3 октябрь куни ҳукуматнинг [559-сонли] қарори билан «Олий таълим ташкилотларида масофавий таълим шаклини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Олий таълим ташкилотларида бакалавриат ва магистратура босқичларида масофавий таълим орқали кадрларни тайёрлашни ташкил этиш тартиби белгиланди. Бунинг учун таълим ташкилотида қуйидагилар бўлиши талаб этилади:

  • масофавий таълимни бошқариш учун «Learning Management System» платформаси;
  • интернетга уланиш ва фойдаланиш учун ахборот-коммуникация инфратузилмаси;
  • ўқув йили учун мўлжалланган ўқув контенти;
  • фанларнинг электрон ўқув-методик мажмуалари ҳамда илмий ва ўқув адабиётларининг электрон базаси;
  • компьютер техникаси билан жиҳозланган алоҳида бино ёки аудиториялар;
  • техник ва дастурий компонентлар ишлашини таъминлайдиган муҳандис-техник ходимлар;
  • таълим ташкилотига тегишли бўлган, мамлакат ҳудудида жойлашган сервер қурилмаси;
  • таълим ташкилоти тўғрисидаги барча ахборотлар жойлаштирилган расмий веб-саҳифа.

Масофавий таълим жорий этиш мумкин бўлмаган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ҳар йили 1 апрелгача эълон қилинади. Мазкур таълим асосида кадрлар тайёрлашда бир бакалавриат таълим йўналиши 300 нафар, бир магистратура мутахассислиги 30 нафар талабадан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Бунда мазкур талаб ахборот-коммуникация технологиялари йўналишларига татбиқ этилмайди. Шунингдек, талабалар сонини аниқлашда хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар ҳисобга олинмайди.

Масофавий таълимда ўқишга қабул қилинган талаба ўқув жараёни бошланишидан аввал — LMS платформасида рўйхатдан ўтиш учун ОТМга келиши шарт. Шунингдек, ️ҳар семестр якунида — якуний назорат топшириш ўтиш учун ҳам муассасага бориши керак.

Шунингдек, якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий ва магистрлик иши ҳимояси бевосита олий таълим ташкилотида анъанавий тарзда амалга оширилади, уларни синхрон ёки асинхрон режимида қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Масофавий таълим шакли тўлов-контракт асосида амалга оширилади.