Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 395,11 мингдан ортиқ Россия фуқароси туризм мақсадида келган, бу ўтган йилнинг шу даврига (190,5 минг) нисбатан 2,1 баробар кўпдир. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. Кетганлар ҳақида маълумотлар берилмаган.

Келганларнинг 55,9 фоизи ёки 220,7 минг нафари эркаклар, 44,1 фоизи ёки 174,4 минг нафари аёллардир.

Февраль ойидан буён Ўзбекистонга келаётган Россия фуқаролари сони ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксарияти — 209,5 минг (53%) охирги уч ойда келган. Биргина сентябрь ойида 78,3 минг россиялик чегарани кесиб ўтган.

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга келган Россия фуқаролари сони

Ойлар
Барча келганлар
эркаклар
аёллар
январь
16 604
10 381
6 223
февраль
14 173
9 170
5 003
март
24 625
14 589
10 036
апрель
29 284
16 407
12 877
май
47 493
26 249
21 244
июнь
53 421
28 169
25 252
июль
61 608
31 903
29 705
август
69 648
35 607
34 041
сентябрь
78 254
48 213
30 041

Жума куни ЎзА ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига таяниб, тўққиз ой ичида мамлакатга 318 156 нафар россиялик келганини маълум қилди. Давлат статистика қўмитасининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ИИВ статистик маълумотларида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Россия фуқаролари назарда тутилган бўлса, қўмита чегарани кесиб ўтган барча фуқароларни ҳисобга олади.

Мамлакатга кирувчи россияликлар кирган кундан бошлаб 15 кун ичида рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод қилинган (июнгача бу муддат 7 кун эди), сўнгра улар ички ишлар органларида рўйхатдан ўтишлари керак. Миграция бошқармаси 210 902 нафар эркак ва 107 254 нафар аёлни рўйхатдан ўтказган. Шундай қилиб, Россия фуқароларининг 80,5 фоизи Ўзбекистонда 15 кундан ортиқ бўлган ёки бўлишда давом этмоқда.

Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 128 981 нафар россиялик, яъни ҳар ойда ўртача 21,5 минг РФ фуқароси рўйхатга олинган. Сўнгги уч ой ичида эса ўртача кўрсаткич 3 баробарга ошди.

Хусусан, 189 175 нафар Россия фуқароси ёки деярли 60 фоизи фақат охирги уч ойда, яъни ойига ўртача 63,1 минг киши рўйхатга олинган. Июль-август ойларида 121 757 эркак ва 67 688 аёл рўйхатдан ўтган.