Душанба куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Музокаралар якунлари бўйича имзоланган протокол чегаранинг айрим участкалари бўйича янги келишув лойиҳасини келишиш жараёнини бошлаш имконини беради, деб хабар қилди Қирғизистон вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати.

Баённомани Бишкекда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Қамчибек Ташиев имзолади.

Ўзбекистон делегацияси.

Ўзбекистон делегацияси таркибига Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Салимжон Хусанов, транспорт вазири Илҳом Махкамов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев, Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва бошқалар ўрин олди.

Абдулла Арипов Ўзбекистон томонининг Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини келишишда тўлиқ қатъиятли эканини тасдиқлади.

«Икки республика ҳукумат делегациялари Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг қолган участкаларини мувофиқлаштириш бўйича қаттиқ меҳнат қилиб, машаққатли ишларни амалга оширди. Ишончим комилки, делимитация жараёнининг якунланиши азалий дўстлигимиз ва чинакам қардошлик муносабатларимиз дахлсизлигини яна бир бор тасдиқлайди», — деди у.

Қамчибек Ташиевнинг айтишича, шартнома лойиҳаси тез орада икки давлат президентлари томонидан имзоланиши учун тайёрланади.

«Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласини якунлаш бўйича тарихий миссиямиз бор. Бу, бир томондан, юксак шараф, иккинчи томондан, катта масъулият… Бугун Қирғизистон ва Ўзбекистон яқин қўшни, ҳақиқий дўст ва стратегик шерикдир. Қирғизистон Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, минтақалараро, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга тўлиқ тайёр», — деди у.

Ўзбекистон бош вазири Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашиб, унинг якунлари чегарани делимитация қилиш бўйича ҳуқуқий жараённи тезроқ якунланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Томонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка бўлажак давлат ташрифини ҳам муҳокама қилдилар.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Ўзбекистон билан чегара линиялари аллақачон аниқлангани, уларни қоғозда тузатиш ва расмийлаштириш қолганини бир неча бор таъкидлаган эди. Давлатлар чегара масалаларини муҳокама қилишни жорий йил охиригача якунлаш ниятида эди.