UzAuto Motors 2023 йилда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини 500 мингтага етказмоқчи. Компаниянинг Асакадаги (Андижон вилояти) автомобиль заводида «Ўзавтосаноат», UzAuto Motors ва General Motors компаниялари ўртасида бу ҳақдаги шартнома имзоланди.

Имзолаш маросими General Motors International президенти Шилпан Амин бошчилигидаги компания делегациясининг Асакадаги UzAuto Motors заводига ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

UzAuto Motors матбуот хизматининг хабар қилишича, ушбу кўрсаткичларга эришиш учун янги моделлар ишлаб чиқаришдан ташқари, Cobalt ва Damas автомобилларининг ҳар бирини ишлаб чиқариш қувватини 150 минг донагача оширишга қарор қилинди.

Белгиланган мақсадларга эришиш учун General Motors компанияси бутловчи қисмларни узлуксиз етказиб беришда қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. General Motors билан биргаликда UzAuto Motors заводи ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширади, узоқ муддатли истиқболда у 1 миллион дона автомобилни ташкил этади.

Бундан ташқари, томонлар UzAuto Motors`ни МДҲ давлатлари орасида автомобиль ишлаб чиқариш бўйича етакчига айлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги, шунингдек, Қозоғистон ва Озарбайжон билан автомобилларни кичик тармоқда ишлаб чиқаришни (CKD) муваффақиятли ташкил этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди, дейилади хабарда.

Учрашув якунида «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors General Motors билан ишлаб чиқариладиган автомобиллар линиясини янгилаш, заводлар қувватини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қатор шартномалани имзолади.

Октябрь ойида UzAuto Motors жисмоний ва юридик шахслар сотиб олиши мумкин бўлган акцияларини биржага жойлаштириш бошланганини маълум қилди. Тақдимотда компаниянинг ишлаб чиқариш ҳажми 340 минг дона автомобиль экани, тўрт йил ичида 500 мингга етиши режалаштирилгани айтилганди.