Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг Украина ҳудудидаги бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондони Сергей Суровикиннинг Днепрнинг чап қирғоғи бўйлаб Херсон вилоятида мудофаани ташкил этиш таклифига рози бўлди, деб хабар беради «РИА Новости».

«Херсон ва унга туташ аҳоли пунктлари тўлиқ таъминлана ва фаолият юрита олмайди, одамлар ҳаёти мунтазам равишда хавф остида», — деди Сергей Суровикин.

«Бунинг жуда қийин қарор эканини тушунаман. Шу билан бирга, биз, энг асосийси, ҳарбий хизматчиларимизнинг ҳаётини ва умуман ўнг қирғоқдаги чекланган ҳудудда ушлаб туриш истиқболсиз бўлган қўшин гуруҳларининг жанговар самарадорлигини сақлаб қоламиз. Бундан ташқари, куч ва воситаларнинг бир қисми операция зонасининг бошқа йўналишларидаги фаол ҳаракатлар, шу жумладан ҳужумкор ҳаракатлар учун озод қилинади», — деди қўмондон.

Сергей Суровикиннинг аниқлик киритишича, «қўшинларнинг манёври яқин орада амалга оширилади, қўшинлар ва бўлинмалар Днепр дарёсининг чап қирғоғида мудофаа чизиғи ва муҳандислик нуқтаи назаридан тайёрланган позицияларни эгаллайди».

Шунингдек, у аввалроқ эълон қилинган эвакуация вақтида минтақадан 115 мингдан ортиқ одамни олиб чиқишга эришилганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи охирида Россия ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск ва Донецк халқ республикалари, шунингдек, босиб олинган Украинанинг Запорожье ва Херсон вилоятларида ўзининг федерал субъектлари таркибига кириши бўйича референдумлар ўтказган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, қўшилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.