Қирғизистон ва Тожикистон яна бир бор ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилди, бироқ мамлакатлар чегарасида вазият кескинлигича қолмоқда.

Қирғизистон

17 сентябрга ўтар кечаси Қирғизистон чегара хизмати Тожикистон томонидан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув вақтида Боғдари қишлоғида Тожикистон фуқаролари ўз уйларига ўт қўйишни бошлагани ҳақида хабар берди. Ташкилот маълумотларига кўра, «бундай ҳаракатлар Қирғизистон томонини уларнинг уйларини вайрон қилганликда яна айблаш мақсадида атайлаб уюштирилган провокациядир».

Шанба куни, кундузи Қирғизистон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини хабар қилди, бироқ кейинроқ Тожикистонни келишувни бузганликда ҳамда бир неча бор Боткен вилоятининг Достук қишлоғи, Паски Ариқ аҳоли пунктида, Боткег туманининг Паски Ариқ аҳоли пункти, Достук қишлоғи, Боткен туманининг Торт-Кочо ҳудудидаги ИИВ ички қўшинлари позиция ва бўлинмалари миномётлардан, шунингдек, Ўш вилоятининг Чон-Олой туманидаги Тешиктош, Карамик ва Кароол-Добо қишлоқларидаги қирғиз чегарачиларини артиллерия ускуналаридан ўққа тутганликда айблади.

20:17 да Қирғизистон ўт очиш тўхтатилгани ҳақида хабар бериб, чегара идоралари вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтишини эълон қилди.

Мамлакат президенти Садир Жапаров Қирғизистон халқига мурожаат қилиб, «Ўз яқинларини йўқотган, бир метр ҳам еримиздан айрилмаган, ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчини адо этган барча ватандошларимизга ҳамдардлик билдираман», — деди. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.

Давлат раҳбари қуролли тўқнашувда нафақат Қирғизистон фуқаролари ҳалок бўлганини, балки «Тожикистон томони ҳам катта йўқотишларга учраганини» таъкидлади.

«Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, чегарадаги барча баҳслар низолар билан кечган ва йўқотишлар муқаррар бўлганини кўрамиз. Лекин, нима бўлганда ҳам, ота-боболаримиздан мерос қолган бир квадрат метр еримизни ҳам бошқаларга бермаймиз. Биз миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиламиз!» — деди у.

Президент Ўзбекистон билан чегара линиялари аниқланганини, уларни қоғозга ёзиб, расмийлаштириш қолганини таъкидлади.

«Қирғиз-тожик чегарасини делимитация қилиш масаласи эса кун тартибида қолмоқда. Тарихдан маълумки, чегара масаласи катта эътибор ва сабр-тоқатни талаб қиладиган мураккаб масала. Аммо биз қирғиз-тожик можаросини имкон қадар тезроқ ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда бир дақиқа ҳам тўхтаб қолмаймиз», — деб ишонтирди у.

Давлат раҳбари матбуот хизмати президент Администрацияси ва бошқа давлат идоралари ходимлари бир кунлик маошларини фавқулодда ҳолат режими жорий этилган Боткен вилояти аҳолисига ёрдам бериш учун ўтказишини маълум қилди.

Қирғизистон томони 24 киши ҳалок бўлгани, 129 киши яралангани ҳақида хабар бермоқда. Аввалроқ Боткен вилоятининг чегара ҳудудларидан 136 минг аҳоли эвакуация қилингани ҳақида хабар берилганди. Ўш вилоятининг Чон-Олай туманидаги Жекенди қишлоғидан яна 5034 киши эвакуация қилингани арафасида маълум бўлди.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Боткен вилоятида қарийб 10 та хонадон электр таъминотисиз қолган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги ҳарбий тўқнашувлар харитаси. Манба: АКИpress

Тожикистон

Шанба куни эрталаб Тожикистон чегара хизмати Қирғизистонни ўт очишни тўхтатиш талабини бузганликда айблади. Чегара хизмати маълумотларига кўра, Қирғизистон томони чегара ҳудудларини турли қуроллардан ўққа тутган.

«Шу билан бирга, чегарада Қирғизистон қуролли кучларининг қўшимча ҳарбий кучлари ва воситаларини жойлаштириш ҳамда жанговар позицияларни мустаҳкамлаш кузатилмоқда, бу эса қирғиз ҳарбийларининг вазиятни беқарорлаштириш мақсадида навбатдаги провокацион ҳаракатларига тайёрлигини кўрсатади», — дейилади хабарда.

Тожикистон икки қўшни давлат чегарасида хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш тарафдори экани, барча саъй-ҳаракатларини музокаралар олиб бориш ва можарони дипломатик йўллар билан ҳал қилишга йўналтиришини таъкидлади.

Икки соатдан сўнг чегара хизмати Қирғизистон ИИВнинг 707-сонли ҳарбий қисм командири Боткен тумани Коктош қишлоғидаги Гани номидаги мактабнинг собиқ биносида жойлашиб, ўқ отишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув талабларига зид равишда ўзбошимчалик билан Исфара шаҳри Сомониён маҳалласи ва «Исфара» чегара отряди «Душанбе» чегара пости (застава)ни барча турдаги қуроллардан ўққа тутишга топшириқ берганини маълум қилди.

Тожикистон томонининг фикрича, «бу ҳолат алоҳида қўмондонларнинг Қирғизистон Қуролли кучлари марказий штабига бўйсунмаслигидан далолат беради».

Бироз вақт ўтгач, чегара хизмати Қирғизистон «Лахш» чегара отрядининг «Сарҳадчи» чегара пости йўналишида барча турдаги оғир қуроллардан ўт очгани ҳақида хабар берди.

Чегара хизмати, шунингдек, қирғиз ҳарбийлари Ўш вилоятининг Чон-Олай туманидан «Град» ҳарбий техникаси орқали Лахш тумани Тожварон қишлоғи аҳолисининг уйларига ўқ узганини маълум қилди. Оқибатда ушбу қишлоқнинг 4 нафар фуқароси жабрланган, 3 та уй вайрон бўлган.

Тожикистон қурбонлар сонини ҳали расман эълон қилмаган. Аммо ОАВда 7 киши ҳалок бўлгани, 14 дан ортиқ кишининг жароҳатлангани айтилди.

«Азия-Плюс» нашри Тожикистоннинг Исфара шаҳридаги «Чоркуҳ» жамоаси вакилларига таяниб, оиланинг беш аъзоси, жумладан, икки бола ва ҳомиладор аёл ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

«Қирғиз ҳарбийлари томонидан отилган снаряд турар-жой биносига келиб тушди. Жабрланганларни касалхонага олиб кетмоқчи бўлганида, қирғиз ҳарбийлари тез ёрдам машинасини гранатомётдан ўққа тутди. Натижада автомобиль бутунлай ёниб кетган, тез ёрдам экипажи ва барча оила аъзолари: 53 ёшли аёл, унинг 29 ва 25 ёшли келинлари, улардан бири ҳомиладор, 6 ёшли қиз ва 5 ёшли болакай ҳалок бўлди», дейилади хабарда.

Халқаро реакция

Тожикистон томони, жумладан, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ва президенти вазиятга изоҳ бермаяпти, халқаро сиёсатчилар ва ташкилотлар билан музокаралар тўғрисида маълум қилгани йўқ.

Қирғизистон томони эса ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау, шунингдек, ЕХҲТ бош котиби Ҳелга Шмид, Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сиярто билан телефон орқали мулоқот қилди. Улар инқирозни дипломатик йўл ва тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлигини билдиришди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистон ва Тожикистон раҳбариятини узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш учун мулоқот бошлашга чақирди.

«Иккала томон ҳам кескинликни юмшатиш учун жойлардаги мавжуд механизмлардан тўлиқ фойдаланиши керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонларнинг сўрови бўлса, чегарадаги келишмовчиликларга барқарор ечим топишда ёрдам беришга тайёр», — дейилади БМТ бош котиби вакилининг хабарида.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниёзалиев хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари учун ўтказилган брифингда Душанбе томонидан жангларда «мунтазам бўлмаган ҳарбийлаштирилган бўлинмалар» қатнашганини айтди.

«Ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳамда Қирғиз Республикасининг суверен ҳудудини Тожикистон қуролли кучлари ва мунтазам бўлмаган ҳарбийлаштирилган гуруҳларнинг маккор ва фитнакор босқинидан ҳимоя қилиш мақсадида Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қатъий чоралар кўрилди», — дейилади учрашувда.

Қирғизистон ва Тожикистонни ўз ичига олган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти можарони «тинч йўл билан музокаралар столида» ҳал этиш тарафдори эканини билдирди.

КХШТ бош котиби Станислав Зас ва Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев телефон орқали суҳбат чоғида «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш муҳимлигини қайд этиб, куч ишлатиш ва оғир қуроллардан, жумладан, артиллерия ва бараварига ўқ отиш реактив тизимидан фойдаланишни қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблади». Можаро фақат тинч йўл билан ҳал қилиниши керак, деди томонлар.

КХШТ котибияти ҳарбий вазиятни ҳал қилиш бўйича ҳозирча бошқа чоралар кўрмади.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) ҳарбий амалиётлар чоғида тинч аҳолининг тасодифий қурбонлари, тинч аҳолининг жароҳатланиши ва фуқаролик объектларига зарар етказилишининг олдини олиш учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади. «Халқаро инсонпарварлик қонунчилигига риоя қилиш қуролли можаро иштирокчиларининг масъулиятидир», — дея ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари Сангита Коениг сўзларидан иқтибос келтиради матбуот хизмати.

Чегарадаги можаро

Боткен вилояти Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош энг чекка ҳудудидир. Вилоят ҳудудида еттита анклав (бир давлатнинг бошқа давлат билан ўралган ҳудудлари) мавжуд ва ушбу қуролли можаро минтақадаги иккинчи йирик Ворух анклави яқинида бошланган, деб ёзади BBC. У ерда 35 минг Тожикистон фуқароси истиқомат қилади.

Фото: BBC.

Бу ҳудуддаги барча қишлоқлар қирғиз аҳоли пунктлари ва экин майдонлари билан ўралган. Ворух яқинидаги таърифланмаган ҳудудлар туфайли маҳаллий аҳоли ва чегарачилар ўртасида тез-тез низолар келиб чиқади.

Бу участкада тўсиқлардан бири Тожикистоннинг асосий ҳудуди ва Ворухни боғловчи йўлдир. Илк совет хариталарига кўра (Қирғизистон ва Тожикистон чегараларни делимитация қилиш бўйича музокараларда турли йиллардаги хариталарга таянади) бу йўл Тожикистон ССР ҳудудига тегишли бўлган, кейинги хариталарга кўра эса аллақачон Қирғизистон ССР ҳудуди ҳисобланади.

Йўлнинг ушбу қисми Лейлек туманидан Боткен туманига элтадиган ягона йўл ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳозирча вазиятга муносабат билдирмаган. Таққослаш учун, 2021 йил апрелида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз-тожик можаросига зудлик билан жавоб қайтарган ва эртаси куни президент Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказган эди.