Бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Марғилонга «Жаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақоми берилишини маълум қилди. У бунга 20−22 октябрь кунлари Марғилон шаҳрида «Атлас байрами» V халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали олдидан ўтказилган матбуот анжуманида тўхталиб ўтди.

Фестивал доирасида Марғилон шаҳрига «Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри» мақоми берилади. Бу эса Марғилоннинг World Crafts Council — Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши тармоғига киритилишини таъминлайди.

«Мазкур мақом Марғилоннинг ўзбек ҳунармандчилигини асраб-авайлашдаги муҳим ролини янада оширади», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Бугунги кунда дунёнинг тўрт қитъасидан 57 та шаҳар бундай эътирофга сазовор бўлган. Марғилон «Ҳунарманд шаҳарлар» рўйхатига Ўзбекистондан қўшилган учинчи шаҳар бўлди.