Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан боғлиқ яна бир аудиоёзув тарқалди. Унда ҳам аввалги аудиода бўлгани каби куракда турмайдиган сўзлар эшитилган.

Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, Тўра Боболов ҳамда Қизириқ туманининг собиқ ҳокими Илҳом Юсупов, тумандаги кластер вакилининг суҳбати 2022 йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган. Аудио эса суҳбатдан кесиб олиниб, бошқа овозлар қўшилган ҳолда монтаж қилинган.

«Илгари Қизириқ тумани сендан кўра юз карра яхши эди. Тўртта тракторингни к*****га тиқиб қўй, оғайни. Сен Россияда ишлаётганинг йўқ, бу Сурхондарё. Бу Бухоро, Самарқанд, Андижон ёки Фарғона ҳам эмас. Кўп ғўддайма, ҳароми ишларни қиляпсан. Ч***б қўйяпсан, қўпол қилиб айтганда. Билиб қўй, хафа бўлиб ўтирма, оёғим етади, пачағингни чиқариб ташлайман», — деди у.

Шундан сўнг, мутасаддилар кластернинг ҳудуддаги самарадорлиги, деҳқончилик ишлари учун техника етишмаслиги ва бошқаларни муҳокама қилишган.

Ёзувнинг 2:07—2:10 вақт оралиғида куракда турмайдиган сўзлар эшитилган, лекин овознинг оҳанги ва баландлиги кескин ўзгариб турган. Ҳокимлик бу иборалар вилоят ҳокимига тегишли эмаслигини, гувоҳлар буни тасдиқлаши мумкинлигини таъкидлади.

Ҳокимликнинг изоҳ беришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги «Сурхондарё вилоятида замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Қизириқ туманида хорижий инвестициялар иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил қилинган пахта- тўқимачилик кластери ўз мажбуриятларини бажармай белгиланган лойиҳаларни амалга оширмасдан келган.

Хусусан, туманда 2020 йилда 10,5 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган бўлса, муҳокама қилинган вақтда (2021 йил якуни бўйича) 4 минг нафар фуқаро мазкур соҳага қамраб олиниб, уларнинг 6,5 минг нафари ишсиз қолдирилган. Бунинг оқибатида туманда хорижий давлатларга иш излаб кетганлар сони ошган.

Шунингдек, кластер томонидан 2022 йил баҳорги дала ишларида қатнашиши белгиланган 262 та чопиқ трактори ва култиваторлар ҳамда 102 та чигит экиш сеялкаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

«Вилоят ҳокими юқоридаги ҳолатларни таҳлил қилиш жараёнида асабий ҳолатда қўпол сўзлар ҳам ишлатиб юборган (аудиоёзувнинг 2:07-дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган ҳолат бундан мустасно). Ушбу муҳокамалардан сўнг кўтарилган муаммоли масалалар бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган», — дейилади хабарда.

Ҳокимлик ҳудуд ривожи учун жон куйдираётган вилоят ҳокимининг овозини ёзиб олиб, монтаж қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали уни ёмонотлиқ қилишдан, раҳбарият кўзига ёмон кўрсатишга уринишдан кимлардир манфаатдор бўлиши мумкинлигини қайд этди.

«Тасаввур қилайлик, бир оила бошлиғи фарзандини оила учун бирон муҳим ишнинг уддасидан чиқолмай уни орқага тортгани учун жаҳл устида койиди. Худди шундай, беш ёки ўн эмас, қарийб уч миллион кишининг манфаатини таъминлашга масъул раҳбар ҳам вақтида амалга оширилмаган иш учун жиддий толиққани сабаб беихтиёр масъулларга қаттиқ гапириб юборган бўлиши мумкин. Бу сўзларни монтаж қилиб, тармоқда тарқатиш билан шуғулланиш орқали раҳбарнинг ишчанлик қобилиятига таъсир этмоқчи бўлаётганлар ўзларини бугунги ислоҳотларга хайрихоҳ шахс, дея аташга ҳақли эмаслар, бизнингча», — дейилади ҳокимлик баёнотида.

Бундан ташқари, ҳокимлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига монтаж қилингани аниқ сезилиб қолган бу аудиоёзувни тарқатган кимсалар ҳаракатида ғаразли ниятлар борлигини маълум қилиб, бундан тўғри хулоса чиқаришларини, чалғимасликларини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тармоқларда Тўра Боболов Ангор туман прокурорини ҳақорат қилгани акс этган аудио тарқалганди. Унда ҳоким прокурорга вазифаларини бажармагани, қолаверса, ташкилотларга нисбатан жиноят иши очгани учун танбеҳ берган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги ва Бош прокуратура муносабат билдирганди.