«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб бормоқда. Навбат Султонмурод Олимнинг 2000 йилда ёзган мақоласига.

Биз нега лотин ёзувига ўтяпмиз?

Яна бор-йўғи беш йилдан кейин лотин ёзуви асосидаги янги алифбога ўтамиз. Ҳозир 1−7-синфлардаги фарзандларимиз бутунлай лотин ёзувида таълим олаяпти. Икки-уч йилдан кейин айнан ана шу янги ёзувда савод чиқарган ўрта маълумотли бир авлод пайдо бўлади.

Улар-ку мактабда буни ўрганган. Лекин беш йилдан кейин бутун халқ ана шу янги алифбода иш юритиши, ўқиши, ёзиши керак. Бу миллат ҳаётида шунчаки ҳодиса эмас. Жуда катта тарихий, маданий жараён.

Айримлар янги алифбомизни ҳозирдан пухта ўрганиб олган ёки ўрганишга жиддий киришган. Бироқ баъзиларимиз ҳали бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрганимиз йўқ. Худди айни воқеанинг бизга алоқаси йўқдек.

Келинг, шу ҳақда батафсилроқ фикрлашайлик.

Бунинг учун аввал: «Биз нега лотин ёзувига ўтаяпмиз?» деган саволга жавоб беришга тўғри келади.

1940 йили кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбоси шоша-пиша жорий этилган. Ўшанда ўзбек тилининг табиатини ҳисобга олиш ўрнига рус алифбоси хусусиятларини кўр-кўрона бизнинг ёзувимизга ҳам ўтказиш йўлидан юрилган.

Бу ҳол тафаккурни қанчалик орқага суришини тасаввурга келтириш қийин. Буни компьютерга солиб, ҳисоблаб чиқса, ўтган олтмиш йил мобайнида биз халқ сифатида қанча бекорчи ишга вақт сарфлаганимизни билиб олиш мумкин бўлар.

султонмурод олим, ўзбек тили ойлиги

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси 2000 йил 20 октябрь 43-сон.

Энг ёмони, тарихда шўро замонининг кирилл ёзуви бизда жорий этилганидан кейинги 51 йил ичида бирор марта заводдан ўзбекча машинка ишлаб чиқилмади. Бунинг ўзи ёзаётганингизда яна янги муаммоларни пайдо қилади. Хуллас, ҳар қандай ўзбекча машинкада ёзилган матнга қўл билан ниманидир қўшишга мажбур бўласиз.

Фақат истиқлолга эришганимиздан кейинги йиллари ўзбекистонлик тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан Германиянинг «Оптима» компанияси бир йўла русча, ўзбекча ва тожикча ёзадиган «С-10», «С-12», «С-16» маркали электрон машинкалар чиқарди.

30−40-йилларда, очиғи, бора-бора шўро давлатидаги ҳамма тиллар (жумладан, ўзбек тили ҳам) рус тилига қўшилиб, йўқ бўлиб кетади, деган тасаввур ҳукмрон эди. Шунга мўлжал олинган эди. Қаранг, ҳатто, миллий ёзувимизда ҳам ўзгалар манфаати бирламчи бўлган. Истиқлолгача ҳам буни англаб етган, шу хатоларни тузатишга интилган олимлар бор эди. Бироқ шўро даврида, ҳар қанча илмий баҳс-мунозара юритилган бўлса ҳам, бунинг иложи топилмади.

Хўш, бу муаммолар мустақилликка эришганимиздан кейин ҳал қилиниши керакмиди-йўқмиди? Айни камчиликларни бартараф этмасак, фақат тил тараққиётидагина эмас, умуман, тафаккур равнақида орқада қолишимиз аниқ эди. Чунки агар тил ақл калити бўлса, алифбо ноқислиги охир-оқибат миллий онг ривожига кескин халақит қилади.

Хуллас, алифбони ислоҳ қилишнинг икки йўли бор эди: ё ўша эски кирилл ёзувини сақлаб қолиб, такомиллаштириш, яъни ундаги камчиликларни йўқотиш, ё биратўла янги алифбога ўтиш лозим эди.

Кирилл ёзувини сақлаб қолиш тўғри ечим бўлолмас эди.

Илмий тарафдан, ислоҳ қилиндими, халқ, барибир, кўп нарсани янгидан ўрганишга мажбур. Шундай экан, агар афзал тарафи бўлса, бир йўла янги ёзувдаги алифбога ўта қолган тузук.

Сиёсий тарафдан бу эски ёзув бизга ҳар куни бошқаларга қарамлигимиз даврини эслатиб тураверар эди.

Маънавий тарафдан ҳали ҳам халқ сифатида ўз тақдиримиз билан боғлиқ масалаларни ҳал этолмай юрган бўлар эдик.

Иқтисодий тарафдан ҳам кирилл ёзувида қолиш бизни матбаачилик, компьютер ва ёзув машинкалари бобида биргина мамлакат монополиясига қарам қилиб қўяверар эди. Биз бу соҳада жаҳон бозорига чиқолмас, ё фақат Россия ишлаб чиқарган, ё руслар учун ишлаб чиқарилган товарларни олишга мажбур бўлардик.

Бу хоҳлаган маҳалда иқтисодий ютқизиқ рўй бериши тайин, дегани. Ахир, бир кунмас-бир кун келиб машинка ё компьютерга у мамлакат тилланинг нархини қўймайди, деб ким кафолат беради?

Демак, модомики, ёзув ислоҳ қилинадиган бўлса, бир йўла янги алифбо жорий этиб қўя қолган ҳар жиҳатдан афзал.

Янги ёзувга ўтишнинг ҳам икки йўли олдимизда турар эди, ё араб ёзувига асосланган алифбога, ё бўлмаса лотин ёзувидаги янги ўзбек алифбосига ўтиш лозим эди.

Араб ёзувига ўтиш яна орқага кетиш бўлар эди.

Биринчидан, бу ёзув араб тили хусусиятларидангина келиб чиқиб яратилган. У ўзбек тили учун ҳеч ҳам қулай эмас. Унда фақат араб тилидан кирган сўзлардаги хос товушларнигина ифодалайдиган, амалда тилимиз учун ортиқча бўлган бир неча ҳарф бор.

Иккинчидан, гарчи минг йиллик ёзма меросимиз шу ёзувда бўлса ҳам, у тилимиз хусусиятларини акс эттириш имконига эга эмас…

Шунинг учун замонавий алифбога ўтаверган ҳар тарафлама маъқул.

Хўш, нега айнан лотин ёзуви танланди?

Лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосига ўтишнинг айнан қандай афзалликлари бор?

Сиёсий жиҳатдан бу ислоҳот халқимиз маданий ҳаёти, ақлий равнақи билан бевосита боғлиқ масалани кечиктирмай ҳал этаётганимизни ва бунга истиқлол имкон берганини англатади.

Маънавий томондан халқ чинакамига ўз тақдири билан боғлиқ ҳар қандай масалани ҳеч кимнинг қош-қовоғига қарамасдан ҳал эта олиш имконига эгалигини шу янги алифбони жорий этиш орқали ҳам кучлироқ ҳал этиши тайин.

Илмий тарафдан бир неча фазилати бор.

Биринчидан, алифбо ихчамлашди: 26 ҳарф, 3 ҳарфлар бирикмаси, жами 29 та белги бор, холос. Олдинги алифбодан 6 та белги кам. Бу — жуда катта ютуқ.

Иккинчидан, «нг» бир мустақил товуш сифатида алифбога киритилди. Энди уни мактабда ўргатиш ҳам, тўғри талаффуз қилиш ҳам осонлашди.

Шу товуш билан боғлиқ бир масала бор: нега «нг» учун алоҳида ҳарф эмас, «н» ва «г» ундошлари қўшилмаси олинди? Араб ёзувидаги алифбомизда ҳам шундай йўл тутилган. Бу бежиз эмас. «Мен» олмошига жўналиш келишиги қўшимчаси қўшилганда, «менга» ҳосил бўлади Бироқ энди шеърий матнларда баъзан вазн тақозосига кўра, бу сўзни «мен+га», айрим ҳолларда эса «ме+нга» тарзида ўқишга тўғри келади. Баъзан вазн бир мисранинг ўзида айнан такрорланиб келган бу сўзнинг ана шундай икки хил ўқилишини талаб қилиб қолиши мумкин. Агар «нг» учун алоҳида ҳарфий белги олинганда эди, бир сўзни бир мисрада икки жойда икки хил ёзишга мажбур бўлар эдик. Айтмоқчимизки, тилимизда баъзан «н» ва «г» товушларининг грамматик бирикуви натижасида ҳам «нг» товуши ҳосил бўлади. Шуларнинг барини ҳисобга олганда, бу товуш алифбога айнан икки ундош қўшилмаси тарзида ҳар тарафлама ўйлаб киритилган.

Учинчидан, шу тариқа миллионлаб одамларнинг миллионлаб дақиқалари фойдага қолди.

Тўртинчидан, дунёнинг хоҳлаган мамлакатдаги ишлаб чиқарган машина, компьютер, матбаа саноати маҳсулотларини эркин бозорда танлаб олиш имконига эга бўлдик.

Бешинчидан, лотин ёзуви асосида чиқарилган компьютерларнинг хоҳлаган турини ҳеч қандай устага олиб бормасдан, ҳеч бир янги дастур киритиб ўтирмасдан, ишлатиб кетаверамиз. Ўзбекистонда терилган ҳар қандай матнни кейин дунёнинг хоҳлаган бурчагидаги компьютер принтори орқали чиқариб олаверамиз. Чунки янги алифбомизни жорий этишда шу масалага алоҳида эътибор қилинган.

Олтинчидан, мавжуд олти жаҳон тилининг тенг ярми, дунёдаги етти энг ривожланган мамлакатнинг олтитаси лотин ёзувидан фойдаланади. Бу бизнинг хорижий тилларни ўрганишимизни ҳам, чет элликларнинг ўзбек тилини ўрганишини ҳам бир қадар осонлаштиради.

Инсон янгиликларсиз яшаши мумкин эмас. Лекин кишилар руҳиятида янгиланишдан чўчишга ўхшаш кайфият ҳам кучли бўлар экан. Вилоятлардаги учрашувларда баъзан: «Давлат қачон бизга янги алифбомизни ўргатади?» мазмунида савол тушади. Э, биродар, дегинг келади шунда, мана, алифбо қабул қилинди, 1−7-синфлар ўқувчилари шу асосда таълим оляпти, имло қоидалари ҳам китоб бўлиб чиққан, савод, аввало, ҳар кимнинг ўзига керак, шундай экан, марҳамат, ўрганишга киришинг.

Янги алифбомизни ўрганиб олиш — олий маълумотли киши учун бир неча соат, борингки, бир кун, ўрта маълумотли одамлар учун бор-йўғи бир неча кун машқ билан амалга ошадиган иш. Чунки лотин ёзуви асосидаги алифбомизда ҳам, кирилл алифбосидаги каби барча товушларни ёзамиз ва ўқиймиз.

Хуллас, янги алифбо халқни, унинг тезкор тараққиётга эришувини, демакки, порлоқ истиқболни ўйлаб қабул қилинган. Бу тарихий ҳодиса Ўзбекистонимизнинг буюк келажакка эришуви йўлидаги ўта муҳим ва асосли қисмлардан биридир.

Султонмурод Олим.

Ушбу мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2000 йил 20 октябрдаги 43-сонидан олинди.