Келгуси икки йилда Тошкент метрополитенидаги станцияларнинг барчаси хатловдан ўтказилиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилади. Бу ҳақда 21 октябрь куни ўтказилган Сенат Кенгаши мажлисидан сўнг «Газета.uz» мухбирининг саволига жавоб берган Транспорт вазирлиги депарматент бошлиғи Руслан Рўзиметов маълум қилди.

Мажлисда асосий эътибор шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларидан монеликсиз фойдаланишлари учун мослаштиришга қаратилди. Унда, жумладан, Тошкентдаги ижтимоий объектларнинг 85 фоизи ногиронлиги бор шахсларга мослаштирилмагани маълум қилинган эди.

«Айни пайтда мамлакат бўйлаб жамоат транспортида 9 мингга яқин автобус фаолият кўрсатади. Шундан 1100 га яқини ёки 13−15 фоизи ногиронлар учун мўлжалланган пандусли автобус ҳисобланади. Булар ҳам охирги беш йил ичида янги олинган автобуслардир», — деди Руслан Рўзиметов. Унинг айтишича, йиғилишда мавжуд автобусларни хатловдан ўтказиб, уларни ҳам ногиронлиги бор шахсларга мослаштириш ва 2023−2024 йилларда улар учун шароити бор автобусларни харид қилиш масаласи муҳокама қилинган.

«Шунингдек, автовокзаллар, метро станциялари, бекатларда пандусларнинг йўқлиги, ногиронларга шароитлар яратилмагани ҳамда ҳожатхоналар, йўл инфратузилмалари ва кўприклар билан боғлиқ муаммолар ҳам кўриб чиқилди. Бу масалаларга асосий ечим сифатида ҳар қандай янги лойиҳада ногиронларнинг эркин ҳаракатланиши кўзда тутилиб, сўнг уни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Мисол учун, янги қурилаётган метро станцияларида шароитлар мавжуд. Аммо эски станцияларда йўқ», — деди у.

Унга кўра, мажлисда 1 декабрга қадар барча метро станцияларини хатловдан ўтказиб, 2023−2024 йилларда уларни қайтадан реконструкция қилиш ва шароитлар яратиш топшириғи берилган. «2022 йил охиригача бу бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади ва жараён келгуси икки йил мобайнида якунланади», — дея таъкидлади Руслан Рўзиметов.

Қайд этиш жоиз, метрополитендаги, хусусан, унинг янги фойдаланишга топширилган бекатларидаги муаммоли жиҳатлар ушбу мажлиснинг ўзида сенатор Одилжон Иминов томонидан кўрсатиб ўтилди.

«Метро станцияларининг кўплари пандуслар билан жиҳозланмаган, бу эса шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермайди. Масалан, Қўйлиқ бозоридаги (2020 йил августида очилган — „Газета.uz“ изоҳи) 7-бекатда пандус қиялиги 45 даражани ташкил этмоқда. Амалда эса 8 даража бўлиши керак. Вагон ва перрон орасидаги бўшлиқ аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган шахслар учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқармоқда», — деганди сенатор.

Сенатор Иминов айтган, Қўйлиқдаги 7-бекатда жойлашган қиялиги 45 даража бўлган пандус. Фото: «Газета.uz»

Сенатор, шунингдек, «Чилонзор» станциясида 2022 йил бошида ишга туширилган ва Тошкент метрополитенида дастлабки ҳисобланган ҳожатхонанинг ногиронлиги бўлган шахслар учун ноқулайликларини ҳам санаб ўтди. «Ҳожатхоналардаги баланд остона, тор эшиклар (70 см), ушлагичларнинг мавжуд эмаслиги, қўл ювиш раковиналарининг баландлиги аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронларга улардан фойдаланиш имконини бермаяпти», — деди у.

«Газета.uz» Тошкент метросининг янги станциялари ногиронлиги бор шахслар учун ноқулай экани ҳақида мунтазам бонг уриб келади.