқ ўқишади. Сабаби, ҳозирда маълумотлар мия тез ҳазм қила оладиган қисқа ёзма ва видео контентларда берилса, кўпроқ ўқилади, кўрилади. Бу замон критерияси. Бироқ, асл билим манбаи сифатида лонгрид мақолалар, илмий эсселар ва китоб асос бўлиб қолаверади. Мисол, битта ўқилган бадиий асарни ўзидан камида 10та яхши савол тузиш мумкин, битта китобни ўзида эса 3−4 та асар бўлади. Билимдон бўлиш учун албатта китоб ўқиш бош мезон бўлиб қолаверади.

Фото: Фурқат Қурбоновнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги профилидан.

— Интеллектуал ўйинларга зумер авлодини қандай воситалар орқали жалб қилиш мумкин деб ўйлайсиз? (Зумерлар ёки Z авлод — 90-йилларнинг охири ва 2000-йилларнинг бошида туғилганларга нисбатан ишлатилади)

— Жуда осон. Зумерлар тилида интеллектуал ўйин ҳақида қисқа ва қизиқарли подкастлар тайёрлаш керак. Мисол учун, Tik-Tok платформаси маҳсулотлари максимум 15 секундни ўз ичига олади. Айнан 15 секунддаги ҳажмда қуйидагича видео тайёрласа бўлади.

«Янги автомобиль номер сотиб олганингизда, ушбу номер мабодо жойидан тушиб қолгудек бўлса, сиз уни тезда топишингиз учун олдиндан нима қилиб қўярдингиз? —  Жавоби осон, автомобиль номери орқасига маркер билан ўзингизнинг ёки яқинларингизнинг телефон номерини олдиндан ёзиб қўйсангиз, тушиб қоладиган бўлса, номерни топиб олган инсон суюнчи олиш учун дарров сизга телефон қилади. Янада қизиқарли саволларга жавоб топмоқчи бўлсангиз, марҳамат ўзингизни синаб кўринг!»

Аслида, ҳар бир инсонда табиатдан саволларга жавоб беришга мойиллик бўлади, мабодо берилган саволга тўғри жавоб топса, келаси сафар ҳам ўзини синаб кўришдан тортинмайди.

— «Заковат»га йилига 50 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Сизнингча бу маблағ «Заковат»га янги билимли йигит-қизларни жалб қила оладими? Заковатчилар савиясини ошириш учун молиявий кўмак қанчалик зарур?

— Ҳа, жалб қила олади. Кўп оилали, аниқ бир касб авлоддан авлодга ўтиб келадиган олис тумандаги оилани тасаввур қилинг. Бир куни оила бошлиқлари учун кутилмаганда ўғил ёки қиз, интеллектуал ўйинларда қатнашиб, мукофот тариқасида 100 000 сўм пул ёки қиммат совға ютиб келди. Айнан шу фарзанд ота-онаси наздида ўқишга ўз кучи билан кириши мумкинлигига озроқ бўлса ҳам ишончни ўйғотади. Айнан шу фарзанд ота-онасини оила анъанасига қарши бориб унга ишонишиб, ўқишга кириш учун имконият яратиб берилганидан фойдаланиб, кўпроқ илм олишига туртки бўлади. Ишонч учун гоҳида яхши кўринишдаги рағбатлар ҳам керак бўлади, фахрий ёрлиқ даврлари ўтиб кетди, менимча.

Блиц

— Сиз туғилган йилда қандай муҳим тарихий ҳодиса рўй берган?

— Торонтода баландлиги 553,3 метрни ташкил қиладиган дунёдаги энг баланд турар бино, «CN Tower» телевизион минораси қад кўтарган ва ушбу рекорд 31 йил давомида забт этилмаган.

— Сиз туғилган жойга қисқача таъриф беринг.

— Ҳар хил миллат вакиллари (ўзбек, рус, тожик, татар, афғон, яҳудий, туркман) бирга иноқ яшаган, зийраклик ва ўз сўзида туриш қаттиқ ҳурмат қилинадиган, маҳалий аҳоли ғурур билан «Кичик Бомбей» деб аташадиган, Сурхондарёнинг саноати вақтида яхши ривожланган, энг кўп аҳолига эга шаҳарлардан бири — Денов шаҳри.

— Мактаб давридаги энг катта шўхлигингиз.

— Деярли кун ора муштлашардим. Тишимам синган, кўзларим ҳам бир неча бор кўкарган. Олдин муштлашиб, кейин қалин ошна бўлиб кетардим. Хуллас, ўзимни хафа қилдирмасдим.

— Устозингиздан сизга омонат қолган ибратли сўзлар.

— Ўзим севиб ўқийдиган ҳар бир адибни ўзимга устоз деб биламан. Бундай ўгитлар кўп, энг ёққани «Чантреморе, каламакаторэ!!!».

— Иш фаолиятингизда сизни нима илҳомлантиради ва завқ беради?

— Гўзал осмон, чарақлаган қуёш, ёш болаларнинг кулгиси ва аччиқ қора кофе.

— Шахс сифатида шаклланишингизда қайси бадиий китоблар ва қайси муаллифлар муҳим ўрин эгаллаган?

— Бундай асарлар кўп ва шахс сифатида шаклланишим ҳали ҳам тугалламаган. Ўзимга яқин тилда ёзадиган адиблар шулар: Шукур Холмирза, Эркин Аъзам, Эдгар Алан По, Конфуций, Артур Конан Дойл, Агата Кристи, Ўткир Ҳошимов, Михаил Булгаков, Карел Чапек, Габриэль Гарсия Маркес, Жорж Сименон, Антон Чехов, Оноре де Бальзак, О. Генри, Ўлмас Умарбеков, Жек Лондон, Александр Дюма (ота), Юрий Беляев.

— Қайси замондошингиз билан суҳбатлашишни хоҳлардингиз?

— Ҳар қандай қийинчиликларга қарамай таслим бўлмайдиган образларни гавдалантирадиган продюсер, сценарист ва буюк актёр Жеки Чан.

— Қандай ҳолатда ўзингизга «мен бахтлиман» деб айтгансиз?

— Доимо айтаман. Масалан, тўйиб ухлаб, турганимда аччиқ қора кофе бўлса.

— Aгар сиз ҳақингизда китоб ёзилса, унга қайси сатрлар эпиграф бўлишини хоҳлайсиз.

— Бирорта ақлли гапни кўчириб қўяманда шу жойга. Масалан, «Кўпчиликка ўхшамаганим учун, кулгили кўринардим. Менга эса бошқаларни бир-бирларига ўхшашликлари кулгили кўринарди. Тушунганим шуки, ҳаммаси ўткинчи, қолур ибратли ишлар, меҳр қолур, муҳаббат қолур».

«Оғир пайтда «Заковат»ни ташлаб кетиш мен учун ўзимга қилинаётган хиёнат бўларди» — Бобур Ёқубов

— Илк бор қатнашган экран ўйинингизни эслай оласизми? Ўша ўйинда эсда қолган бирор воқеани айтиб беринг.

— Илк бор экран ўйинида ўйинчи сифатида қатнашишим режиссёрлар жамоаси билан бўлган. Адашмасам Жаҳонгир Қосимов ўша ўйиндан олдин бетоб бўлиб қолиб, қатнаша олмаган, кейин унинг ўрнига мен қатнашган эдим. Жамоада Зулфиқор Мусоқов, Нуриддин Қосимов, Ойбек Вейсал ўғли, Ғанишер Раҳматуллаев кабилар бор эди. Ўша ўйинда 6:4 ҳисобида ютганмиз. Мен ҳам иккита ёки учта саволга жавоб топгандим.

Фото: Бобур Ёқубовнинг шахсий архивидан.

— «Заковат»дан нима кутган эдингиз ва натижада у сизга нималар бера олди?

— «Заковат»га дастлаб қизиқиш туфайли боргандим, аниқроғи ўзимни синаб кўриш учун. Тўғрисини айтсам, «Заковат»дан ҳеч нарса кутмаганман. Лекин у менга кўп нарса берди: ўйиндан олинадиган завқ, элга танилиш, энг асосийси, садоқатли дўстлар орттирдим.

— Сўнгги йилларда «Заковат» таназзулга учради деган фикрлар кўп айтилди. Шу даврда ҳам ўйинни тарк этмаслигингизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?

— «Заковат»да экран ўйинлари айрим сабаблар туфайли тўхтатилган бўлсада, клубимиз фаолияти тўхтаб қолмади, ҳатто карантин даврида ҳам онлайн ўйинлар ташкил этилди. Менинг кетмаслигимга сабаб эса, шунақа оғир пайт келганда «Заковат»ни ташлаб кетиш мен учун ўзимга қилинаётган хиёнат бўларди.

— «Заковат»да сизнинг рақибингиз ким ёки нима?

— Бизнинг асосий рақибимиз ҳам, энг ашаддий мухлисларимиз ҳам телетомошабинлар.

— Интеллектуал ўйинларни қайси жанрдаги фильмга ўхшатган бўлардингиз?

— Детектив.

— Сиз учун билимдондаги энг муҳим фазилатлар қайси?

— Камтарлик, кенг дунёқараш, фикрини қисқа тушунтира олиш ва бошқаларни эшита билиш.

— Қайси билимдонга ҳавас қиласиз, ундан нималарни ўргангансиз?

— Раҳматли Фарҳод Акбаровга ҳавас қилардим. Ҳар тарафлама мукаммал инсон эди.

— «Заковат» тарихида энг юлдузли, энг ёрқин билимдон сифатида кўрсатув мухлислари қайси билимдонни эслаб қолишади деб ўйлайсиз?

— Ёрқин билимдонлар кўп. Мухлислар билан гаплашганимда Саидкамол Абдураззоқов, Жобир Ахмедов, Фурқат Қурбоновларни кўпроқ гапиришади.

— Сизнингча томошабинлар меҳрини қозониш учун билимдонга қайси хусусиятлар қўл келади?

— Бурни кўтарилиб кетмаслигининг ўзи етарли менимча. Албатта, билимдан ташқари.

— Обрў топиш ва танилишга бўлган интилиш билимдонни ўз устида кўпроқ ишлашга ундаши мумкинми?

— Бу ҳам қайсидир маънода таъсир кўрсатади.

Чапдан ўнгга: Умид Валиев, Бобур Ёқубов, Абдурасул Абдуллаев. Фото: «Заковат» интеллектуал кўрсатуви.

— «Заковат» сизнинг шахсий ҳаётингизга ва иш фаолиятингизга қандай таъсир қилган?

- Кўпчиликнинг таниши айрим ҳолатларда ёрдам беради, лекин кўпинча қўшимча масъулият юклайди, одамлар назарида эканлигимни ҳис қилиб тураман.

— Ўйинга тайёргарликлар жуда кўп вақт талаб қилади, «шу вақтни бошқа нарсага сарфласам фойдалироқ бўларди» деган хаёллар бўлганми?

— Бўлган … Лекин афсусланмайман.

— Кўпчиликни фикрига кўра, ҳозирда ёшлар олдингига нисбатан камроқ китоб ўқишади, сизнингча ҳам шундайми?

— Бу бор гап.

— Интеллектуал ўйинларга зумер авлодини қандай воситалар орқали жалб қилиш мумкин деб ўйлайсиз? (Зумерлар ёки Z авлод — 90-йилларнинг охири ва 2000-йилларнинг бошида туғилганларга нисбатан ишлатилади)

— Менимча асосан молиявий рағбатлантириш орқали.

— «Заковат»га йилига 50 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Сизнингча бу маблағ «Заковат»га янги билимли йигит-қизларни жалб қила оладими? Заковатчилар савиясини ошириш учун молиявий кўмак қанчалик зарур?

— Билимдонлар учун савол топиш завқига ҳеч нарса етмайди, савол муаллифларини рағбатлантириш эса жуда муҳим. Томошабинларни жалб қилиш учун муаллифларга мукофот бериш шарт. Зеро «Заковат»ни ушлаб турган муҳим кўрсаткичлардан бири сифатли саволдир.

Блиц

— Сиз туғилган йилда қандай муҳим тарихий ҳодиса рўй берган?

— Индира Ганди қамалган (Ҳиндистон собиқ бош вазири — таҳр.), Голда Меир (Исроил собиқ бош вазири — таҳр.) вафот этган, «Юлдузли тунлар» романи бобма-боб «Шарқ юлдузи» журналида нашр этилган.

— Сиз туғилган жойга қисқача таъриф беринг.

— Тоғлар орасидаги хушманзара қишлоқ.

— Мактаб давридаги энг катта шўхлигингиз.

— Пахта теримида «қўзғолон» кўтарганмиз.

— Устозингиздан сизга омонат қолган ибратли сўзлар.

— Ёлғондан узоқроқ бўл!

— Иш фаолиятингизда сизни нима илҳомлантиради ва завқ беради?

— Ишхонадаги муҳит.

— Шахс сифатида шаклланишингизда қайси бадиий китоблар ва қайси муаллифлар муҳим ўрин эгаллаган?

— Улар жуда кўп…

— Қайси замондошингиз билан суҳбатлашишни хоҳлардингиз?

— Илон Маск билан.

— Қандай ҳолатда ўзингизга «мен бахтлиман» деб айтгансиз?

— Ота-онам мен билан фахрланишини айтганда.

— Aгар сиз ҳақингизда китоб ёзилса, унга қайси сатрлар эпиграф бўлишини хоҳлайсиз.

— Секинроқ шошил!

Саодат Умарова суҳбатлашди.