Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида ««Орол балиқларидан 99 тур таомлар» гастрономик фестивали ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Фестивал Қорақалпоғистон, хусусан Мўйноқ туманининг ўзига хос гастрономик туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ҳудудда маданий ва кўнгилочар тадбирлар сонини кўпайтириш ва бу орқали ҳудудга ташриф буюрувчи маҳаллий ҳамда хорижий туристларнинг сонини янада кўпайтириш мақсадида ташкил этилди


Фестивалда Қорақалпоғистоннинг барча туманларидан келган маҳоратли ошпазлар томонидан тайёрланган «Бес бармақ», «жугери гуртик», «Ақсаулақ», «Турама», «Маек борек» ва балиқдан тайёрланган «Балиқ қарма», «Илонбалиқдан котлетлар», «Балиқ сорпа», дўлма, палов каби 120 дан зиёд таомлар намойиш этилди.


Тадбир давомида, шунингдек, маҳаллий ошпазларнинг балиқ таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, ошпазлар ўртасида беллашув, маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазмалари, миллий эстрада ва фольклор ижрочилари, миллий рақс ансамбли томонидан концерт дастури ва бошқа кўнгилочар тадбирлар намойиши ва мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек, гастрономик фестивал меҳмонларига турли-туман балиқ таомларидан тотиб кўриш имконияти берилди.