Миср пойтахти Қоҳирада ўтган ўқ отиш спорти бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ёшлар термаси кумуш медални қўлга киритди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси.

Дунё биринчилигида 10 метрдан пневматик тўппончадан отиш бўйича жамоавий баҳслар якунлари бўйича Муҳаммад Камолов, Вениамин Никитин ва Илҳомбек Обиджонов шоҳсупага кўтарилди.

Бу ўқ отиш спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун жаҳон чемпионатида қўлга киритилган илк медаль сифатида қайд этилди.

Сешанба куни терма жамоа Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Тадбирда Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.

Терма жамоа кичик танаффусдан сўнг олдинда турган бошқа нуфузли мусобақаларга тайёргарликни давом эттиради, дейилади хабарда.