«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб боради. Навбатдаги мақолада Равшан Бобомуҳамедов ва Дилшод Исроиловлар Тоҳир Малик билан ўзбек тилидаги муаммолар ҳақида суҳбатлашишган.

Ўзбекистонда жамиятлар кўп, ҳатто итни севувчилар жамияти бор. Лекин негадир ўзбек тили кўнгилли жамияти йўқ

Эртага Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганига бир йил бўлади. Шу давр ичида қонуннинг кўпгина моддалари амалга оширилди, кўчалар, даҳалар номи ўзбек тилида ёзилди, мавзеларнинг тарихий номлари тикланди. Лекин асосий ишлар ҳали олдинда.

Ўзбек тилига давлат мақоми берилганига бир йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили тўғрисидаги қонунини амалга ошириш комиссиясининг аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг котиби Тоҳир Малик билан суҳбатлашдик.

— Тоҳир ака, мана, тил ҳақидаги қонун қабул қилинганига ҳам бир йил тўлди. Фикрингизча, бир йил мобайнида қандай ўзгаришлар бўлди?

— Бизда қизиқ одат бор. Бу — қонун чиқдими, уни амалга оширадиганлар бор, деб ўзимизни четга олиш одати. Ўзбек тили Давлат тили мартабасига (менимча, мақом эмас, мартаба дейиш тўғрироқ бўлади) эришиши йўлида талаба, зиёли ва олимларимиз ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишди. Қонун қабул қилингач эса бу шижоат сусайиб қолди. Яъни тилимизга Давлат тили мартабаси берилганидан сўнг биз хурсанд бўлиб хотиржамликка берилдик, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларга номларни истаганча ёздириш, кўча номларини ўзбекчалаштириш билан кўп нарсага эришиб бўлмайди. Бу зарралар, холос. Она тилимизни асл ҳолига келтириш учун ҳали жуда кўп меҳнат қилиш керак. Тўғри, комиссиялар, комитетлар тузилиб, маблағ ажратилди. Бироқ ҳамма жойда ҳам иш бир хилда олиб борилмаяпти. Баъзи жойларда жонкуяр кишилар ҳаракати билан фаоллик ва серғайратлилик бўлса, баъзиларида эса тил тўғрисидаги Қонуннинг амалга ошишига эътиборсизлик билан қараляпти. Матбуот органларимиз сўзларни ўзгартиришда бироз шошқалоқликка йўл қўйишяпти, баъзан эса нотўғри йўлдан кетиш ҳам кузатиляпти. Масалан, институт ўрнига олийгоҳ сўзи ишлатиляпти. Бу сўз мутлақо нотўғри. Олийгоҳ олий жой дегани. Билимгоҳ тўғри келади. Бу ерда гоҳ сўзи форсийдан ўтган. Шунингдек, европача сўзларнинг барчасидан воз кечиш нотўғри деб ўйлайман. Дунёвий ибораларни сақлаш керак. Кўп ишлатиладиган сўзларни ўзгартиришдан олдин халқ олдидан ўтиб, уни қабул қиладими ёки йўқми аниқлаш даркор. Чунончи, турклар ҳам тилни ислоҳ қилиш учун жуда кўп йиллардан бери ҳаракат қилишяпти. Масалан, биз маданият деймиз, бу арабча сўз, турклар эса культур дейишади. Журнални — ойнома, газетани эса рўзнома деяпмиз. Аслида эса рўзнома эмас, куннома. Чунки рўз форс тилида кун дегани. Бундан 80−90 йиллар муқаддам, олимлар, жумладан, жадидлар туркий тилни пухта билишган. Лекин улар газета сўзини сақлаб қолишган. Масалан, «Туркистон вилоятининг газети». Яъни газета эмас, газет. Умуман, мен туркий талаффуз этиладиган ҳолда биз ўрганиб қолган лотин ва Европа сўзларини сақлаб қолиш тарафдориман. Сўзлар бир тилдан бошқа тилга кўчиб юради. Иқлим деймиз, бу юнонча климатос сўзининг араб тили орқали иқлим кўринишда кириб келганидир. Сўзларни тартибга келтириш учун вақт керак. Аммо, таъкидлайман, қонунни амалга оширишдаги ишларимиз суст.


«Тошкент оқшоми» газетаси 1990 йил 20 октябрь.

— Қонунни амалга оширишнинг иккинчи йилига қадам қўйяпмиз. Бунда асосий эътиборни нималарга қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Биринчидан, ўзбек тили ёлғиз ривожлана олмайди. Татар, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон каби туркий тиллар гуруҳи билан баравар ривожланиши мумкин. Худди шу каби қозоқ, қирғиз, уйғур, қорақалпоқ тиллари ҳам ўзбек тилисиз тўла шакллана олмайди. Чунки тиллар ҳам бир оила фарзандларидек бир-бири билан боғланиб, жипслашиб кетган. Бундан ташқари бошқа жумҳуриятларда ҳам Давлат тили мартабаси деярли бир вақтда берилиши жуда яхши бўлди. Биринчи галда туркий жумҳуриятларнинг тил масаласидаги ишларини марказлаштириш лозим. Сўнг эса туркий халқларнинг ёзувларидаги фарқларини йўқотиш керак. Масалан, биздаги баъзи ҳарфлар қозоқларда йўқ ва аксинча. Уларнинг ҳарфлари бизларникидан кўпроқ: ана шу фарқларни тугатиш пайти келди. Ҳарфлар бир хил бўлса бир-бирларининг адабиёти билан танишиш ҳам осон бўлади. Ўзбекистонда жамиятлар кўп: географлар, ҳатто итни севувчилар жамияти ҳам бор. Лекин негадир ўзбек тили кўнгилли жамияти йўқ. Қозоғистонда яқинда қозоқ тили жумҳурият кўнгилли жамияти тузилди. Яқинда унинг Чимкентдаги таъсис мажлисида қатнашдим. Мажлис давомида қозоқ тили равнақи учун жамият жамғармасига бир неча юз минг сўм келиб тушди. Улар ҳатто жамият газетасини ҳам нашр этяптилар. Бизда эса атамалар комиссияси варақа чиқармоқчи. Бу билан ишни олға силжитиб бўлмайди. Кундалик ёки жуда бўлмаганида «Неделья» шаклидаги ҳафталик газета керак. Юқоридаги масалалар ҳал бўлса, тил тўғрисидаги Қонун амалга ошиши мумкин. Бу жуда улуғ иш эканлигини қайд этган ҳолда, унинг хавотирли томонлари ҳам борлигини айтиб ўтмоқчиман. Қонун қабул қилингандан сўнг кўпгина ёшларда бошқа тилларни ўрганиш шарт эмас деган фикр пайдо бўлди. Араб алифбоси ва тилига бўлган қизиқиш кучайди. Бу яхши албатта, лекин гап Ўзбекистоннинг иқтисодий-сиёсий мустақиллиги ҳақида кетар экан, Европа тилларини чуқур ўрганиш зарурлигини унутмаслигимиз шарт. Масалан, араблар ҳам дунё билан инглиз тили орқали алоқа қилишади. Европа тилларини ўрганишга бизда азалдан эътиборсиз қараб келинган.

Мутахассисларимизнинг кўплари Европа тилларини яхши билмаганлиги учун жаҳон миқёсига чиқа олмаётгани ҳам сир эмас. Ўзбек ёзувчиларидан инглиз, француз, итальян, немис, испан тилларидан тўғридан-тўғри таржима қиладиганлари бармоқ билан санарли, ўзбек тилидан чет тилига ўгирадигани эса умуман йўқ. Ҳозирги ўзбек, айниқса, мутақаббил адабиётимиз дунёдаги энг илғор адабиётлардан бири. Афсуски, бизнинг шоҳ асарларимиз бошқа халқларга етиб бормаяпти. Асарларимиз аввал рус тилига ўгирилади ва таржима яхши чиқса, сўнг хорижликлар эътиборига тушиши мумкин. Ўзбек тили мартабаси ҳақида гапирганда шу муаммоларни ҳам унутмаслигимиз керак. Мен айниқса, мактаб ўқувчилари хорижий тилларни мукаммал ўрганишларини истардим. Ҳатто боғчадан бошлаб инглиз, француз, немис, япон тиллари ўргатилса, баъзи олимларимиз эса аввал ўз она тилини ўргансин дейишади. Тўғри, она тилини ўрганиш фарз, мажбурий, аммо бошқа тилларни мукаммал билиш ҳеч қачон она тилини ўрганишга зарар келтирмаган. Аксинча, кўп тилларни билиш халқнинг маданий савиясини белгилайди. Мени яна бир фикр кўп ўйлантиради. Тошкентдаги бир неча мактабда 2 синфдан бошлаб ҳинд тили ўқитилади. Ҳинд тилини ўрганиш, менимча, болаларга ҳеч нарса бермайди. (Дунёга чиқишда тилнинг роли ҳақида мушоҳада қилганимизда) ҳиндлар ҳам бошқа мамлакатлар билан асосан инглиз тили орқали алоқа қилишади. Араб тили ёки ҳинд тили ўқитиладиган мактабларда инглиз ёки бошқа тилларни ўргатиш йўлга қўйилса, нур устига нур бўларди.

— Қонун қабул қилинганига шунча вақт ўтганига қарамай ҳамон баъзи идораларда йиғилишлар рус тилида ўтяпти…

— Тўғри, кўп жойларда иш юритиш, мажлислар рус тилида олиб борилмоқда. Бунинг биринчи сабаби, айрим мажлисларга, анжуманларга Москва, Ленинграддан меҳмонлар келишади. Мажлисхоналарни техник жиҳозлаш жуда ночор аҳволда. Уларни синхрон таржима қурилмаси билан таъминлаш керак. Маърузанинг тезлик билан сўзма-сўз таржимаси бўлгандагина бу ҳолга барҳам бериш мумкин. Иккинчидан, ўзбек тилини ўрганишга ҳафсаласизлик билан қараётган, 8 йилда ўрганарман дегувчи кишилар ҳам топилади. Бундан ташқари, ўз тилини билмайдиган ўзбекларимиз ҳам борки, (кўпи раҳбар ишларда) улар тилни тушунишадию, гапиришолмайди. Буларнинг асосий сабаби, тилимизнинг шу вақтгача иккинчи даражага тушиб қолганидир. Ўзбекларда бир мақол бор: «Касалнинг келиши осон, кетиши қийин». Биз муолажани энди бошладик. Бу ишга жуда эҳтиёткорона ёндашишимиз керак. Кўп билан кенгашиб давони халқининг ўзидан излаш керак. Янги сўзлар жуда кўп. Чунки халқ оғзаки ижоди ниҳоятда бой. Ҳар бир достондан янги сўз, бузилмаган ибора ва атамаларни оласиз. Кўп нарсаларни тўқиш шарт эмас, самолётни тайёра деяпмиз, тайёр аслида арабчада қуш дегани. Шунингдек, кабутар ҳам кўк қуш маъносини билдиради. Ҳолбуки, турклар самолётни учоқ дейишади, яъни учиш сўзидан ясалган. Баъзилар самосвални «ўзиағдарар» дейишяпти. Бундай сўзлар тилга қандай сингаркан, номаълум. Баъзи сўзлар умуман сингмас. Буни вақт кўрсатади.

— Тил ҳақидаги Қонуннинг байналмилал дўстлик ривожига таъсири қандай деб ҳисоблайсиз?

— Дунёда битта мантиқий қонун бор. Сиз ўз онангизни ҳурмат қилмай туриб қўшни маҳалладаги аёлни ҳурмат қила олмайсиз. Худди шунингдек, ўз она тилини қадрламаган бошқа тилни ҳам қадрламайди. Она тилимиз равнақи учун бошлаётган ишимиз бирор-бир тилни камситиш ҳисобига бўлмайди. Қайси халқ қаерда яшашидан қатъи назар ўз она тилига содиқ қолсин. Биз бошқа ерларда ўзбеклар яшашини ҳам унутмайлик. Масалан, яқинда Тошкент вилоят Ғалаба райони (аслида мен депара деб аташ тарафдориман) К. Маркс номли жамоа хўжалигида бўлдик. Аҳолининг 95 фоизи қозоқлар, руслар эса атиги 1 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Барча лавҳа ва эълонлар ўзбек ва рус тилларида экан. Туркистондаги Миртемир туғилиб ўсган қишлоқда эса асосан ўзбеклар яшайди. Бу ердаги лавҳалар ўзбек, қозоқ ва рус тилларида ёзилган. Агар қозоқлар бу ер бизники, фақат шу тилдан фойдаланамиз дейишганида бошқа халқлар ранжийди. Биздаги қозоқ, тожик, қирғиз, уйғур, туркманлар неча асрлардан бери шу ерда яшайдилар. Ўзбеклар ҳақиқатан ҳам бағри кенг байналмилал, ҳамма билан дўстликда яшашни истайдиган халқ. Лекин байналмилалчилик ўз она тилининг равнақига путур етказадиган даражада бўлмаслиги керак.

— Барибир қаерда яшамайлик маҳаллий халқ тилига чуқур ҳурмат билан қараш зарур.

— Жуда тўғри. Ҳаётий бир мисол: Ўзбекистондаги қозоқлар ва Қозоғистондаги ўзбеклар ёки тожиклар бир-бирларининг тилларини яхши билишади. Ҳозир жумҳуриятимизга хорижда яшаётган ўзбеклар кўплаб келаяпти. Арабистондаги ўзбеклар кўчада арабча, ишда французча мулоқот қилишлари мумкин. Уйда эса албатта ўзбекча гаплашишади, ҳатто халқ қўшиқларини ҳам унутишмаган экан. Бу ўз тилига бўлган чексиз ҳурмат, миллатнинг ўзлигини сақлашдир.

Тил мартабаси ҳақида гап кетганда Ўзбекистонда аҳвол яхшироқ эди. Қозоғистон ва Қирғизистон эса жар ёқасига келиб қолганди. Ҳатто ушбу жумҳуриятлар пойтахтларида ўз тилларида боғча ва мактаблар йўқ эди ҳисоби.

Барча жумҳурият тилларининг давлат мартабасини олгани кечроқ бўлса ҳам амалга ошганига хурсанд бўлиш керак. Чунки рус тилининг ҳам аҳволи ночорлашиб қолган эди. Ўз навбатида бу тилда ҳам бошқа тиллардан кириб қолган атамалар кўпайиб кетган эди. Ҳатто рус ёзувчилари ҳам тилни тозалаш устида ўйламоқдалар. Шу сабабли тил ҳақидаги Қонунни қўллаб-қувватламоқ даркор.

— Қонунни амалга оширишдаги муаммолар асосан нималардан иборат?

— Маблағ борлиги яхши, лекин келажакда яна жуда кўп маблағ керак бўлади. Бу муаммо ўзбек тили жамияти ташкил этилса, анча ҳал бўларди. Чунки аъзолик бадаллари, хайриялар ишнинг ривожига катта ҳисса қўшган бўларди. Ишимизни орқага тортаётган энг катта муаммолардан бири — бу зиёлиларимиздаги лоқайдлик. Шуни енгиб ўтишимиз керак. Кейинги йилларимизни унумлироқ ўтказиш учун ўтган бир йил бизга сабоқ бўлсин. Нашр ишлари ҳам суст боряпти. Умуман, етук тилшунос олимларимиз камлиги ҳам ишни орқага суряпти.

— Тилнинг ривожланишида сўзларнинг халқ орасида оммалашишида адабиётнинг хизмати катта. Адабий ишимиз ҳақидаги фикрларингиз? Ўтмиш адабиёти тилни ҳозирги адабиёт тилига қиёслаганда қандай фарқни кўрасиз?

— Тил қотиб қолмаган. У ҳамиша ҳаракатда бўлгани учун ривожланади, ўзгариб туради. Бу табиий жараён. Ҳамиша шундай бўлиб келган. Алишер Навоий тилида форсий сўзлар кўп. Ундан олдинроқ ўтган Лутфийни тушунишимиз осонроқ. Энди А. Қодирий, Чўлпон, Фитрат прозаси ва ҳозирги тилимиз орасидаги фарқ улар халққа яқинроқ бўлишган, тил устида ҳам кўпроқ ишлашган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳозир бадиий асар тили бироз қуруқроқ бўлиб қолди, ахборот тарзига ўхшаш. Чунки сўз бойлигимиз кам. Олдингилар эса халқ оғзаки ижоди ва классикани жуда яхши ўрганиб адабиётга кириб келишган. Биз шунга аҳамият бермадик. Ҳозир ҳам жуда кўп сўзларни нотўғри ишлатамиз. Масалан, қўналғани аэропортга нисбатан қўллаяпмиз. Ҳолбуки, у тўхташ жойига тўғри келади. Бекат эса вокзал, станция маъносини беради. Бу каби сўзлар кўп. Муҳими, гап ва жумла тузганда сўзларни чуқур ҳис қилиш маҳоратига эга бўлишимиз керак.

— Форслар ва турклар тажрибасидан ўрнак олиб бу ҳам бошқа тилдан кирган сўзлар ўрнига мақбул сўз бирикмаларини тузсак қандай бўларкан?

— Шубҳасиз, бу тўғри йўл. Лекин истеъмолдаги чет сўзларнинг юз фоизини алмаштириш шарт эмас. Айримларини олиб қолиш керак. Баъзи сўзлар борки, тилимизга сингиб кетган. Масалан, Гулчеҳра, ўртамиёна, қирчиллама — барчаси туркий-форсийдан тузилган. Биз иложи борича туркий сўзлардан сўз бирикмалари ясашимиз лозим. Масалан, академияни байтулҳикмат деб аташимизни ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Беруний замонида байтулҳикмат олимлар йиғиладиган жой маъносини билдирган. Форслар арабий, турклар форсий сўзларни тўла ўзгартиришга муваффақ бўлолмадилар. Мисол учун, метрони қандай аташ мумкин, эскалаторни ўзи юрар зина десак ибора чўзилиб кетади. Лекин бироз мушоҳада қилинса, кўп мақбул сўзларнинг варианти топилади. Масалан, жюри — ҳакамлар ҳайъати, (туркларда шундай ишлатилади), лобовой стекло — пешойна, машина ойнасини тозалайдиган чўтка «ойнатозалагич» сифатида истеъмолга киряпти. Олимларимиз фаоллашсалар, ойнаи жаҳон, радио орқали халққа мурожаат қилсак, атамалар бурчагини матбуотда давом эттирсак, сезиларли ютуқларга эришишимиз мумкин. Яна таъкидлайман, бизга бошқарадиган марказ керак. Масалан, ёзувчилар уюшмаси ҳам жамоат ташкилоти. Ёзувчилар бошини қовуштириб адабий ҳаётимизни изга солиб туради. Жамият тузилса, борингки, у она тили жамияти бўлсин, унда қозоқ, қирғиз тили бўлимларини очиш ҳам мумкин. Шундай қилсак, юқори натижаларга эришамиз.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, биз тилимизни шу аҳволга тушгани ҳақида гапирганимизда устозлардан тил равнақига бепарво қарадинглар деб гина қиламиз. Ҳолбуки, ҳар биримиз ўзимизга савол беришимиз керак. Илгариги пайтда тил ҳақидаги Қонун бўлмаган эди. Ҳозир эса бор: хўш, ўзимиз нима қилдик? Биздан 20−25 йил кейинги авлод шундай савол берса, нима деб жавоб қайтарамиз? Ана шу савол касб-коридан қатъи назар ҳар бир ўзбекнинг хаёлидан ҳеч қачон кўтарилмаслиги керак.

Суҳбатни Равшан Бобомуҳамедов ва Дилшод Исроилов олиб борди.

Ушбу суҳбат «Тошкент оқшоми» газетасининг 1990 йил 20 октябрь сонида «Асосий ишлар ҳали олдинда» сарлавҳаси билан чоп этилган.