Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида разведка ва махсус бўлинмалар ўртасида ўтказилган «Кембрия патрули» халқаро танловида Ўзбекистон ҳарбийлари иккинчи ўринни эгаллади, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Мусобақада ғалаба Британия жамоасига насиб этди, Покистон терма жамоаси кучли учликни якунлади.

Мусобақа конкурсларидаги йўналиш 90 км масофадаги турли даражадаги мураккаб шартлардан иборат бўлиб, ҳар 8−10 кмда бир нечта жанговар топшириқлар бажарилди.

Шунингдек, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланган ҳолда 3 км масофадаги зарарланган ҳудуддан ўтиш, жойни разведка қилиш ва тоғ дарёсини кесиб ўтиш, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жароҳатланганларни турли йўллар билан эвакуация қилиш, мина тўсиғидан якка ва гуруҳ таркибида ўтиш, душман обектига босқин уюштириш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби шартларда ҳарбий хизматчилар ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.


Бундан ташқари, жамоаларга 8 та кутилмаган «тест сюрприз» топшириқлари ҳам берилди. Унга кўра, хорижий давлатлар қуроллари ва ҳарбий техникаси турларини аниқлаш, симуляция ва алоқа ускуналари ёрдамида артиллерия оловини йўналтириш, ҳарбий топография меъёрларни бажариш, Женева конвенсияси бўйича тест топшириш, разведка бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тузиш, алоқа тайёргарлиги бўйича меъёрларни бажариш, бажарилган тадбирлар бўйича ва кейинги топшириқларни бажаришга шайлиги бўйича билдирув бериш жараёнлари ўтказилди.

«Кембрия патрули» халқаро мусобақасида дунёнинг жами 24 та давлатидан 144 та жамоалар иштирок этди. Жумладан, унда мезбон Буюк Британия, Ўзбекистон, Косово, Греция, Ирландия, Германия, Латвия, Франсия, Гана, Италия, Ҳиндистон, Полша, АҚШ, Швейсария, Литва, Нидерландия, Уелс, Непал, Шотландия, Австралия, Покистон, Мексика, Албания, Чили, Қозоғистон, Янги Зеландия Қуролли Кучлари разведка ва махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоалар ўзаро баҳс олиб борди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси мазкур мусобақанинг 2019 йилги баҳсларида 1-ўринни, 2020−2021 йилларда эса 2-ўринни банд қилган.