Саудия Арабистони разведка маълумотларини АҚШ билан бўлишиб, уни подшоҳликдаги марраларга Эроннинг «муқаррар ҳужумлари»дан огоҳлантирди. Бу ҳақда Wall Street Journal расмий шахсларга таянгани ҳолда хабар бермоқда.

Хабарда Саудия Арабистони ва АҚШ вакилларининг сўзларига асосланган ҳолда қайд этилишича, ушбу ҳолат Яқин Шарқдаги Америка ва бошқа мамлакатлар ҳарбийлари жанговар шайлигининг оширилишига сабаб бўлган.

«Расмийларнинг сўзларига кўра, Саудия Арабистонининг огоҳлантиришига жавобан, АҚШ ва бошқа бир қатор қўшни мамлакатлар ўз қуролли кучларининг жанговар шайлигини оширди», — деб ёзмоқда WSJ.

Разведка маълумотлари билан алмашинув ҳолатини тасдиқлаган расмийлардан бири вазиятни «яқин вақт ёки 48 соат ичида юз бериши мумкин бўлган» ҳақиқий ҳужум таҳдиди сифатида таърифлаган. Бироқ АҚШнинг минтқадаги бирор бир элчихонаси ёки консуллиги Саудия Арабистони ёки Яқин Шарқнинг бошқа бир нуқтасидаги америкаликлар учун огоҳлантириш ёки йўриқнома чиқарганича йўқ.

Саудия Арабистонининг огоҳлантиришига жавобан Қўшма Штатлар вазиятдан хавотирда экани ва «зарурат туғилганида ўйланиб ўтирмай жавоб қайтарилажаги»ни маълум қилди, дея хабар бермоқда Al Jazeera.

«Биз хавф манзарасидан хавотирдамиз ва Саудия Арабистони вакиллари билан ҳарбий ва разведка каналлари орқали доимий мулоқотни сақлаб қоламиз, — дейилади АҚШнинг Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан сешанба куни берилган байёнотда. — Биз минтақадаги манфаатларимиз ва ҳамкорларимиз ҳимояси учун ўйланиб ўтирмай ҳаракатга киришамиз».

АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Нед Прайснинг маълум қилишича, Вашингтон минтақадаги мавжуд таҳдидлар юзасидан Ар-Риёд билан доимий мулоқотда ҳамда ўз манфаатлари ва иттифоқчилари ҳимояси учун ҳаракат қилишга тайёр.

Al Jazeera’нинг хабар беришича, октябрь ойида Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Саудия Арабистонини огоҳлантириб, ундан, хусусан, Лондонда жойлашган форс тилидаги янгиликлар каналлари орқали Эрондаги норозилик намойишлари кескин ёритмасликни талаб қилганди. Эрондаги намойишлар сентябрдан бери давом этмоқда.

«Бу бизнинг сўнгги огоҳлантиришимиз, чунки сиз бу ОАВлар орқали бизнинг ички ишларимизга аралашмоқдасиз, — дея Al Jazeera корпус қўмондони Ҳусайн Саломийнинг сўзларидан иқтибос келтирган эди. — Сиз бу ишга аралашгансиз ва нозик жойларингиз борлигини биласиз».

Эрон судлов ҳокимиятининг халқаро алоқалар бўйича ўринбосари Козим Ғарибободийнинг сўзларига кўра, Эрон судлов тизими телетармоқларни ишга тушириб, уларни қўллаб-қувватлаётган Буюк Британия ва Саудия Арабистони каби мамлкатларнинг намойишчиларни фитнага ундашдаги ролини инкор қилмайди.

Октябрь ойи охирида Эрон Разведка вазирлиги ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Маҳса Аминийнинг ўлими сабаб мамлакатда ўн минглаб одамлар иштирокида давом этаётган тартибсизликлар ва норозилик намойишлари тўлиқ АҚШ, Буюк Британия, Исроил ва Саудия Арабистонининг разведка хизматлари томонидан ишлаб чиқилиб, амалга оширилгани ҳақида баёнот берган эди.