Самарқанд шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилган IV Марказий Осиё очиқ чемпионатида умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси 79 та медал — 25 та олтин, 27 та кумуш ва 27 та бронза медални қўлга киритиб, ғолиб чиқди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Иккинчи ўрин 3 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медали билан Туркманистон жамоасига, учинчи ўринда 3 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медали билан Қирғизистон жамоасига насиб этди.

Самарқанд биринчи марта енгил атлетика бўйича Марказий Осиёнинг очиқ чемпионати ўтказиладиган шаҳар бўлди. Халқаро мусобақада 11 та давлатдан 300 дан ортиқ спортчи иштирок этди.

Халқаро мусобақалар доирасида енгил атлетиканинг 41 та йўналиши бўйича жами 56 та совринлар тўплами ўйналди. Уларда иштирок этиш ҳар бир спортчига ўзининг шахсий натижаларини яхшилаш ва World Athletic рейтинг тизимидаги ўрнини ўзгартириш имкониятини берди.

Самарқандлик Шарифа Давронова учталик сакраш йўналишида 13,81 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Шарифа иккита — U18 ва U20 ёш тоифасида жаҳон етакчиси ҳисобланади.

Эркаклар ўртасида учталик сакраш бўйича ҳам Ўзбекистон пешқадамликни сақлаб қолди — Ислом Сибагатуллин 15,65 метр натижа кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллади.

Тўсиқлар билан 3000 метрга югуриш бўйича U18 ва U20 ёш тоифаларида Дилшода Усмонова Ўзбекистон бўйича янги рекордни ўрнатди, у ушбу масофани 10:40,43 вақт мобайнида югуриб ўтиб, ўзининг аввалги рекордини 0,06 сонияга яхшилади.

Аёллар ўртасида баландликка сакраш мусобақасида Барно Сайфуллаева биринчи ўринни эгаллади. Очиқ чемпионат доирасида у 1,83 м баландликка сакраб, ўзининг шахсий рекордини қайд этди, ва бугунги кунда у Осиё қитъасида ўзининг 18 ёшгача бўлган ўсмирлар тоифасида етакчи деб ҳисобланади.

Эркаклар ўртасида баландликка сакраш йўналишида Амир Нагаев 2,13 м натижага эришиб, спорт устаси меъёрини бажариб, биринчи ўринни эгаллади.

Енгил атлетика бўйича IV Марказий Осиё очиқ чемпионатининг ўтказилиши 2023 йил баҳорида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида енгил атлетика бўйича V Осиё чемпионатига яхши тайёргарлик бўлди.

Фото: