Тошкентдаги ижтимоий соҳаларга тааллуқли объектларнинг 85 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган. Бу ҳақда 21 октябрь куни Сенат Кенгаши мажлисида айтиб ўтилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Йиғилишда асосий эътибор шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларидан монеликсиз фойдаланиши учун мослаштиришга қаратилди.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақалаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминовнинг айтишича, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида имзоланаётган қарор ва қонунлар уларнинг манфаатларига қай даражада хизмат қилаётгани ўрганилган.


Фото: Сенат матбуот хизмати.

Кўрилаётган чораларга қарамай, ногиронлиги бўлган шахсларга инклюзив шароитлар яратиш масаласида ҳамон қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, деди у.

«Тошкент шаҳридаги ижтимоий инфратузилма объектлари ва биноларнинг 85 фоизи ҳанузгача ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тўсиқсиз фойдаланишга мослаштирилмаган. Ерости транспортидан қулай фойдаланиш учун тўлиқ шароитлар яратилмаган. Метро станцияларининг кўплари пандуслар билан жиҳозланмаган, бу эса шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермайди. Масалан, Қўйлиқ бозоридаги 7-бекатда пандус қиялиги 45 градусни ташкил этмоқда. Амалда эса 8 градус бўлиши керак. Вагон ва перрон орасидаги бўшлиқ аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлар учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқармоқда», — деди Одилжон Иминов.

Сенаторнинг қўшимча қилишича, метронинг эски йўлларидаги станциялар кўзи ожиз шахслар учун тактил қопламаларга эга эмас. Янги вагонларни инобатга олмаганда, метрополитен поездларида заиф эшитувчи инсонлар учун маълумотлар кўрсатувчи электрон таблолар йўқ.

«Чилонзор метро станциясидаги ҳожатхонани лойиҳалаштиришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин фойдаланиш имкониятлари инобатга олинмаган. Жумладан, ҳожатхоналардаги баланд остона, тор эшиклар (70 см), ушлагичларнинг мавжуд эмаслиги, қўл ювиш раковиналарининг баландлиги аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлар учун улардан фойдаланиш имконини бермаяпти», — деди у.

Таъкидланишича, ногиронлар учун шаҳар ерусти транспортидан мустақил фойдаланиш имконияти тўлиқ яратилмаган. Айниқса, аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожизлар ва қулоғи оғирларнинг эркин ҳаракатланиши учун жамоат транспортининг мослашмаганлиги, хусусан, автобус салонларида электрон ахборот таблоларининг, эшитиш мосламалари ва бошқа ёрдамчи воситаларнинг мавжуд эмаслиги мураккабликлар туғдирмоқда.

«Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси томонидан ўтказилган сўровномага асосан, ногиронларнинг 93 фоизи ерусти жамоат транспортини тўсиқсизлик нуқтаи назаридан қониқарсиз, деб баҳолаган. Йўл бўйи инфратузилма объектлари (ерости ва ерусти ўтиш йўллари) бир қатор сезиларли камчиликларга эга», — деди қўмита раиси.

Сенатор мисол тариқасида Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасидаги Ислом ота масжиди яқинида жойлашган ерусти ўтиш йўлини келтирди, у деярли стандартларга мос равишда қурилган, унга зиналар ва пандуслар ўрнатилган. Аммо аравачада ҳаракатланадиган инсоннинг чиқиши учун қулай эмас.

Ногиронлиги бўлган инсон бировнинг ёрдамисиз йўлнинг нариги тарафига ўта олмайди. Бу пандуснинг усти ёпилмаган, ногиронлиги бўлган шахслар қop ёки ёмғирда ундан чиқа олмайди, сирпанчиқ бўлиб қолади. Шунча пул сарфлагандан кўра, муаммони битта лифт билан ҳал қилса бўларди. Ногирон инсон бу пандусга чиққандан кўра, йўлни кесиб ўтишни маъқул кўради.

Одилжон Иминов. Фото: Сенат матбуот хизмати.

«Айрим ерости ўтиш йўллари ностандарт пандуслар билан жиҳозланган бўлиб, ногиронлик аравачалари ғилдираклари мазкур пандусларга сиғмайди, бу эса ҳаракатланиш имконини бермайди. Жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур эшитиш ва кўриш маълумотлари, шу жумладан рельеф нуқтали Брайль шрифтида тайёрланган кўрсаткич ва белгилар мавжуд эмас», — деди Одилжон Иминов.

Унинг сўзларига кўра, пиёдалар йўлакчаларида техник мосламалар, яъни кўзи ожизлар учун овозли ишора билан жиҳозланган светофор мавжуд эмаслиги сезиларли тўсиқлардан биридир. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг нафақат фаол ва мустақил ҳаракатланиш имкониятини тўсмоқда, балки йўл ҳаракати вақтида уларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда.

«Бу ҳолатлар ногиронларнинг ёрдамга муҳтож тарзда ҳаракатланиш учун яқинларига қарам бўлиб қолишини тақозо этмоқда. Майли, ушбу тоифадаги фуқароларимиз бир амаллаб манзилларига етиб олдилар ҳам дейлик. Уларни у ерда ҳам қийинчилик кутиб туради. Жумладан, қўмитамиз ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида ўтказилган ўрганиш давомида 4 та мактаб ва 1 та олийгоҳнинг кириш қисмида пандуслар ўрнатилмагани аниқланди. Ногиронлиги бўлган шахснинг бино ичида ҳаракатланишига тўхталиб ўтмаса ҳам бўлади», — деди сенатор.

Ўрганишлар давомида ногиронлар бозорларда улар учун махсус йўлаклар йўқлиги сабабли аравакаш ва бошқалар туртиб кетиши, ерости йўлларида сотувчилар ўтириб олганлиги туфайли туннеллардан ўтишда қийинчиликларга дуч келаётгани аниқланди.

«Биз амалдаги нормаларни ҳаётга тадбиқ этилишини таъминлай олмас эканмиз, туғма ёки орттирилганлигидан қатъий назар ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга интеграция қилишда муваффақиятга эриша олмаймиз», — деди у.