Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида ҳайдовчининг машинасида бўлган 14 млн сўмни қўлга киритмоқчи бўлиб, уни ўлдириб кетганлар ушланди, дея хабар берди «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 13 октябрь куни соат 23:00 ларда фуқаролар — А.Н. (1991 йилда туғилган, судланган, ишсиз), Д.Ш. (2003 йилда туғилган, судланган, ишсиз) ва Д.Х. (2003 йилда туғилган, 11-синф) Сирдарё — Тошкент йўналишида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро 1996 йилда туғилган А.Э.ни уларни Бўстонлиқ тумани ҳудудига олиб бориб келишга кўндирган.

Йўловчилар унинг бошқарувидаги Lacetti автомашинасига ўтириб, машинада почта сифатида олинган 14 млн сўм пул маблағи борлигини билиб қолган. Шундан сўнг, ҳайдовчи А.Э.ни алдов йўли билан Қуйи Чирчиқ тумани «Толовул» маҳалласи ҳудудига олиб бориб, пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритган. Уни бўйин қисмидан бўғиб, қасддан ўлдирган.

14 октябрь куни вилоят прокуратураси томонидан А.Н. ва бошқаларга Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и,п» бандлари ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди. Улар Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланди.