Илк маротаба «Заковат» интеллектуал ўйини 2001 йил март ойида экран юзини кўрди. 20 йил давомида ақл ва заковат жангларини миллионлаб телетомошабинлар экран ортидан томоша қилишди.

«Заковат» клуби аъзоси Саодат Умарова кўпчиликнинг севимли билимдонларига айланган «Заковат» юлдузлари Бобур Ёқубов, Фурқат Қурбонов, Азиза Ибрагимова, Жобир Аҳмедов, Умид Валиев ва Хушнудбек Худойбердиевлар билан суҳбатлар уюштирди. Билимдонлар телеўйинга қандай кириб келганлиги, «Заковат»ни нега тарк этмасликлари ва клубга янги авлодни жалб қилиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўз фикрлари билан бўлишишди.

«Заковат» билимдонлари ҳақидаги материалнинг учинчи қисмида «Газета.uz» Хушнудбек Худойбердиев ва Азиза Ибрагимова билан суҳбатларни тақдим этади.

«Заковат» туфайли турмуш ўртоғим билан танишганмиз — Азиза Ибрагимова

— Илк бор қатнашган экран ўйинингизни эслай оласизми? Ўша ўйинда эсда қолган бирор воқеани айтиб беринг.

— Кўзгу ҳақида савол бўлган. Сандиқчада нима бор деб савол берилганда, «аниқ кўзгу, аниқ кўзгу» деб роса бармоғимни ўқталиб бақирганман. Ўйиндан кейин айрим клубдошлар «Худди ўзи солиб қойгандек бақирдия, сал қолди вақтдан олдин сандиқчани очиб, мана деб олиб кўрсатишига» дейишганди.

— «Заковат»дан нима кутган эдингиз ва натижада у сизга нималар бера олди?

— «Заковат»да энг қизиғи — маза қилиб ўйинда муҳокама қилиш, тўғри жавоб топгандаги туйғуни эса таърифлаб бўлмайди. «Заковат» туфайли турмуш ўртоғим билан танишганмиз. Айнан 2017 йил финалида экранда кўриб қолиб излаб топганлар.

— Сўнгги йилларда «Заковат» таназзулга учради деган фикрлар кўп айтилди. Шу даврда ҳам ўйинни тарк этмаслигингизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?

— Бундай фикрларга эътибор бермаганман. Чунки «Заковат» билан банд бўлганман. Инсон қизиққан машғулоти билан фақатгина унга қизиққани учун шуғулланади. Бошқаларнинг фикри қандайлигига қараб эмас.

Фото: Азиза Ибрагимованинг шахсий архивидан.

— «Заковат»да сизнинг рақибингиз ким ёки нима?

— Энг кучли рақиб: вақт! Агар ундан тўғри фойдалансангиз ва тақсимласангиз, у сизга дўст, акс ҳолда сизни чалғитувчи рақиб.

— Интеллектуал ўйинларни қайси жанрдаги фильмга ўхшатган бўлардингиз?

— Жанр борасида бир фикр билдиролмайману, аммо аниқ кейинги раунд нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Заковатда шиддат, жозиба, жасорат, қўрқув, ҳадик, иккиланиш, ғалаба, пафос барчаси мужассам.

— Сиз учун билимдондаги энг муҳим фазилатлар қайси?

— Тезкорлик, таҳлил қобилияти, фактларни бир-бирига боғлаш, қарор қабул қилиш, нотиқлик.

— Қайси билимдонга ҳавас қиласиз, ундан нималарни ўргангансиз?

— Ўзбекистонда Бобур Ёқубовдан кўп нарса ўрганишга ҳаракат қиламан: саволнинг мағзигача етиб боришни, таҳлил қилишни ва фикрни лўнда баён этишни. Ҳозир айтишни ўз бурчим деб биламан: биз қизлар «Заковат» деса, Зебо Шомировага ҳавас қилардик. Мен Сурхондарё вилоятиданман, Зебо Шомирова ҳам. Бу менга ҳамиша илҳом бағишлаган. Россиядан эса Елизаветта Овдиенконинг ашаддий мухлисасиман.

— «Заковат» тарихида энг юлдузли, энг ёрқин билимдон сифатида кўрсатув мухлислари қайси билимдонни эслаб қолишади деб ўйлайсиз?

— Бобур Ёқубов, шубҳасиз.

Фото: Азиза Ибрагимованинг шахсий архивидан.

— Сизнингча томошабинлар меҳрини қозониш учун билимдонга қайси хусусиятлар қўл келади?

— Мантиқий фикрлаш ва керакли пайтда тўғри қарор қабул қила олиш.

— Обрў топиш ва танилишга бўлган интилиш билимдонни ўз устида кўпроқ ишлашга ундаши мумкинми?

— Энг кучли мотивация бу ўйиндаги азарт. Жавобни излаш пайтидаги ҳаяжон.

— «Заковат» сизнинг шахсий ҳаётингизга ва иш фаолиятингизга қандай таъсир қилган?

— Шахсий ҳаётдаги таъсирини юқорида айтиб ўтдим, иш фаолиятида эса вақтимни тақсимлаш борасида яхшигина ўйлантирган. Шуниси ажойибки, машғулотлар шанба кунлари, съёмкалар эса якшанба куни ёки иш пайти тугагач бўлади. «Заковат» вақт бағишлашни талаб қилади, севимли машғулот учун эса вақт топилади.

— Ўйинга тайёргарликлар жуда кўп вақт талаб қилади, «шу вақтни бошқа нарсага сарфласам фойдалироқ бўларди» деган хаёллар бўлганми?

— Ўтган, масалан диссертациямга, лекин «Заковат»дан илҳом олиш ҳаммасидан кучлироқ.

— Кўпчиликни фикрига кўра, ҳозирда ёшлар олдингига нисбатан камроқ китоб ўқишади, сизнингча ҳам шундайми?

— Бу фикрга қўшилмайман. Бу фикрдагиларнинг атрофида шундай ёшлар бўлса керак. Ҳозирда таржима асарлар кўпайган, бундан ташқари ёшлар хориж тилидаги оригинал китобларни ҳам бемалол ўқишяпти.

Бошқа нарсага хафа бўламан: бир марта ўқиб, яна қайта ўқишга қизиқтирадиган асарларни ўзимизда ёзилмаётганига. Жамиятимиз ёшлари учун ўхшашни истайдиган, ўзларига намуна сифатида танлайдиган образнинг йўқлиги ачинарли ҳолат.

— Интеллектуал ўйинларга зумер авлодини қандай воситалар орқали жалб қилиш мумкин деб ўйлайсиз? (Зумерлар ёки Z авлод — 90-йилларнинг охири ва 2000-йилларнинг бошида туғилганларга нисбатан ишлатилади)

— Ишонаверинг, улар аллақачон «Заковат»да.

— «Заковат»га йилига 50 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Сизнингча бу маблағ «Заковат»га янги билимли йигит-қизларни жалб қила оладими? Заковатчилар савиясини ошириш учун молиявий кўмак қанчалик зарур?

— Энг муҳими иштиёқ, молиявий рағбатлантириш фақат Заковат ҳақида ўйлаб, ташкилий масалалар ҳақида қайғуришдан озод қилади.

Блиц

— Сиз туғилган йилда қандай муҳим тарихий ҳодиса рўй берган?

— Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган.

— Сиз туғилган жойга қисқача таъриф беринг.

— Тошкент бетакрор шаҳар.

— Мактаб давридаги энг катта шўхлигингиз.

— Физика фанидан синфдошимга масалаларни ишлаб берардим, синфдошим эса менга чизмалар чизиб берарди. Натижада иккимиз ҳам аъло баҳо олардик.

— Устозингиздан сизга омонат қолган ибратли сўзлар.

— Касбингизни ҳурмат қилинг.

— Иш фаолиятингизда сизни нима илҳомлантиради ва завқ беради?

— Ишхонамга келишнинг ўзи!

— Шахс сифатида шаклланишингизда қайси бадиий китоблар ва қайси муаллифлар муҳим ўрин эгаллаган?

— Ўткир Ҳошимов — «Дафтар ҳошиясидаги битиклар», Лев Толстой — «Уруш ва тинчлик».

— Қайси замондошингиз билан суҳбатлашишни хоҳлардингиз?

— Рустам Азизов — юрист, Илҳом Азизов — адвокат.

— Қандай ҳолатда ўзингизга «мен бахтлиман» деб айтгансиз?

— Ҳар куни.

— Aгар сиз ҳақингизда китоб ёзилса, унга қайси сатрлар эпиграф бўлишини хоҳлайсиз.

— Барчасидан миннатдорман.

«Заковат» ўйинларнинг хумори бошқача, интеллектуал наркотикка ўхшайди — Хушнудбек Худойбердиев

— Илк бор қатнашган экран ўйинингизни эслай оласизми? Ўша ўйинда эсда қолган бирор воқеани айтиб беринг.

— Илк бор «Заковат» кўрсатувида 2005 йили «Халқаро болалар куни» байрами муносабати билан ташкиллаштирилган мактаб ўқувчиларидан иборат уйинда қатнашганман. Ёш ва тажрибали клуб аъзолари сифатида мактаб ўқувчилари билан бирга бир жамоада ўйнашни бизга таклиф қилишган. Адашмасам, 2та саволга тўғри жавоб топганман ва ўша ўйинда биз ғалаба қозонганмиз.

— «Заковат»дан нима кутган эдингиз ва натижада у сизга нималар бера олди?

— Очиғи «Заковат»дан бирон нарса кутиб келмаганман, лекин «Заковат» менга жуда жуда кўп нарса берган. «Заковат» мени тарбиялади, менга билим берди, жамоада ишлашни ўргатди. Ўйин орқали таниласиз, тартибли бўлишга интиласиз, мажбур бўласиз, машҳур бўлганингиздан кейин, керак бўлса, мажбурликдан ҳам ўзингиздаги инсоний фазилатларни яхшилашга интиласиз.

— Сўнгги йилларда «Заковат» таназзулга учради деган фикрлар кўп айтилди. Шу даврда ҳам ўйинни тарк этмаслигингизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?

— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда «Заковат»да пастга кетиш кузатилди. Авваламбор, моддий сабабларга кўра, бундан ташқари, одамлар аввалгидек телевизор кўрмай қўйишди, телевизор ўрнини ижтимоий тармоқлар эгаллади. Лекин, экрандаги «Заковат» ўйини айсбергнинг чўққиси холос, кўпчиликка «Заковат»нинг сув тагидаги қисми кўринмайди — бу клубдаги машғулот ўйинлари. Бу ўйинларнинг хумори бошқача, интеллектуал наркотикка ўхшайди. Ундан осонликча воз кечиб кета олмайсиз.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

— «Заковат»да сизнинг рақибингиз ким ёки нима?

— Нафақат «Заковат»да, балки ҳаётда ҳам асосий рақибим — ўзим. Агар инсон ўзини ўзи бошқара олса, ўзини устида тинмай меҳнат қилса, ҳамма эшикларни очиши мумкин. Ўйинларда руҳий тайёргарлик талаб қилинади, бунинг учун кўп машғулот қилиш керак.

— Интеллектуал ўйинларни қайси жанрдаги фильмга ўхшатган бўлардингиз?

— Детектив жанрига ўхшатган бўлардим. Маълум бир жумбоқ ўртага ташланади, унинг жавоби билимдонларга ҳам, томошабинларга ҳам номаълум, шу жиҳати драматик детектив фильмга ўхшайди.

— Сиз учун билимдондаги энг муҳим фазилатлар қайси?

— Билимдондаги энг муҳим фазилат — тиришқоқлик ва билим олишга бўлган интилиш. «Заковат» тинимсиз меҳнат талаб қиладиган жараён. Фақат билимнинг ўзи етарли эмас, ўйинни ҳис қилишингиз учун тинимсиз меҳнат қилишингиз керак, жамоавий машғулотларда қатнашишингиз керак.

— Қайси билимдонга ҳавас қиласиз, ундан нималарни ўргангансиз?

— Фарҳод Акбаровга (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) жуда ҳавас қилардим. «Заковат»га меҳрим ошишига сабабчи бўлган инсонлардан бири. Бобур Ёқубов, Саидкамол Абдураззоқов ўйинларига ҳавас қилганман, бир жамоада ўйнаш насиб қилган, жуда кўп нарса ўрганганман улардан. «Что? Где? Когда?» ўйинларидаги Балаш Касумов жамоа сардори сифатидаги ўйинларини ёқтираман, Елизавета Овдиенко ва ҳозир ўйинлардаги фаолияти тўхтаган Илья Новиков ўйинларини қизиқиш билан кузатаман.

— «Заковат» тарихида энг юлдузли, энг ёрқин билимдон сифатида кўрсатув мухлислари қайси билимдонни эслаб қолишади деб ўйлайсиз?

— 1-ўйин барибир эсда қоларли бўлади. Фарҳод Акбаров ва Зебо Шомироваларни мухлислар ҳар доим эслайди деб ўйлайман. Бундан ташқари, «Заковат» афсонаси сифатида Бобур Ёқубовни хам жуда кўпчиликнинг ёдида қолишига ишонаман.

— Сизнингча томошабинлар меҳрини қозониш учун билимдонга қайси хусусиятлар қўл келади?

— Томошабиннинг меҳрини қозониш осон иш эмас. Томошабинни ўлчови ҳар хил. Лекин умумий қилиб айтганда, кўп саволларга тўғри жавоб топадиган билимдонларни кўпроқ ёқтиришса керак деб ўйлайман.

— Обрў топиш ва танилишга бўлган интилиш, эгоизм билимдонни ўз устида кўпроқ ишлашга ундаши мумкинми?

— Эгоизм аслида жуда ёмон хусусият эмас, мен ўзимни эгоистман дея айта оламан. Лекин эгоизм нарциссизмга айланса — бу ёмон. Баъзида жамоани ўзингиз вариантингизга ишонтира олишингиз керак, бу ҳолатда сизга ушбу хусусият керак бўлади.

Обрўга келадиган бўлсак, танилиш, обрў топиш ўз устида ишлашнинг сабаби эмас, оқибати бўлиши керак. Билимдон ўз устида кўпроқ ишлаш оқибатида томошабинлар меҳрини қозониш мумкин.

Фото: Xushnudbek.uz Telegram канали.

— «Заковат» сизнинг шахсий ҳаётингизга ва иш фаолиятингизга қандай таъсир қилган?

— Ҳаётимда эришган ютуқларимга «Заковат» орқали халқимиз орасида билимдон сифатида тасаввур уйғотганим ҳам сабаб бўлган деб ўйлайман.

— Ўйинга тайёргарликлар жуда кўп вақт талаб қилади, «шу вақтни бошқа нарсага сарфласам фойдалироқ бўларди» деган хаёллар бўлганми?

— Билим олишга сарфланган вақтимга ҳеч қачон ачинмаганман. Машғулотларга сарфлаган вақтимни фойдали ўтказдим деб ҳисоблаганман ва ҳали ҳам шундай фикрдаман.

— Кўпчиликни фикрига кўра, ҳозирда ёшлар олдингига нисбатан камроқ китоб ўқишади, сизнингча ҳам шундайми?

— Аниқ тадқиқотларсиз, аниқ рақамларсиз «ёшлар кам китоб ўқияпти» деб таъкидлаш менимча нотўғри. Онлайн китоб дўконлари раҳбарлари айтишига қараганда, сотувчиларнинг асосий қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

— Интеллектуал ўйинларга зумер авлодини қандай воситалар орқали жалб қилиш мумкин деб ўйлайсиз? (Зумерлар ёки Z авлод — 90-йилларнинг охири ва 2000-йилларнинг бошида туғилганларга нисбатан ишлатилади)

— Ёш авлодни турлича қизиқтириш мумкин, уларга нима керак бўлса, шуни бериш керак. Уларга машҳурлик керак бўлса, машҳурлик бериш керак, яъни «Заковат»ни ижтимоий тармоқларда энг қизик эпизодларини тарқатиш керак, «Заковат» орқали ҳам машҳур бўлиш мумкинлигини, ушбу видеолар миллионлаб кўрилишини ҳис қилишса, уларда ўйинда қатнашишга қизиқиш ошади.

Ёшларга пул керак бўлса, пул орқали рағбатлантириш керак, катта совринлар қўйиш керак ҳам билимдонларга, ҳам савол йўллаганларга. Агар улар бўш вақтларини қизиқарли ўтказишни хоҳлашса, унда уларга турли викториналар, куизлар, турнирлар ташкил қилиш керак. Улар қизиққан нарсани таклиф қилмасдан туриб, фақат «китоб ўқинглар» деган қуруқ гаплар билан уларни жалб қилишнинг иложи йўқ. Ёшларнинг эҳтиёжини ўрганиб чиқиб, таклифлар бериш керак.

— «Заковат»га йилига 50 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Сизнингча бу маблағ «Заковат»га янги билимли йигит-қизларни жалб қила оладими? Заковатчилар савиясини ошириш учун молиявий кўмак қанчалик зарур?

— Молиявий кўмак ҳаммага зарур, ҳар қандай лойиҳада молиявий кўмаксиз, пойдеворсиз бирор натижага эришиш мушкул, амалга оширса бўлади, лекин жуда қийин. Айниқса, билим билан боғлиқ лойиҳаларга молиявий ёрдам жуда керак, чунки табиатан жамиятдаги барча инсонлар ҳам туғма билимга интилувчан инсонлар бўлмайди. Бизни жамиятда ҳам билимни қадрловчи, китоб мутолаа қилувчи аҳоли фоизи катта деб айтолмайман.

Бундай вазиятда рағбатлантириш зарур деб ўйлайман, лекин бунда соғлом рағбатлантиришни қўллаш муҳим. Бу жараёнга мантиқли ва адолатли ёндашиш керак, маълум бир ютуқлар ва ғалабалар учун, билимдон машаққати ва меҳнати учунгина молиявий рағбатлантириш тизимини қўллаш зарур.

50 млрд сўмнинг асосий қисми турнирлар ғолиблари мукофот пули сифатида ажратилади, шу билан бирга мактаблар, олий таълим муассасаларида, корхоналарда, ташкилотларда ўтказиладиган ўйинларни ташкил қилишга ва ўйин ғолибларини тақдирлашга сарфланади.

Блиц

— Сиз туғилган йилда қандай муҳим тарихий ҳодиса рўй берган?

— Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.

— Сиз туғилган жойга қисқача таъриф беринг.

— Чироқчи — самимий гўштхўр инсонлар макони.

— Мактаб давридаги энг катта шўхлигингиз.

— 9-синфдалигимда пахта теришга чиққан пайтимиз катта пахта уюмига ўт қўйиб юборганман.

— Иш фаолиятингизда сизни нима илҳомлантиради ва завқ беради?

— Кимларгадир фойдам тегаётганини ҳис қилишимга сабаб бўладиган ишлар ва лойиҳалар.

— Шахс сифатида шаклланишингизда қайси бадиий китоблар ва қайси муаллифлар муҳим ўрин эгаллаган?

— Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

— Қайси замондошингиз билан суҳбатлашишни хоҳлардингиз?

— Илон Маск.

— Қандай ҳолатда ўзингизга «мен бахтлиман» деб айтгансиз?

— Ҳар доим, ҳар сонияда шукрона келтириб, «мен бахтлиман» дейман.

— Aгар сиз ҳақингизда китоб ёзилса, унга қайси сатрлар эпиграф бўлишини хоҳлайсиз.

— Интилганга толе ёр.

«Заковат» билимдонлари билан материалнинг биринчи қисмида Бобур Ёқубов ва Фурқат Қурбоновлар, иккинчи қисмида Умид Валиев ва Жобир Аҳмедовлар билан суҳбатлар тақдим этилганди.

Саодат Умарова суҳбатлашди.