Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар бермоқда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари дунёдаги мураккаб вазият, транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш занжирларидаги узилишлар, энергоресурслар билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистонга ҳам таъсир қилаётганини таъкидлади. Жаҳон молия бозорларидаги ўзгаришлар таъсирида четдан жалб қилинадиган ресурслар нархи ошаётганини қайд этди.

9 ойда саноат 5,3 фоизга ўсди. Лекин 65 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш 1,6 триллион сўмга камайган. Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига ишлаб чиқариш қисқарган тармоқлардаги корхоналарга айланма маблағи, солиғи, транспортига ёрдам бериб, тўла қувватга чиқариш бўйича топшириқ берди.

2022 йилда саноат зоналари инфратузилмасига 1,2 триллион сўм ажратилди. Лекин, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида маблағларнинг 40 фоизини ҳам ўзлаштирилмаган, деди президент. У мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига ҳалигача инфратузилма олиб борилмаган саноат зоналарига шахсан бориб, ишларни охирига етказиш топшириғини берди.

Охирги 6 ойда ҳамкор давлатлар бозорларига маиший техника экспорти — 3 баробар, трансформатор — 3,6 баробар, тиббий буюмлар — 9 баробар, трикотаж мато — 2 баробар ошди.

Президент агар мис, ПВХ, металл, полипропилен хом ашёларини кўпроқ олиш имконияти яратилса, тадбиркорлар экспортни бир неча баробар ошириши мумкинлигини айтди. Бироқ масъул вазирликлар бу масалалар билан шуғулланмаётганини танқид қилди.

Мамлакатда гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун йилига 70 минг тонна полипропиленга талаб бор. Бироқ, биржага 2 баробар кам полипропилен қўйилмоқда. Натижада нарх 30 фоизга ошиб, тоннаси 1 минг 800 долларга кўтарилган. Худди шундай, мебелчиликда ишлатиладиган формалин ички бозорда 260 доллардан сотиляпти (рақобатчи бозорларга нисбатан 60 долларга қиммат).

Шавкат Мирзиёев 1 декабргача ишлаб чиқарувчи ва трейдерлар билан ишлаб, етишмаётган хом ашёни четдан олиб келиш ҳисобига захира яратиш ва график асосида уни биржага қўйиш топшириғини берди.

Ўзбекистон GSP+ тизимига қўшилганига бир йилдан ошди. Европа бозорида сотиладиган тайёр маҳсулотлар учун транспорт харажатларига 70 фоизгача субсидия берилмоқда. Лекин GSP+`га кирадиган 6 минг 200 та божсиз маҳсулотнинг бор-йўғи 325 тури экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди.

«Сабаби — корхоналаримиз йирик етказиб бериш занжирларига қўшила олмаяпти, халқаро сертификати йўқ. Сифати яхши бўлса ҳам, маҳсулотини сота олмаяпти. Шу муносабат билан мутасаддиларга Европага келгуси йилда саноат экспортини 600 та маҳсулотга, экспорт ҳажмини 700 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди», — деди давлат раҳбари матбуот котиби.

Тўқимачиликда кейинги йилда ички бозорга қўшимча 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 4,3 миллиард долларга етказиш топширилди. Бунинг учун:

  • Европа, Туркия, Миср, Марокашга газлама, трикотаж мато экспортига транспорт харажатлари 2024 йил 1 январгача 70 фоиз қоплаб берилади;
  • камида 50 хил турдаги янги текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш дастури тасдиқланади;
  • янги турдаги тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига 100 миллион доллар, гиламчилик учун 50 миллион доллар йўналтирилади;
  • тўқимачилик индустриал зоналари инфратузилмасига 200 миллиард сўм йўналтирилади;
  • йил якунига қадар Туркия, Эрон, Бельгиядан технология ва мутахассислар (дизайнер ва технолог) олиб келинади.

Июнь ойида президент йилига қўшимча 9 миллиард доллар даромад олиш учун ип-калавани тайёр маҳсулотга қайта ишлаш тезлигини оширишни топширганди. Шунингдек, тўқимачилик саноатига 50 та хорижий брендни жалб этиш вазифасини қўйганди.