Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Танзила Нарбаева олиб борди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Кенгаш аъзолари дастлаб «Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар ижросини назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги масалани муҳокама қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон президентининг 2022 йил 25 октябрдаги «2022−2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, республика бўйича 5 284 та маҳалладаги 6 мингдан ортиқ объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 2022 йилда ушбу мақсадлар учун 2,7 трлн сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Мажлисда ҳар бир ҳудуд бўйича ишлаб чиқилган 2022−2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

«Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси сони 35,5 миллиондан ошди, жами маҳаллалар сони 9 370 тага тенг, мазкур вазифаларни амалга ошириш орқали ўрта ҳисобда 20 млн аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади. Белгиланган вазифалар кўлами нечоғлик кенг ва долзарб аҳамиятли эканлигини айни шу рақамлардан ҳам билиш мумкин. Бу ўз навбатида сенаторларнинг бевосита маҳаллаларда, одамлар билан тўғридан-тўғри иш олиб бориши лозимлигини кўрсатади. Бу борада маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик билан фаол ҳамкорликда иш олиб борамиз. Аҳолининг фикрига, таклифларига қулоқ тутамиз. Чунки фуқароларимизнинг розилиги устувор масала», — деди Танзила Нарбаева.

Ҳудудларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросини назорат қилиб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Сенат аъзолари белгиланган муддатда ҳудудларга чиқиб, ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш борасидаги лойиҳалар ижросининг боришини ўрганиши белгиланди. Мазкур жараёнга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда лойиҳалар ижроси учун масъул идора ва ташкилотлар вакиллари жалб этилади.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар, ижроси муддатидан орқада қолаётган лойиҳалар бўйича муаммоларни тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда жойида ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.