31 октябрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш борасида чегара қўшинлари, мудофаа, божхона хизмати, ички ишлар органлари ва маҳаллалар ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари: тажриба, самаралар ва истиқболдаги вазифалар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Унда ДХХ Чегара қўшинлари, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этди.

«Қўшни давлатларда юзага келаётган кескин ижтимоий-сиёсий вазиятнинг мамлакатимизга таъсирининг олдини олиш, тезкор-криминоген ва ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини сақлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турли кўринишдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ходимларидан иборат 120 та „мобил гуруҳлар“ фаолияти ташкил этилган», — дея қайд этилди тадбирда.

Бундан ташқари, Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил март ҳамда август ойларида 1,6 млн киши истиқомат қилаётган чегарадош аҳоли масканларида «Чегара-тозалаш» тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилган.

Чўпон, овчи ва ўрмон хўжалиги ходимларини жалб қилган ҳолда 2022 йилнинг ўтган даври давомида чегараолди, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда 2 154 маротаба развед-қидирув тадбирлари ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Афғонистоннинг 24 нафар фуқароси Сурхондарё вилоятидаги Амударёдаги Пайғамбар оролига қизилмия илдизини ноқонуний олиб чиқиб кетиш учун киргани ҳақида хабар берилган эди. Улар Ўзбекистон чегарачиларига қаршилик кўрсатган ва сўнгра қўлга олинган. Тўқнашув чоғида Афғонистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди, олти нафари яраланди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «ҳар икки томонда ҳам алоҳида қоидабузарликларга йўл қўйилгани, бу ҳудудда кескинликка олиб келганини» маълум қилди.