«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб боради. 1989−1991 йилларда Ўзбекистон вазирлар кенгаши ҳузуридаги Республика Атамашунослик қўмитасининг раиси сифатида ишлаган Ғанижон Абдураҳмоновнинг 1990 йилларда ёзилган яна бир ўта долзарб мақоласини ҳавола этамиз.

Эслатиб ўтамиз, мақола тўлиқлигича, таҳрирланмасдан қайта эълон қилинмоқда, унда келтирилган баъзи фактлар бугунги кунга тўғри келмаслиги мумкин.

Қонун нега суст бажариляпти?

Яқин йилларгача рус тилини мукаммал билиш маданият белгиси ҳисобланар, ўзбек тилини ўрганиш эса унчалик шарт эмасдек туюларди. Аммо бироз кечикиб бўлсада, она тилини билмаслик уят эканлигини англаб етдик. Ўзбек тилига давлат тили мақомини бердик. Шунга кўра, ўзбек тилшунослари жамиятининг Низоми ва тил ўрганишнинг илмий дастури лойиҳалари эълон қилинди. Бироқ бирор натижага эриша олганимиз йўқ. Давлат тили тўғрисидаги сонини жуда секинлик билан, ҳадиксираб, қўрқа-писа амалга оширяпмиз. Бунинг сабабларидан бири қонуннинг асосий бандларига салбий муносабатнинг мавжудлигидир. Давлат тилини ўрганиш учун қонунда маълум муддатлар белгилаб қўйилган бўлсада, айрим ўртоқлар туб аҳоли тилини билишни ўзлари учун ихтиёрий иш деб тушунишяпти. Иккинчидан, жумҳуриятимизнинг деярли ҳамма идораларида давлат тилини ўрганиш юзасидан очилган тўгараклар, олий ўқув юртларида ташкил этилган ўзбек тили кафедраларининг ўқитиш методикаларида ҳам, иш мазмунларида ҳам изчиллик ва аниқлик йўқ. Бундан ташқари бизда давлат тилини ўрганиб олганларни рағбатлантириш йўлга қўйилмаган.

Ана шу сабабларга кўра, рус тилида сўзлашувчи баъзи кишиларда ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж сезилмаётир. Баъзилар эса ҳамон рус тилини давлат тили бўлиши керак деган фикрда қолмоқдалар. Агар масалага шу нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, жумҳуриятимизда 1 миллионга яқин аҳоли мансуб бўлган тожик тилига ҳам, 1 миллиондан ортиқ аҳолини ташкил қилган қозоқ ва шунга ўхшаш тилларга ҳам давлат тили мақомини беришга тўғри келади. Давлат тили ҳақидаги қонунимизда эса ҳамма тилларга эркинлик бериб қўйилган. Давлат тилини билмаслик Ўзбекистон фуқаросининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий мавқейига, ҳуқуқига асло путур етказмайди. Кейинги йилларда тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тилларида 400−500 та мактаб, шу тиллар бўйича педагог кадрлар тайёрлайдиган факультетлар ташкил этилгани фикримизнинг далилидир.

ССР ФА Тилшунослик институтининг социологик тадқиқотлар лабораторияси бошлиғи профессор В. Ю. Мнхалченко: «Ўз мижозларининг ва ўқувчиларининг тилини билмайдиган врач ёки муаллимни давлат ишига олиш мумкин эмас» («Литературная газета». 1989 йил 19 апрель) деб ҳисоблайди. ССР халқ таълими қўмитасининг раиси профессор Г. А. Ягодин тиббиёт, милиция, савдо, маиший хизмат ходимлари икки ва ундан ортиқ тилларни билишлари шартлилигини айтиб ҳар бир жумҳуриятда маҳаллий тилларни ўзлаштириш бўйича имтиҳон ўтказишни таклиф қилади («Правда Востока». 1989 йил 23 июнь).

Қонунда давлат тилига ўтиш ва уни ўрганиш учун маълум муддатлар (3, 8 йил) белгиланган. Унга берилган шарҳларда («Ўзбекистон» нашриёти", 1990 йил) бу бандлар босқичма-босқич амалга оширилади", дейилган. Чунки аксарият идоралар котиблари, бўлими бошлиқлари, девонбегилар (канцелярия бошлиқлари) ўзбек тилини яхши билмайдилар. Барча ҳужжатларни рус тилида ёзишга одатланиб қолишган. Биз уларга ёрдам беришимиз, тушунтириш ишларини олиб боришимиз лозим. Бинобарин, Иттифоқ қонунида ҳам аҳолига маиший хизмат кўрсатиш жойларида ишловчилар давлат тилини билиши шартлиги ҳақида модда қабул қилинган ва унга амал қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган (13-модда). Аммо ҳамма бало шундаки, бундай қонун бизнинг жумҳуриятда ҳали қабул қилинмаган. Эстонлар эса бир йил муқаддам 100 касб бўйича эстон тилини эгаллаш даражасини белгилаб чиқдилар.

1928 йили Советларнинг Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Совети «Давлат идораларини ўзбеклаштириш» ва «Ўзбекистон ССР идора, корхона ва ташкилотлари ишчи-ходимларини ўзбек тилига мажбурий ўргатиш тўғрисида» қарор қабул қилган эди. Қарорда давлат идораларини ўзбеклаштириш Марказий Комиссиясига идораларда иш юритиш ҳужжатларини маҳаллий ва рус тилига ўтказиш, идораларни аста-секин икки тилни билувчи ходимлар билан тўлдириш, идора ходимлари ўзбек тилини ўрганиши учун 1, 2, 3 йиллик тўгараклар ташкил қилиш вазифаси юклатилган эди. Идора ва муассасаларга 1929 йил 1 oктябрдан бошлаб ўзбек тилини билмайдиганларни ишга олмаслик, туб аҳоли тилини менсимаган ёки унга нисбатан ғайри муносабатда бўлувчиларни ўзбек тилини билувчи ходимлар билан алмаштириш ҳуқуқи берилганди. Бу муҳим масалада ССР Марказий Ижроия қўмитаси 1931 йил 23 ноябрда «1933 йилда ЎзССРдаги давлат идораларини ўзбеклаштириш тўғрисида» қарор чиқарди.

Шу йили ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлар Совети ҳам идораларни ўзбеклаштириш тўғрисида яна қарор қабул қилди (№ 25-СУ 1932, № 10. 42-модда) Сўнгги қарорда 1933 йил 1 апрелгача бу муҳим ишни тугаллаш ва белгиланган муддатда ўзбек тилини ўрганиб олган ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундай қарорлар қабул қилинишининг ўзига хос сабаблари бор эди. 1917 йил ноябрда таъсис этилган Туркистон ўлкасининг Халқ Комиссарлари Совети таркибида бирорта маҳаллий халқдан вакил бўлмаган ҳолда ўша йили 26 ноябрда Қўқон шаҳрида ташкил этилган «Туркистон мухторияти» (кейинроқ нима учундир «Қўқон мухторияти» бўлиб кетди) таркибидаги 54 аъзодан 32 тасигина маҳаллий миллат вакиллари (улар аҳолининг 95 фоизини ташкил этар эди) бўлиб қолганлари Оврўпо партияларининг турли бирлашмаларининг аъзолари ҳамда бошқа миллат вакилларидан иборат эди. Ҳатто Соломон Герцфелд ҳукуматнинг молия вазири қилиб сайланди. Аммо «Қўқон мухторияти» мустақиллиги қандай якун топгани ҳаммага маълум. Ваҳоланки, қурултой қарорида «Русия жумҳурияти ила бирликда қолган ҳолда Туркистонни ерлик мухторияти (яъни территориал-автономиялик) эълон қиладур» («Ҳуррият». 1917 йил 5 декабрь) деб таъкидлаган эди.

ТуркАССР (1918−1924 йиллар) МИК раиси П. А. Кобозев ва ХЛК раиси Ф. И. Колесовларнинг маҳаллий миллат вакилларига ишончсизлиги туфайли идораларда маҳаллий миллат вакиллари жуда озчиликни ташкил этди. Масалан, халқ таълими ва маорифи министрлигида 68 рус, 1 туркман, 1 ўзбек ишлаган, холос. Чор Россияси даврида эса Рус — Осиё банки қўлланмасига кўра, Қўқон банкида ишлашнинг асосий шартлардан бири маҳаллий тилни билиш бўлган. Бунинг учун банк бу ерда ишлашни хоҳловчиларни ўз ҳисобига бир йил (баъзиларни бир ярим йил) давомида ўзбек тилини ўрганишга ўқитган, маълум имтиҳондан кейингина ишга қўйган.

Сталин истибдоди авжга чиққан даврда Марказий Ижроия Комитетининг юқоридаги қарорлари бекор қилинди. Бу билан миллатларни менсимаслик, тили, маданияти, тарихини эсдан чиқаришга томон йўл тутилди. Ўтган 50−60 йил ичида жумҳуриятимизда яшаб турган айрим рус тилида сўзлашувчиларга бу ҳол таъсир этди ва ўртага англашилмовчилик тушди. Ана шу каби иллатларнинг натижаси ўлароқ «Известия» газетасида Ю. Феофановнинг ўзбек халқига туҳмат ва ҳақоратдан иборат мақоласи («Известия». 1990 йил, 1 январь) эълон қилинди.

«Аргументы и факты»нинг (1990 йил, 21−27 июль, № 29) ёзишича, Ўшда ўзбеклар бутун раҳбарий вазифаларни эгаллаб, қирғизларга йўл бермаётган эмиш. Газета фарғоналикларга месхети туркларига нисбатан «қирғинчи» («погремшик») деб тамға қўйди. Армани, озарбайжон, қирғиз, ўзбек туркларнинг ўзаро ҳамда «русларга даъволари кўпайиб боряпти», деб ёзади. «Известия» нинг 1990 йил 26 июль сонида таъкидланишича, Ўш областида 26 фоиз аҳоли ўзбек бўлишига қарамай (Ўш шаҳрида Ўзган, Жалолобод, Қорасувда 75 фоиз аҳоли ўзбек) фақат 4 фоиз ўзбеклар раҳбарий лавозимларда ишлар экан. Ўзбеклар билан қирғизлар орасидаги низонинг келиб чиқишига «…шошилиб ва муҳокамасиз тил тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши» ва халқнинг «асосан қишлоқ ёшларининг ҳаддан ташқари иқтисодий ва маънавий қашшоқланган патриархал муносабатларнинг сингдирилиши» сабабчи бўлибди…

Ўзбекистон президенти И. А. Каримов 1990 йил 21 июль куни «Правда» газетаси мухбирларига берган жавобида оммавий ахборот воситалари ҳақида гапириб «Ўзбекистон халқи марказий матбуотда нохолислик, нотўғри муносабатлар мавжудлиги яққол ҳис этмоқда», деб айтди.

В. И. Ленин Туркистон ўлкасига 1920 йил июнь ойида ўзининг мухтор вакили, таниқли партия арбоби Адолф Абрамович Иоффени юборар экан, унга Туркистоннинг этнолингвистика картасини тузишни ва шу асосдагина Туркистон республикаларга бўлишни ўйлаб кўришни топширди («Правда Востока». 1989 йил, 19 июль). Минг афсуски, бундай карта тузилмади. (ҳозиргача ҳам тузилгани йўқ!).

В. И. Ленин вафот этгач, 1924 йили Ўзбекистон, кейинроқ бошқа миллий жумҳуриятлар ташкил бўлди. Бунда аҳоли яшаётган жойларнинг миллий таркиби ҳисобга олинмади (умуман, Туркистонни миллий жумҳуриятларга бўлиш керакмиди? ТуркВО — Туркистон ҳарбий округи — сақланган-ку).

Албатта, давлат тили ҳақидаги қонунни амалга оширишда жуда эҳтиёткорлик даркор. Айниқса, Тошкент, Фарғона, Ангрен, Чирчиқ, Гулистон, Янгиер, Навоий, Бекобод каби шаҳарларда кўпчилик рус тилида сўзловчи аҳоли бўлгани сабабли уларнинг ўзбек тилини ўрганишлари учун алоҳида тадбир-чоралар белгилаш, қонунни шошмасдан амалга ошириш керак. Шу билан бирга маҳаллий миллат вакилларидан мутахассислар тайёрлаш, ишчи-хизматчиларнинг малакасини ошириш ва янги мутахассислик бериш ишини кенг ривожлантириш керак.

Жумҳуриятимизда ўзбек тилини жуда яхши биладиган бошқа миллат вакиллари кўп, айниқса, раҳбарий идораларда бундай кишилар анчагина. Улар матбуотда, радио ва телекўрсатувларда ўз тажрибаларини ўртоқлашсалар, жумҳуриятга катта ёрдам кўрсатган бўладилар. Бу каби тадбир-чоралар миллатлараро низоларнинг олдини олади, дўстликка, ўзаро ҳамкорликка хизмат қилади.

Давлат тили ҳақидаги Қонун сусткашлик билан амалга оширилаётганининг иккинчи сабаби қабул қилинаётган қарор ва фармойишлар устидан муттасил назоратнинг йўқлигидир.

Шу йил 19 февралда «Ўзбекистон ССРнинг давлат тили тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш Давлат программаси қабул қилинди. Унда Қонунни бажариш борасида ҳар бир нозирлик, қўмита, идора ва муассасанинг вазифалари аниқ белгилаб чиқилди. Лекин бу қарорнинг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилмаган. Жумҳурият Атамашунослик қўмитаси (котиб билан 6 кишидан иборат) анча ишларни амалга оширган бўлса-да, уни тузиш тўғрисидаги фармойишнинг кўп бандлари назоратсизлик орқасида бажарилмай қолмоқда.

Ҳукумат топшриғига қарамай, жумҳуриятдан 200 га яқин нозирлик, қўмита, идора, ижтимоий ташкилотлардан фақат 15 таси ўзининг ички атамалари ва номланишларини ўзбек тилига таржима қилиб беришни сўраб, Жумҳурият атамақўмига мурожаат қилди, холос. Расмий ҳужжатлар батамом рус тилида ёки чала ўзбек тилида тузиляпти, суд ва нотариал идоралар марказдан қандайдир кўргазмалар кутяпти.

Давлат тили тўғрисидаги Қонунни тўла ва изчил бажариш учун қуйидаги энг долзарб тадбир-чораларни амалга ошириш керак:

1. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси жумҳурият Олий Кенгаши ва Нозирлар Кенгаши ҳузурида миллий тиллар ва миллий муносабатлар бўйича тузилган комиссиялар ишини жонлантириш. Атамашунослик Қўмитасини «Миллий тиллар ва атамалар» қўмитасига айлантириш зарур. Бу обрўли ташкилотларни зарур миқдорда ходимлар билан таъминлаб, ҳар бирининг вазифасини аниқлаб, чегаралаб бериш лозим. Ана шунда нозирликлар, қўмиталар ва бошқармаларнинг вилоятлар ижроқўмлари ва турли комиссияларнинг ҳисобот ҳамда таклифларини эшитиш ва зарур қарорлар қабул қилиш мумкин бўлади.

2. Ўзбекистон тилшунослари жамиятини тузиш керак.

3. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтидан тилшунослик соҳасини ажратиб, алоҳида тилшунослик институти очишни тезлатиш зарур. Тилшунослик институтининг асосий фаолияти Давлат тили ҳақидаги қонунни ва у бўйича тузилган Давлат Программасини бажаришни назорат қилиш ва ёрдам беришга қаратилиши шарт. Бунинг учун институт бутун илмий-тадқиқот ишларини Қонун асосида қайта кўриб чиқиши даркор. Биринчи галда ўзбек адабий тили услубияти устида ва ўзбек тилининг назарий масалалари устида ишлашга (бу борада ўзбек тилшунослиги рус ва ғарбий Оврўпа тилшунослигидан 30−40 йил орқада қолган) институт ва олий ўқув юртлари тил кафедралари олимларининг диққатини жалб этиш зарур.

Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг 27-моддаси «Давлат тилига ва бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади». Агар шундай хатти-ҳаракатлар содир бўлса. «…амалдаги қонунлар асосида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», дейилган. Қонуннинг 28-моддасида «…раҳбарлар ўзларига тобе соҳа доирасида ушбу Қонун талабларига риоя қилинишига шахсан жавобгардирлар», деб кўрсатилган. Аммо ҳозиргача бирор прокуратура ёки суд, нозирлик ёки бошқарма қонунни бузаётган бирор раҳбарни огоҳлантиргани йўқ. Келгусида бу хусусда жиддий чора-тадбирлар кўриш лозим.

Хуллас давлат тили ҳақидаги қонунни амалга ошириш аввало раҳбарий ташкилотларга, сўнгра шу қонуннинг қабул қилинишида жонбозлик кўрсатган фуқароларнинг фаол ҳаракатига боғлиқдир.

Ўзбекистон ССР Фанлар академияси мухбир аъзоси, жумҳурият Атамашунослик қўмитаси раиси Ғанижон Абдураҳмонов.