Ўзбекистон Афғонистонда Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш жараёнини якунига етказди. Жараённинг якунига бағишланган тантанали маросим 25 октябрь куни бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, «Ўзавиация» агентлиги, «Ўзаэронавигация маркази», Uzbekistan Airports, Ўзгидромет ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этди, дея хабар қилди ЎзА.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон афғон томонининг илтимосига биноан аэропортни реконструкция қилишда ёрдам бериш учун 30 кишидан иборат техник гуруҳ юборгани ҳақида ёзган эдик. Ўзбекистонлик мутахассислар бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда — аэронавигация ва метеорология жиҳозларини таъмирлаш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, шунингдек, аэропортнинг электр таъминотини тиклаш бўйича ишларни амалга оширди.

Тадбирда аэропорт объектларини ишга тушириш ва унинг фаолиятини тиклаш учун жиҳозларни қабул қилиш бўйича ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Мозори Шариф аэропортининг қайта тикланиши Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станакзий Ўзбекистон президенти ва халқига миннатдорлик билдирди.

Фото


Фото: Носиржон Ҳайдаров / ЎзА.