Июнь ойида видеоси интернетда тарқалган аёлга нисбатан ҳукм чиқарилди. Ўшанда у касалхонада ётоқда ўтирган ҳолатда ёш боласини калтаклаган эди. Ҳодиса Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида содир бўлиб, аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди аёлни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а», «в» бандларида (ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган ҳолда вояга етмаган шахсни қийнаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва у 2 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Аниқланишича, бола 1-гуруҳ ногирони бўлиб, аёл ўша пайтда стресс ҳолатида бўлган. Суд мажлисида у қилмишидан пушаймон эканлигини маълум қилган ва кечирим сўраган.

Аёлнинг қайнонаси ушбу видеони кўриб ухлай олмаганини айтиб, келинини оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишларини сўради.

Болани калтаклаш лаҳзасини видеога олган гувоҳнинг айтишича, судланувчи касалхонада ётганида боласини мунтазам равишда калтаклаган.

Эслатиб ўтамиз, болалар омбудсмани Алия Юнусова ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, у таниқли саноқлилардан бири эканлигини таъкидлаган эди.

«Афсуски, жамиятда бефарқлик кайфиятининг борлиги сабаб, болаларга нисбатан қилинаётган зўравонлик ҳолатларига қўл силтаб, „менга нима“ қабилида иш кўрадиганлар ҳам йўқ эмас. Мазкур Самарқанд вилоятидаги шифохонада содир бўлган ҳолатни олсак, палатада она боладан ташқари камида икки нафар шахс бор эди. Уларнинг шовқинини касалхона ходимлари ва шифокорлар эшитишмадими? Нега дарҳол болани она қўлидан тортиб олиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмади?» — деб ёзганди болалар омбудсмани.

У давлат болаларни зўравонлик ва куч билан «тарбиялайдиган» ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлишидан огоҳлантирди.