Фарғонада ички ишлар органлари ходимлари бир неча киши гувоҳлигида (терговчилар ва фуқаролар) бир айбланувчини калтаклаб, бўғишга ҳаракат қилгани тасвирланган видео тарқалди, дея ёзмоқда блогер Олимжон Ҳайдаров.

Видеода икки нафар ИИО ходими хонада бир неча одамларнинг кўз ўнггида бир кишига қўполлик қилиб, уни ураётганини кўриш мумкин. Ходимлардан бири фуқаронинг бўйнидан бўғган, бири эса тепиб, юзига тарсаки туширган.

Орада бошқа одамларнинг ажратишга ҳаракат қилишига қарамай, ходимлар яна фуқарони бўға бошлаган. Хонага бошқа одамлар кириб кела бошлаганидан кейин жанжал якунланган.

Тармоқларда ушбу ҳолат Фарғона вилоят Ёзёвон туманида содир бўлгани, тасвирдаги ходимлар эса ИИБнинг тезкор ходими ва участка нозири эканлиги айтилмоқда. Ҳолат бир неча ой аввал бўлгани, икки ходим эса айбсиз деб ҳам топилгани қайд этилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 2021 йилнинг 14 июль куни Фарғона шаҳри Ички ишлар бўлимида содир этилган. Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ЖКнинг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда 2021 йил 2 декабрда мазмунан кўриб чиқишлик учун суд органларига юборилган.

Мазкур жиноят иши жорий йилнинг 23 август куни Фарғона вилояти ЖИБ суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, ходимларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деб топилган ва оқлов ҳукми чиқарилган, деди Шоҳрух Ғиёсов.