27 октябрь куни кечки пайт президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги газдан узилган иссиқхоналар эгалари билан учрашди.

Исми сир қолишини илтимос қилган тадбиркорнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, соат 21:00 да Вазирлар Маҳкамасида бошланган мулоқот 23:30ларгача давом этган. Учрашув бўлиб ўтгани ҳақида ЎзА ҳам жума куни эрталабдан хабар тарқата бошлади.

«Кеча энергетика вазирлигида бўлган учрашувда қатнашган масъуллар, вилоят ҳокимлари (Zoom орқали) ва Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудидаги бешта йирик иссиқхоначилар билан Сардор Умурзаков йиғилиш ўтказди. Администрация раҳбари газ берилишини сўраб, Тошкентда тўпланганимиздан хабардор эканлигини, ўша куни Тошкентда эмаслиги учун учраша олмаганлигини, бу президентгача етиб борганини таъкидлади», — деди иссиқхоначи.

Унинг қўшимча қилишича, йиғилишда тадбиркорлар ҳам сўзга чиқиб, уларнинг муаммолари, фикри ва таклифлари эшитилган.

«2022−2023 йилда ҳеч бир иссиқхоначи газдан узилмаслиги, бугун 28 октябрь куни ҳамма иссиқхоначилар тўлиқ газга уланиши, буни шахсан Сардор Ўктамовичнинг ўзлари назоратга олишини айтди. Шунингдек, бугун кечгача қайси тадбиркор газга уланмаса, ўша ҳудуднинг газ раҳбари жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди. Иссиқхоначилар маҳсулотларини асосан, февраль ойидан сотишни бошлайди. Шу боис унгача газ тўловини бўлиб-бўлиб амалга ошириш бўйича ҳам топшириқ берилди», — деди тадбиркор учрашув ҳақида хулоса қиларкан.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Сардор Умурзаков иссиқхоналарнинг ёппасига ва бирданига муқобил ёқилғига ўтиши ҳақидаги фикрларга эътироз билдириб, буни танқид қилган.

«Ҳамма тадбиркорлар муқобил ёқилғига ўтишидан олдин бирор корхона ёки ҳудудда синов ўтказилиши, унинг натижаси бўйича давлат раҳбарига тақдимот қилиниши, агар президентга бу маъқул келса, сўнгра босқичма-босқич ўтилиши айтилди. Қисқаси, кечаги кетма-кет учрашувлар ва муаммоларимиз тингланганидан, кўксимизга шамол текканидан хурсандмиз. Давлат раҳбари, Сардор (Умурзаков) Ўктамович ва қишлоқ хўжалиги вазири Азиз (Воитов) Ботировичга миннатдорчилик билдирамиз», — деди иссиқхоначи.

Эслатиб ўтамиз, 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларида газдан узилган иссиқхоналар эгалари ўзининг норозилигини билдириб, Тошкентга келганди. Шу куни улар президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков билан учрашолмай, Вазирлар Маҳкамасига йўналтирилганди. Ҳукумат вакиллари уларнинг таклифлари бош вазирга етказилигини айтишганди.

27 октябрь Энергетика вазирлиги биносида иссиқхоначилар ва ҳукумат вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтгани, иссиқхоналар газдан узилмайдиган бўлгани ҳақида хабар берилганди.