Таълим соҳасида велосипед ихтиро қилмаслик керак, деди Ўзбекистонда Финляндия таълим тизимини жорий этишга масъул ҳисобланган Президент администрацияси раиси ўринбосари Комил Алламжонов. «Дунёда синовдан ўтган энг илғор тизимни шартта олиб, ўзимизга адаптация қилиш керак», деб ёзди у пайшанба куни ўзининг Telegram-каналида.

«Математика бутун дунёда математика, физика ёки химия қонунлари бутун дунёда бир хил. Дарсликлар сифати ва ўқитиш методикаси ҳар хил. Улардан Ўзбекистон учун энг маъқули, бу — Финляндияники, деб қарор қабул қилди мутахассислар», — дея қайд этиб ўтди у.

«Финляндия таълим соҳасидаги энг илғор давлатлардан бири. Ва рейтингларда доим энг юқори ўринда. Шунинг учун ҳам президентимиз Финляндия тажрибасини бизда қўллаш топшириғини берди», — дея қўшима қилди Комил Алламжонов.

«1−4-синфлар учун ўқув мажмуалари ўзимизнинг мутахассислар томонидан фин стандартлари асосида тайёрланмоқда. 5−11-синфларнинг миллий мафкурамизга боғлиқ қисмлари, яъни тарих, ўзбек тили, адабиёт кабиларини ўзимизнинг [миллий мутахассисларимиз томонидан тайёрланиши керак]. Табиий фанлар, яъни физика, химия, биология, анатомия кабилар бўйича эса энг зўр, тажрибада синалган, катта натижа берадиганини, тайёрини олиб, ўзимизга мослаштирамиз», — деди у.

«Қисқа айтса, қўлимиздан келганини ўзимиз [қиламиз], келмайдиганининг эса тайёрини оламиз. Шунда ҳам вақтдан ютамиз, ҳам сифатга эришамиз, ҳам муаллифлар етишмовчилиги масаласини ёпамиз, иншаоллоҳ! Президент администрацияси шу ишларни мувофиқлаштиряпти, Халқ таълими вазирлиги ташкил қиляпти. Қисқача ҳисобот шу, дўстлар. Саволлар бўлса, [жавоб беришга] тайёрман», — деб ёзди Комил Алламжонов.

Алламжоновнинг бу пости эълон қилинган вақт «Газета.uz»да таълим соҳаси бўйича мутахассис Комил Жалиловнинг Финляндия таълим тизимига бағишланган мақоласи чоп этилиши билан бир вақтга тўғри келди. Жалиловнинг қайд этишича, бошқа мамлакат тажрибасини кўчириш — изчил ўйлаб қабул қилиниши керак бўлган ва миллат тақдирига таъсир кўрсатадиган қарордир; у ўз мақоласида ваколатли органлар олдига саволлар қўйиб, уларни очиқ муҳокама қилишга чақиган. 2020 йили қабул қилинган Миллий таълим дастурини ишлаб чиқишда айнан шундай муҳокамалар бўлиб ўтган эди. Ушбу дастур доирасида бир қатор фанлар бўйича янги дарсликлар ишлаб чиқилган эди.