8 ноябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида иккита йўловчи ташувчи автобус тўқнашиб кетди. Бу ҳақда «Экспресс К.» нашри хабар берди.

Воқеага гувоҳ бўлганларнинг айтишича, 98 ва 201-йўналишдаги автобуслар бир-бири билан урилиб кетиши оқибатида боғ томонга бурилиб кетган. ЙТҲда 20 га яқин одам жабрланган.

Шаҳар полицияси воқеа жойини кўздан кечирмоқда. Авария натижасида иккала томон ҳам жиддий зарар кўрган, автобусларнинг ойналари синган.

Воқеа жойида бўлган Олмаота шаҳар ҳаракатланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Симбат Мирзагуловнинг айтишича, автобуслардан бири хусусий ташувчига тегишли.

«98-йўналиш хусусий ташувчига, 201-йўналиш коммунал ташувчига тегишли. Бахтсиз ҳодисанинг барча ҳолатлари аниқланмоқда, кейинроқ маълумот тақдим қилинади», — деди Мирзагулов.

Олмаота шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, ЙТҲда жами 19 киши жабрланди, бир киши тиббий ёрдамдан бош тортди.17 киши турли тан жароҳатлари билан шаҳар шифохоналарига етказилган. Бир жабрланувчи тез ёрдам келгунига қадар вафот этган, дейилади хабарда.