Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкент — Дубай йўналишида FZ-1942 рейсини амалга ошираётган самолёт Тошкент вақти билан соат 07:37 да Эроннинг Шероз шаҳри аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Фавқулодда қўнишга самолёт экипаж аъзоларидан бирининг аҳволи ёмонлашгани сабаб бўлган. Шундан сўнг, экипаж томонидан энг яқин аеропортга қўниш ҳақида қарор қабул қилинган.

«Бортида 172 йўловчи бўлган самолёт Тошкентдан соат 04:37 да ҳавога кўтарилган ва Тошкент вақти билан 07:50 да Дубай аеропортига қўниши керак эди. Бироқ мажбурий қўниш туфайли парвоз кечиктирилмоқда», — дейилади хабарда.

Хабарга кўра, компания барча йўловчиларни озиқ-овқат ҳамда ичимлик сублари билан таъминлаган. Ҳозирда самолёт Дубайга учишга ҳозирлик кўрмоқда.