Жума куни Ўзбекистон Марказий банки Бошқаруви асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилишни бир ҳафтага — 20 октябрдан 27 октябрга кўчиришга қарор қилди, деб хабар қилди регулятор матбуот хизмати.

МБнинг қайд этишича, халқаро молия ташкилотлари томонидан жаҳон ва савдо ҳамкорлардаги иқтисодий истиқболлар бўйича янгиланган прогнозлар ва 2022 йилнинг III чораги бўйича Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари октябрь ойининг иккинчи ярмида эълон қилинади.

«Ишлаб чиқилаётган макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларда ушбу янгиланган кўрсаткичлар асос бўлишини инобатга олиб, Марказий банк асосий ставкасини кўриб чиқиш ва Пул-кредит сиёсати асосий йўналишлари концептуал лойиҳасини тасдиқлаш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги таянч йиғилиши жорий йилнинг 27 октябрида ўтказилиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Бу ставкаларни кўриб чиқиш йиғилишининг бир йил ичида иккинчи марта кечиктирилишидир. Март ойи бошида, Россиянинг Украинага бостириб киришидан икки ҳафта ўтиб, Марказий банк «йирик савдо ҳамкорлари иқтисодиётидаги ўзгаришларни баҳолаш учун қўшимча таҳлил ўтказиш зарурати» туфайли ўз йиғилишини кейинга қолдирган эди.

Ўтган ойда Марказий банк асосий ставкани 15 фоиз даражасида сақлаб қолди. Регулятор келгуси ойларда нархларга юқори таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хатарларнинг мавжудлигини эълон қилди. Бироқ Марказий банк йил якуни бўйича инфляция прогнозини ўзгартирмади.