UzAuto Motors компанияси 6 октябрь куни IPO — акцияларни биржага жойлаштириш бошланганини маълум қилди. Бу Ўзбекистонда йирик давлат компанияси томонидан биринчи оммавий таклиф (IPO) ҳисобланади.

Автомобиль ишлаб чиқарувчисининг маълум қилишича, компания жисмоний ва юридик шахслар сотиб олиши мумкин бўлган 5% гача акцияларини «Тошкент» Республика фонд биржасига жойлаштиради. Июлда ўтказилган тендерда Freedom Broker инвестиция компанияси IPO бўйича андеррайтер сифатида танлаб олинган эди.

«IPO`га мўлжалланган 23та банк ва компаниялар орасида биринчи бўлиб UzAuto Motors акцияларини „Тошкент“ фонд бозорига жойлаштириш учун маркетинг тадбирларини бошлади. Бу жуда машаққатли йўл, бугунги кунга қадар компания жамоаси жуда кўп ишларни амалга оширди. Шу кунгача компания катта трансформация жараёнини амалга оширди, молиявий ҳисоботларини халқаро стандартларига келтирди, халқаро кредит рейтинглари олди ва катта машаққатлардан сўнг халқаро облигацияларини Лондон фонд биржасига жойлаштирди», — деди Одилбек Исоқов.

«UzAuto жамоасининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва давлат раҳбарининг бевосита кўмаги билан UzAuto Motors зарар кўрувчи ва субсидияланган компаниядан хорижий мамлакатларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган энг йирик ва энг даромадли автомобил ишлаб чиқарувчи корхонага айланди», — деди «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов.

«Таҳлилчилар IPO`дан сўнг автомобиль ишлаб чиқарувчиси акциялари нархи ошишини кутишмоқда, чунки бу ишончли ва фойда келтирувчи корхона», — дея изоҳ берди Freedom Broker ижрочи директори Евгений Можейко.

1993 йилда ташкил этилган UzAuto Motors 2020 йилдан буён Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилар ўнлигидан жой олиб келмоқда. Даромад беш йил ичида 2,6 бараварга — 1,33 млрд доллардан (2017 йилда) 3,5 млрд долларга (2022 йилда) ўсди. 2026 йилга келиб, даромадларни 5,28 млрд долларга етказиш режалаштирилган.

Соф даромад 82 млн доллардан 280 млн долларга ошди ва 2026 йилда 459 млн долларга етиши кутилмоқда.

Бу даврда ишлаб чиқариш ҳажми 2,4 бараварга — 140 мингтадан 340 мингтагача ошган. Тўрт йил ичида UzAuto Motors йилига 500 минг дона автомобиль ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

2022 йилда прогноз қилинган 48,3 мингта автомобиль экспортини 2026 йилда 100 мингтага етказиш режалаштирилган.

2021 йилда Chevrolet русумли автомобиллар ишлаб чиқарувчиси Лондон фонд биржасига 300 млн долларлик еврооблигацияларни жойлаштирди. Кейин талаб таклифдан 5 баробар ошиб кетди.