Ўзбекистонда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари ва имкониятларини кенгайтириш режалаштириляпти. Бу Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилаётган президент қарори лойиҳасидан акс этган («Газета.uz»да лойиҳанинг нусҳаси мавжуд).

Кенгашлардаги депутатлар доимий асосда ишлаши кутилмоқда. Ҳозирда бу тартиб фақат парламент палаталарида ўрнатилган, Кенгаш депутатлари эса ўз ваколатларини жамоатчилик асосида, ишлаб чиқариш ёки расмий иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга оширмоқда.

Хусусан, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда туман ёки шаҳар Кенгашларида доимий равишда 2−3 депутат ишлаши ва маҳаллий бюджетдан маош тўлаш таклиф этиляпти. Улар илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ойлик тўланадиган жойларда ишлай олмайди.

Кенгашларнинг ролини ошириш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар режалаштирилган:

  • туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод халқ депутатлари туман ҳамда шаҳар Кенгашида энг кўп ўринга эга бўлган сиёсий партия гуруҳи томонидан илгари суриш тартиби жорий этилади;
  • туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзодни халқ депутатлари Кенгашида аҳолини қийнаётган устувор муаммоларни ҳал этишга ҳамда чекланган ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича батафсил чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилгандан сўнг лавозимга тасдиқлаш амалиёти йўлга қўйилади;
  • халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларига жойлардаги ҳокимлар ўринбосарлари, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вилоят, туман ва шаҳар бўлинмалари раҳбарларини лавозимдан озод этиш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Депутатлик назоратини ўрнатиш 2023 йил 1 январдан бошлаб халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари гуруҳи томонидан тегишли туман (шаҳар) ҳокимига «ишончсизлик вотуми»ни тақдим этиш тартиби жорий этилади.

Ушбу масалани кўриб чиқиш учун Кенгаш депутатларининг камида учдан бир қисмининг овозлари талаб қилинади. Бундай қарорни қабул қилиш учун эса ҳоким томонидан вазифаларни бажаришда қонунни бузиш, манфаатлар тўқнашуви ёки маҳаллий бюджет маблағларини сарфлашда қонунчилик талаблари бузилиши асос бўлиши мумкин. Агар Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган бўлса, ишончсизлик овози қабул қилинган ҳисобланади.

Бундай ташаббус билан 2019 йил декабрь ойида ЎзЛиДеП партиясидан Қонунчилик палатасидаги депутат Расул Кушербаев чиққанди. «Туман ва шаҳар депутатлари ҳокимга ишончсизлик билдириш ва шу орқали уни лавозимидан озод қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак… Депутатлар билан ҳисоблашишлари учун ушбу механизмни соддалаштириш керак. Ҳозир уларни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди», — деганди парламент аъзоси.

Қарор лойиҳаси, шунингдек, вилоят, Тошкент, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларига ҳокимлар томонидан қонунни бузган ҳолда қабул қилинган ҳужжатларни бекор қилиш ваколатини беришни назарда тутади (қонунда назарда тутилган махсус тартибга солиш ҳоллари бундан мустасно).

Кенгашлар ҳокимнинг ноқонуний қарорларини депутатлар ташаббуси билан ёки тегишли органларнинг тақдимоти асосида 15 кун муддатда кўриб чиқишлари мумкин. Таъкидланганидек, қарорни бекор қилиш учун депутатларнинг камида учдан икки қисмининг овози талаб қилинади.

Шунингдек, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳоли ташаббуси билан депутат мандатини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.

«Йўл харитаси»га кўра, декабрга қадар ҳокимлар ва Кенгаш раисларининг ваколатларини тақсимлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи илгари суриляпти. Ҳозирда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларини бошқаради, шу сабаб назорат ва мувозанат тамойилига риоя қилинмаяпти. Лойиҳада эса Кенгаш раислари ҳар 2,5 йилда депутатлар орасидан сайланиши қайд этилган.

Аввалроқ, президент қарорининг мазкур лойиҳаси доирасида Ўзбекистон бўйлаб 28 туманда ҳокимларнинг ваколатларини кенгайтириб, маҳаллий бошқарувнинг махсус тартибини жорий этиш кўзда тутилганди. Хусусан, уларга республика ижроия органларининг туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарларини тайинлаш ва лавозимидан озод этишга рухсат бериш кутилмоқда.