Payme, Click ва Apelsin сешанба куни оқшомда QR-код, штрих-кодни сканерлаш воситасида, Telegram-каналлар орқали тўловларни амалга ошириш ва маркетплейсларнинг мобил дастурлари билан интеграцияларнинг қайта тикланганини маълум қилди.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси тўлов ташкилотларидан фискал чек тақдим этиш ва солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишни 2022 йил мартидан бери талаб қилиб келаётган эди. Интеграция жараёни бир неча бор кечиктирилган, 1 ноябрдан бошлаб эса ДСҚ ушбу талабни бажармаётган компанияларни жазолашга қарор қилган.

Солиқ қўмитасининг жазо санкцияларидан қочиш мақсадида тўлов тизимлари сешанба куни жойида тўлаш имкониятларини ўчириб қўйди, чунки улар ДСҚ тизимлари ҳали тўлиқ интеграция қилиб улгурмаган эди. Бу жараёнда тўловларни фискаллаштирган компаниялар ҳам чекловга тушиб қолди.

ДСҚ норозилик билдираётганлар қонунчиликни ўзгартириш мақсадида талабларни «қасддан бузиб талқин қилаётганлиги»ни маълум қилди, бизнес вакиллари эса қўмитанинг ўзи йўриқномалар билан ишлашга тайёр эмаслигини билдирди. Шунга қарамай, тўққиз соатлик узилишдан сўнг ДСҚда электрон тўлов ташкилотлари, техник хизмат кўрсатиш марказлари вакиллари, ДСҚнинг «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази мутахассислари ҳамда фискал маълумотлар оператори иштирокида учрашув бўлиб ўтган.

ДСҚ хабарига кўра, октябрь ойида бўлиб ўтган ва ишчи гуруҳ тузилган сўнгги учрашувдан буён «ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилган».

«Ўз навбатида, ДСҚ электрон тўлов ташкилотларига тўловларни фискаллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришини ва мақсад тадбиркорларни жазолаш эмаслигини билдирди. Шу билан бирга, тўлов ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида максимал даражада тизимли ишлар амалга оширилади. Ўз навбатида, ДСҚ томонидан техник ва амалий ёрдам кўрсатилади», — дейилади қўмита ахборотида.

Шундан сўнг тўлов хизматлари аввал ўчирилган тўлов турларининг қайта тикланаётганини маълум қила бошлади. Apelsin таъминотчиларга тўловлар, QR-кодли тўловлар ва жойида тўловларни 15 ноябрга қадар тиклаганини билдирди. Компания таъминотчилардан ушбу санага қадар маҳсулот ва хизматларнинг идентификацион кодлари (МХИК)ни тақдим этишни сўради. Payme ва Click бундай муҳлат кўрсатмаган. Express24 хизмати ҳам буюртмалар учун онлайн-тўловлар қабул қилиш қайта тикланганини маълум қилди.