Ҳукуматнинг [598-сонли] қарори билан Давлат органлари ва ташкилотларининг қоровуллик хизматлари ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлик учун мукофотланиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

14 октябрь куни «Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Эндиликда давлат органлари ва ташкилотларида жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар, гумондорлар, қидирувдаги шахслар, авариялар, ёнғин, ҳалокат ва бошқа ножўя ҳодисалар аниқланганда қоровуллик бўлинмалари дарҳол ИИБ органларига хабар бериши керак.

Шунингдек, улар ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари келгунича ҳуқуқбузарлик ва ҳодиса излари сақланишини таъминлайди ҳамда етиб келишгач, ҳодиса тўғрисида ахборот беради. ИИБ ва Миллий гвардия бўлинмаларига ҳодиса ҳақида телефон орқали хабар берилиши мумкин.

Телефон бўлмаганида ёки ишламаганида алоқанинг бошқа турлари, хусусан хуштакдан қуйидаги сигналлардан фойдаланилади:

  • «Ушла» — битта узун сигнал;
  • «Ёрдамга» — иккита қисқа сигнал.

Қолаверса, қоровуллик бўлинмалари ходимларига табиий ва техноген фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш ва одамларни қутқариш вазифаси ҳам юклатилмоқда.

Агар улар берган хабар орқали жиноят, ҳуқуқбузарликлар содир этган қидирувдаги шахслар аниқланса, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолат бартараф этилганда қоровуллик бўлинмалари ходимлари 1 марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланиши мумкин.