AlterEgo лойиҳаси навбатдаги сонини Афғонистонга бағишлади. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев лойиҳага берган интервьюсида мамлакат муваққат ҳукумати ўз ҳудудида наркомания ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга қарши қандай курашаётгани ҳақида гапирди.

«Кобулда деярли қуриб қолган Кобул дарёси бор. Аввалги тузум даврида минглаб наркоманлар куппа-кундузи мана шу дарёнинг тубига тушишарди: адёлларга ўралволиб, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишар, гиёҳванд моддалар сотишарди. Полиция, ҳарбийлар — олдинги тузум даврида ҳеч ким бу борада ҳеч нарса қилмаган. Ҳозир Кобулда ҳам, Мозори Шарифда ҳам, Қандаҳорда ҳам бундай очиқ притонларни кўрмайсиз», — деди Исматулла Иргашев.

Фото: Иля Варламов. 2021 йил август

Махсус вакилнинг сўзларига кўра, толиблар 13 минг нафар наркоманни мажбурий даволаниш учун тиббий муассасаларга юборган ва ҳозирда халқаро ҳамжамиятдан гиёҳвандларни даволаш учун шифохона қуришда ёрдам сўрамоқда.

«Афғонистон Муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари Абдул Салам Ҳанафий мамлакатда 5 миллиондан ортиқ гиёҳвандлар борлигини, улардан бир миллионга яқини аёллар ва болалар эканлигини ва бу ҳал қилиниши керак бўлган жуда жиддий муаммо эканини таъкидлаб, ёрдам сўрамоқда. Аввалги тузум даврида мен бунга қарши кураш бўйича ҳеч қандай дастур кўрмаганман», — деди Исматулла Иргашев.

Бошловчи Кирилл Алтманнинг таъкидлашича, Ғарб ОАВларига кўра, Афғонистондан гиёҳванд моддалар савдоси сезиларли даражада ошган.

«Ҳозирда кўплаб экин майдонлари „Талибон“ томонидан йўқ қилинган, бироқ тайёр наркотиклар наркотрафиги ҳақида гапирадиган бўлсак, улар олдиндан тайёрланган деб ҳам айтишимиз мумкин. Бу захиралар, бу ҳозирги ишлаб чиқариш эмас. Бу кичик лабораториялардаги фабрикаларда қиммат гиёҳвандлик моддаларигақайта ишланиб, тарқатиладиган захиралардир. Ҳа, бу кузатилмоқда, чунки мамлакат жуда оғир иқтисодий аҳволда», — дея таъкидлади Афғонистон бўйича махсус вакил.

Исматулла Иргашев гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва сотиш Афғонистон иқтисодиётига катта ёрдам, деган фикрни тасдиқлади.

«Бир неча йил олдин мен Ғарб ҳарбийлари билан гаплашганман. Мен: „Афғон деҳқонлари афюн, кўкнори ва ҳоказоларни қаерга экишини яхши биласиз. Нега бу далаларни вайрон қилмайсиз, ёқиб юбормайсизларми?“ — деб сўраганман. Шунда улар менга: „Унда халқ қандай яшайди?“ — дея жавоб беришганди. Яъни Ғарб ҳарбийлари менга: „Биз уларни йўқ қила олмаймиз, чунки у ҳолда халқни даромад манбаи, оиласини таъминлаш манбаидан маҳрум қилган бўламиз“, — дейишганди».

«Иқтисодиётда тартибсизликлар ҳукм сурар экан, гуманитар инқироз мавжуд экан, Афғонистон нафақат гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш, гиёҳванд моддалар савдоси манбаи, балки, афсуски, радикал, экстремистик кучлар ва террористик оқимлар манбаи ҳам бўлиб қолади. Нега ИШИД Афғонистондан ҳалигача йўқ қилинмаган? Чунки том маънода арзимаган сариқ чақага бўлса ҳам ёшлар исломий давлат сафига қўшилишга тайёр, оиласини пул ёки озиқ-овқат билан таъминлаш учун ўзларини оёқ ости қилишга тайёр», — дея таъкидлади дипломат.

«Шунинг учун президентимиз [Шавкат Мирзиёев] Афғонистонни ҳозирда бу муаммолар билан ёлғиз қолдириш мумкин эмаслигига эътибор қаратмоқда. Акс ҳолда, бу нафақат бизга, балки глобал миқёсда бутун минтақага [таъсир қилади]», — дея қайд этди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил апрель ойида Афғонистон муваққат ҳукумати кўкнори ва наркотик моддалар ишлаб чиқариладиган барча ўсимликлар етиштиришни қатъиян ман қилган эди. Бироқ, БМТнинг Наркотиклар бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, бу йилги ҳосил ушбу фармон билан деярли қамраб олинмаган. Афғон фермерларининг кўкнори сотишдан олган даромади 2021 йилдаги 425 млн доллардан 2022 йилда 1,4 млрд долларга кўтарилган. БМТТД маълумотларига кўра, 2022 йилда йиғиб олинган кўкнори ҳосилидан 350−380 тонна героин ишлаб чиқариш мумкин.